Янги йил арафасида кўп ташкилотлар ўз ходимларига, уларнинг фарзандларига, бизнес бўйича ҳамкорларига совғалар беришади. Ушбу қувончли лаҳзалар директор ва бош бухгалтер учун муаммо бўлмаслиги учун buxgalter.uz Ўзбекистондаги бухгалтерлик порталининг йўриқномасидан фойдаланинг.
Шундай қилиб...
1. Совғаларингизнинг сони, қиймати ва етказиб берувчисини аниқлаб олганингиздан кейин, раҳбар харид қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши керак. Унда – совғаларни харид қилиш учун қанча пул маблағлари суммаси ажратилганлиги ва айнан ким уларни сотиб олиш ва тарқатишга жавобгарлиги айтиб ўтилиши керак.
2. Агар сиз ходимларга ва уларнинг фарзандларига совға берсангиз, тарқатиш қайдномасини совғаларнинг сони ва қийматини кўрсатган ҳолда расмийлаштиринг. Ходимлар уларни олганликлари ҳақида имзо қўйишлари лозим.
3. Агар сиз ташкилотда ишламайдиган шахсларни – иш ҳамкорларингизни, ўзингизнинг жисмоний шахс бўлган таъсисчиларингизни ёки пенсияга чиққан собиқ ходимларингизни қутласангиз, бундай олувчилар рўйхатини тузинг ва уни ҳам буйруққа илова қилинг. Бунда сизга ЖШДС ва ЯИТ бўйича ҳисоботларни тўлдириш учун уларнинг СТИР ва ШЖБПҲ керак бўлади.
4. Совғалар тарқатилгандан кейин, уларни сотиб олиш ва тарқатишга жавобгар бўлган шахс ихтиёрий шаклда тузилган ҳисоботни бухгалтерияга тақдим этиши лозим. Унга совғаларни сотиб олиш ва топшириш билан боғлиқ барча ҳужжатларни илова қилинг.
5. Юқорида келтирилган ҳужжатлар асосида совғаларни корхона балансидан ҳисобдан чиқаринг, уларнинг қийматини жисмоний шахслар-олувчиларнинг жами даромадларига киритинг, ЖШДС солинг ёки имтиёзни қўлланг. Ушбу барча ҳаракатларнинг ўзига хос ва муаммоли жиҳатлари бўлиши мумкинлигини ёдда тутинг.
1-ВАЗИЯТ – ходимларга совғалар
Баъзан совғаларни ташкилотнинг касаба уюшма қўмитаси харид қилади. Агар бу аъзолик бадаллари ҳисобига амалга оширилган бўлса, совғалар қиймати ходимларнинг даромади бўлмайди (СК 171-м. 2-қ. 2-б.). Агарда бу мақсадлар учун сиз касаба уюшмасига корхона маблағларини ўтказсангиз, бу ҳолда совғалар қийматига жисмоний шахслар-олувчиларнинг даромади сифатида қаралади.
Корхонадан совғалар – бу ходим учун моддий наф тарзидаги даромад (СК 177-м. 1-қ. 2-б.).
Бир солиқ даври мобайнида ходимлар томонидан юридик шахсдан МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача қийматда олинган натура (пулсиз) шаклдаги совғаларга солиқ солинмайди (СК 179-м. 14-б., 3.12.2019 йилдаги ЎРҚ-586-сон Қонуннинг 41-моддаси 7-банди таҳририда). 2019 йилда бу сумма бир йил учун: (202 730 х 2,847) х 2,11 = 1 217 834 сўмни ташкил этади.
Агар бир йил мобайнида ходимларга берилган совғалар суммаси МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача бўлган чегарадан ошса, ошган суммага ЖШДС солиш керак.
Бу муҳим
Агар совғалар декабрда берилган бўлса, 2020 йилнинг 6 январига қадар солиқни тўланг (СК 188-м 1-қ. 3-х.).
Ҳар қандай миқдордаги совғалар суммасига ЯИТ солинмайди, сабаби меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланмайди.
Солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади
Солиқ ҳисоботи шаклларида (2-илова, АВ рўйхат рақами 3126, 21.01.2019 й.) жисмоний шахсларга янги йил совғалари ЖШДС ва ЯИТ ҳисоб-китобида қуйидагича акс эттирилади:
● ходимнинг даромади сифатида – Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида, Ҳисоб-китобга 6-илованинг 4-графасида;
● МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача миқдордаги совға суммасига солиқ солишдан озод этилган даромад сифатида – Ҳисоб-китобнинг 2-иловасининг 0310-сатрида. Бу ерда имтиёзлар маълумотномасидан танлаш керак: «673 – (СК 179-м.) 14-банд. Юридик шахсдан бир йил мобайнида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2,11 бараваригача бўлган қийматдаги олган совғалар қиймати...». Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида имтиёз суммаси автоматик тарзда акс этади.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўловчиларда жисмоний шахслар учун янги йил совғалари:
Фойда солиғи ҳисоб-китобининг (1-илова, АВ рўйхат рақами 3126, 21.01.2019 й.) 040-сатрида, Ҳисоб-китобнинг 050-сатрида.
