Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 52 / Паспорт масалалари

Қоидани буздингизми – жарима тўланг

 

Бошқа шаҳарлик квартирантлар ижара шартномаси расмийлаштирилгандан сўнг 14-куни паспорт столида ҳисобга турганлар. Квартирант ўз вақтида рўйхатга турмаганлиги учун жарима тўлаган.

Квартира эгаси ҳам жарима тўлаши лозимми?

Участка нозири квартира эгасини ўз вақтида квартирантларни ҳисобга қўймаганлиги учун жаримага тортишга ҳақлими?

 

– Мурожаатингиздан кўриниб турибдики, квартира эгаси квартирантларга вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйган. Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган квартира эгаси ушбу қоидаларни бузган, бу эса БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТКнинг 223-моддаси 3-қисми).

Шу тариқа, профилактика инспектори квартирантларнинг ҳисобга турмасдан яшашига йўл қўйган квартира эгасига жарима солишга ҳақлидир.

 

Асос мавжуд эмас

 

Ўз вақтида бир кишига нисбатан безорилик (кўчадаги муштлашув) учун жиноий иш қўзғатилган, белгиланган муддатга ҳукм қилинган ва амнистияга тушгач, бу иш ёпилган.

Бундай ҳолат хорижий паспорт олишда тўсиқ бўлиши мумкинми?

 

Хорижга чиқиш ва биометрик паспорт олиш ҳуқуқини чеклаш учун қуйидагилар асос бўлади:

а) шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса – иш юзасидан узил-кесил суд қарори ёки бошқа қарор қабул қилингунгача;

б) шахс суднинг ҳукми бўйича ўта хавфли рецидивист деб эътироф этилган ёки ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса – судланганлик сўндирилгунгача (олиб ташлангунгача) ёки назорат тўхтатилгунгача;

в) шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса – мажбуриятлар ижро этилгунга қадар;

г) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни тақдим этган бўлса;

д) шахсга нисбатан судда фуқаролик даъвоси билдирилган бўлса – иш юритувчи якунлангунига қадар;

е) агар шахсга нисбатан ИИВ ёки ТИВда ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижда бўлганида борган мамлакатининг қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахбороти (қонун бузилишлар рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади), шунингдек хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти мавжуд бўлса – у ҳисобга қўйилган кундан бошлаб 2 йил ўтгунгача (Низомнинг 39-банди, 26.12.2018 йилдаги ­ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова).

Юқорида санаб ўтилган чекловлардан ташқари, хорижий паспорт беришни рад этишдаги чекловлар, бошқа сабаблар бўлиши мумкин эмас.

 

Доимий прописка қилинган жой бўйича

 

Мен Тошкентда, бўлажак турмуш ўртоғим эса Урганчда пропискадан ўтганмиз. Никоҳ қайд этилганидан кейин турмуш ўртоғимнинг фамилияси ўзгарганлиги боис паспортини алмаштириши керак.

Бунинг учун у Урганчга бориши керакми ёки уни вақтинча прописка бўйича Тошкент шаҳрида ўзгартирса бўладими?

 

– Фуқаро паспорт олиш учун доимий рўйхатда турадиган ёки консуллик рўйхатида турадиган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига паспортининг амал қилиш муддати тугагач бир ойдан кечикмасдан мурожаат этади.

Фуқаронинг доимий рўйхати мавжуд бўлмаган тақдирда, паспорт олиш учун у олдинги рўйхатда турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, фуқаро паспорт олиш учун ўзи турган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин (Низомнинг 7-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга ­1-илова).

Бинобарин, турмуш ўртоғингиз Урганч шаҳрида доимий пропискадан ўтган бўлса, никоҳдан ўтганидан кейин фамилияси ўзгарганлиги сабабли паспортни алмаштириш учун фақат доимий прописка қилинган жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиши лозим.

 

Вақтинча прописка қилинган жой бўйича

 

Паспортда доимий прописка эмас, балки вақтинча прописка мавжуд бўлса, хорижий паспорт олиш мумкинми?

 

– Паспортингизда доимий прописка эмас, вақтинчалик прописка мавжуд бўлса, хорижий паспортни олиш учун вақтинчалик прописка қилинган жой бўйича миграция ва фуқаролик расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилишга ҳақлисиз (Низомнинг 17-банди, ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова).

 

Виза амал қилади

 

Бир кишининг 2 та: хорижий ва биометрик паспорти бор. Амалда қўлланилаётган паспортда хорижий давлатнинг визаси мавжуд, уни хорижий паспортга кўчириш мумкин эмас.

Биометрик паспортдаги хорижий давлатнинг визаси амал қиладими, у билан мамлакатдан ташқарига чиқиш мумкинми?

 

– Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти унинг эгасининг шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқаролари 2021 йилнинг 1 январига қадар халқаро шартномаларга мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда мамлакатдан чиқиши мумкин. Кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган давлатлар ҳудудига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда, ундаги рухсат ёзуви стикерининг амал қилиш муддати тугагунга қадар Ўзбекистондан чиқиш мумкин (16.08.2017 йилдаги ПФ-5156-сон Фармоннинг ­3-банди).

Шу боис биометрик паспортдаги стикернинг амал қилиш муддати тугагунига қадар мамлакатдан чиқиш учун ундан фойдаланишингиз мумкин.

 

Пойтахтда яшаш учун

 

14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ ўғлим Тошкент шаҳри пропискасини олди.

Мазкур рўйхатнинг 2-бандига мувофиқ у ушбу квартирага бизни – ота-онасини пропискага олиши мумкинми?

 

– Ҳақиқатан ҳам, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати (14.09.2011 йилдаги ­ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 1 ва ­8-бандлари асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Рўйхатнинг ­2-банди асосида доимий прописка қилинади (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 4-банди).

Бунинг учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

♦ ариза;

♦ паспорт;

♦ контракт бўйича ҳарбий хизматчининг ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);

♦ уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

♦ уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;

♦ никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

♦ давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Вояга етмаган шахснинг хусусий мулки бўлган уй-жой майдонига унинг қариндошларини доимий прописка қилиш унинг ота-онасининг ёки васийнинг (ҳомийнинг) розилиги асосида ҳал этилади.

 

Дубликат олинг

 

Пропискадан чиқиш варағини йўқотиб қўйдим, лекин унинг ксеронусхаси бор (вақтинча прописка қилинганман).

Уни тиклаш мумкинми?

 

– Манзилли пропискадан чиқиш варағини йўқотган бўлсангиз, пропискадан чиқаётган жойингиздаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига манзилли пропискадан чиқиш варағининг дубликатини бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 494 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика