Буюк Британиянинг «The Economist» журнали талқинига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда «Йил мамлакати» номига муносиб, деб топилди. Бу ҳақда журнал расмий сайтида маълум қилинди.
Нашрнинг ёзишича, бу галги танловда ғолибни аниқлаш осон бўлмаган. Махсус экспертлардан иборат гуруҳ кўплаб давлатларнинг эришаётган демократик ютуқларига алоҳида эътибор қаратган. Бу борада Ўзбекистон катта ютуқларга эришаётгани тан олиниб, юртимиз «Йил мамлакати» дея эълон қилинди.
Ўзбекистонда мажбурий пахта теримининг бекор қилиниши ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар нашр томонидан юқори баҳоланган.
Хусусан, 2016 йилнинг кузидан республикада ислоҳотлар кенг миқёсда амалга оширила бошланди. Бу саъй-ҳаракатлар жадал суръатда давом эттирилмоқда, дея қайд этилган журналда.
«Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилиши, минтақадаги энг катта қамоқхонанинг ёпилиши, хорижий журналистларнинг мамлакатга киришига кенг имкониятлар яратилгани ва қўшни давлатлар билан алоқани яхшилашда қатор чегара пунктлари очилиши ушбу давлатнинг «Йил мамлакати» мукофотига лойиқ кўрилишига асосдир.
Ўзбекистон ҳали узоқ йўл босиб ўтиши лозим, аммо 2019 йилда бошқа ҳеч бир мамлакат бу қадар олдинга силжишни амалга ошира олгани йўқ», дейилади «The Economist»да.
ЎзА.