Бухгалтерия проводкалари:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Счётлар корреспонденцияси
|
|
Дебет
|
Кредит
|
|
Янги йил совғалари учун ҳисобварақдан ўтказилди (100% олдиндан тўлов)
|
4310
|
5110
|
Янги йил совғалари кирим қилинди
|
1090
|
6010
|
Етказиб берувчиларга қарзни сўндириш ҳисобига авансни ҳисобга олиш
|
6010
|
4310
|
Совғалар қиймати ҳисобдан чиқарилди
|
9220
|
1090
|
Ходимларга совғаларни бериш акс эттирилди (буйруқ ва тарқатиш қайдномасига асосан)
|
4290
|
9220
|
Моддий наф тарзидаги даромадни ҳисоблаш ва совғалар қийматини ҳисобдан чиқариш акс эттирилди
|
9430
|
6731*
|
Совға кўринишида берилган авансни ҳисобга олиш
|
6731*
|
4290
|
*6700-счёт бўйича айланмаларнинг батафсил ҳисоби учун Ишчи счётлар режасига масалан, 6731-«Моддий наф тарзидаги даромадлар – совғалар» субсчётини киритиш мумкин. Ёки – жисмоний шахсларнинг турли даромадларининг таҳлилий ҳисобини юритиш мумкин, буни ҳам корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттириш зарур.
2–ВАЗИЯТ. «Ходим бўлмаганларга» совғалар
Агар сиз ташкилотингизда ишламайдиган шахсларга совғалар берсангиз (таъсисчиларга, иш ҳамкорларингизга ва ҳоказо), совға қийматига ЖШДС (СК 177-м. 2-б.) солишни ёки имтиёзни қўллашни унутманг (СК 179-м. 14-б., 3.12.2019 йилдаги ЎРҚ-586-сон Қонуннинг 41-моддаси 7-банди таҳририда).
Агар имтиёзни қўллаш имкони бўлмаса, ким солиқни бюджетга тўлаши керак? Амалиётда бундай вазиятларда совға берувчи ташкилот ушбу мажбуриятларни ўзига олади ва ўз ҳисобидан солиқни тўлайди. Бунда учинчи шахслар томонидан ЖШДСнинг тўланиши – жисмоний шахснинг даромади эмас. Бу норма 2018 йил 1 октябрдан буён амал қилмоқда (26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон қарорнинг 4-банди).
Солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади?
ЖШДС ва ЯИТ бўйича ҳисобот шаклини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Ахир моддий наф тарзидаги даромаднинг мазкур суммасини қуйидагиларда акс эттириш керак:
Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида;
Ҳисоб-китобга 6-иловада (ёйилмада) – моддий наф тарзида даромад олган барча жисмоний шахсларни (ходимларни ва ходим бўлмаганларни) СТИР ва ШЖБПҲни кўрсатган ҳолда санаб ўтиш керак. Бунинг учун олдиндан (совғаларни тарқатгунча) шундай маълумотларни олинг.
Агар ЖШДС сиз томондан ушланмаса, асосий бўлмаган иш жойи бўйича даромад олган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ДСИга тақдим этиш лозим бўлади (СК 187-м. 1-қ. 1-б.). Уларга эса ўз навбатида йил якунлари бўйича жами даромадлар тўғрисидаги декларацияни топширишларига ва мустақил равишда ЖШДС тўлашларига тўғри келади (СК 192, 193-мм.).
Юридик шахснинг совғаларга харажатлари фойда солиғини тўловчилар учун чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритилади (СК 147-м. 3-б.).
ҚҚС тўловчиларда бундай мол-мулкни харид қилишда ҚҚСни ҳисобга олиш учун ҳуқуқ йўқ, сабаби бу жисмоний шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирилмайдиган моддий наф тарзидаги даромади (СК 147-м. 3-б., 219-м. 6-б.). Тегишинча совғани топширишда солиқ солиш базаси уни реализация қилиш (чиқиб кетиши) қиймати ва ҚҚСни ўз ичига олган баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади (СК 204-м. 13-қ.). Шу тариқа, агар сизнинг ташкилотингиз мол-мулкни жисмоний шахсларга совға сифатида (текин) топшириш учун харид қилса, солиқ солиш базаси ва тегишинча, мазкур операциялар бўйича ҚҚС суммаси мавжуд эмас, яъни нолга тенг.
ЯСТ тўловчиларда жисмоний шахсларга шу мақсад учун махсус харид қилинган совғаларни топширишда бошқа даромад вужудга келмайди (СК 133-м.) ва ушбу суммалардан ЯСТ тўлаш керак эмас. Агарда совға сифатида сиз ўзингизнинг тайёр маҳсулотингизни ёки қайта сотиш учун харид қилинган товарларни топширсангиз, мазкур маҳсулот ёки товарнинг таннархига ЯСТ солиш зарур (СК 355-м. 2-қ. 1-б. 8-х.).
3–ВАЗИЯТ. Бизнес бўйича ҳамкорларингизга совғалар
Агар совғалар (тайёр маҳсулотлар, товарлар, махсус харид қилинган ТМҚ ёки асосий воситалар) юридик шахсга совға қилинса:
● совға берилаётган бизнес-ҳамкор учун – бу фойда (СК 132-м. 1-қ. 4-б., 135-м.) солиғи ёки ЯСТ солинадиган бошқа даромад олиш (СК 355-м. 2-қ. 2-б.);
● совға берувчи корхона учун – бу ҳужжат билан (СК 141-м. 2-қ.) – директор буйруғи, таъсисчи қарори билан асосланиши лозим бўлган харажат.
Совға берувчи учун:
● фойда солиғини тўловчилар учун бу харажат – чегирилмайдиган ҳисобланади (СК 147-м. 16-б.). Бир вақтнинг ўзида бу – реализация ҳам (СК 22-м.), унинг доирасида Солиқ кодексининг 130-моддаси 11-қисмини инобатга олиш лозим;
● агар совғага мол-мулк (товарлар ёки тайёр маҳсулотлар) берилса, бундай топширишга ҚҚС солинади (СК 199-м. 1-қ. 1-б.). Асосий воситаларни текин асосда топшириш истисно ҳисобланади (СК 199-м. 2-қ. 6-б.). Бунда ҳадя шартномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси, ҳисобварақ-фактура лозим даражада расмийлаштирилиши керак. Яъни бундай совғага ҚҚС солмаслик учун, бутун ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш ва уни олувчида имзолашга тўғри келади. Совғалар учун харид қилинган ТМҚни топширишда солиқ солиш базаси ва тегишинча, ҚҚС суммаси мавжуд эмас (СК 204-м. 13-қ.);
● ЯСТ тўловчилар, агар тайёр маҳсулотлар ёки товарлар топширилса, СКнинг 355-моддаси, 2-қисми 1-банди 8-хатбошисини инобатга олган ҳолда уларнинг таннархига ЯСТ солишлари зарур. Агарда совға сифатида баланс қиймати бўйича асосий воситалар топширилса, қўшимча баҳолаш суммасига бошқа даромад (СК 133-м, 355-м. 2-қ. 2-б.) ёки зарар вужудга келиши мумкин. Совғага баланс (харид) қиймати бўйича ТМҚ топширилса, чиқиб кетишидан бошқа даромад вужудга келмайди.
Солиқ ҳисоботида қандай акс эттириш мумкин?
Совға берилаётган бизнес-ҳамкорда:
умумбелгилаган солиқларни тўловчи учун – бу Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 030-сатрида акс эттириладиган бошқа даромад;
ЯСТ тўловчи учун – бу Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига (9-илова, АВ рўйхат рақами 3126, 21.01.2019 й.) 1-«Бошқа даромадлар» иловасининг 050-сатрида акс эттириш лозим бўлган бошқа даромад. 030-сатрда сумма автоматик тарзда акс этади.
Ҳадя қилувчи корхонада:
● фойда солиғини тўловчи учун – бу Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 170-сатрида акс эттириш лозим бўлган чегирилмайдиган харажат. Ҳисоб-китобнинг 050-сатрида сумма автоматик тарзда акс этади.
Топширилган маҳсулот ёки товарнинг таннархини Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида акс эттиринг. Агар асосий воситалар топширилса, бошқа даромад (қайта баҳолаш)нинг суммаси Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сон шакл, АВ рўйхат рақами 1209, 24.01.2003 й.) акс эттирилади. Мазкур даромад МНҲнинг 240-сатрида ва Ҳисоб-китобнинг 010-сатрида инобатга олинади;
● ҚҚС тўловчи учун – агар совға сифатида тайёр маҳсулотлар, товарлар ёки ТМҚ топширилса, сумма ҚҚС ҳисоб-китобига (3-илова, АВ рўйхат рақами 3126, 21.01.2019 й.) 1-«Товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан оборотлар» иловасининг 010-сатрида, шунингдек 5-илова «Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри»да акс эттирилади.
Топширилган маҳсулотлар, товарлар ёки ТМҚнинг таннархини Ҳисоб-китобга 1-илованинг 0103-сатрида кўрсатинг;
● ЯСТ тўловчи учун – агар АВни топширишда даромад вужудга келса, уни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 020-сатрида акс эттиринг.
Топширилган маҳсулотлар, товарларнинг таннархини ЯСТ ҳисоб-китобининг 025-сатрида акс эттиринг.
Татьяна ЛИМАРЕВА,
buxgalter.uz.