Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 52 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Товарнинг келиб чиқишини сертификатлаш қандай ўтказилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 13.12.2019 йилдаги 994-сон қарори билан Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш Ўзбекистондан экспорт ва реэкспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш, гувоҳлантириш орқали товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш мақсадида экспертиза ўтказиш жараёнидир.

Ваколатли орган – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ёки у томонидан ваколат берилган органлар. Унинг зиммасига Ўзбекистондан экспорт ва реэкспорт қилинаётган товарларга сертификат бериш функцияси юклатилган ва ушбу Вазирлик Ўзбекистон Республикаси номидан маъмурий ҳамкорликни ҳам амалга оширади. Экспорт қилувчи/ариза берувчининг ариза-декларацияси асосида сертификат бериш Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам амалга оширилади.

Сертификат товарнинг келиб чиқиш мамлакатини гувоҳлантириш мақсадида расмийлаштирилади ва товар олиб кириладиган мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ имтиёзлар олиш учун қўлланилиши мумкин. Ўзбекистоннинг божхона ҳудудидан товарларни олиб чиқиб кетиш вақтида сертификат, башарти унинг зарурлиги:

♦ тегишли шартномаларда, товар олиб кириладиган мамлакатнинг миллий қоидаларида қайд этилган;

♦ Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган бўлса;

♦ экспорт қилувчининг талаби бўйича белгиланган бўлса, берилади.

Товарнинг келиб чиқиши экспертиза қилинади ва тасдиқланган схема бўйича сертификат берилади.

Товарлар батамом ишлаб чиқарилган ёки етарли даражада қайта ишланган мамлакат товарнинг келиб чиқиш мамлакати ҳисобланади. Бир гуруҳ мамлакатлар, мамлакатларнинг божхона иттифоқлари, минтақа ёки башарти, товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш мақсади ажратиб кўрсатишни тақозо этса, бирор мамлакатнинг муайян қисми товар ишлаб чиқарилган мамлакат деб ҳисобланиши мумкин.

Қуйидаги товарлар мазкур мамлакатда батамом ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади:

а) унинг ҳудудидан ёки ҳудудий сувларидан ёхуд континенталь шельфидан ва денгиз остидан олинган фойдали қазилмалар, агар мамлакат денгиз остини қазиш учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлса;

б) унинг ҳудудида ўстирилган ёки йиғиб олинган ўсимлик маҳсулотлари;

в) мамлакатда туғилган ва парвариш қилинган тирик ҳайвонлар;

г) мамлакатда етиштирилган ўсимлик маҳсулотлари ва ҳайвонлардан олинган маҳсулот;

д) мамлакатда тайёрланган овчилик, балиқчилик ва денгиз ови маҳсулоти;

е) мамлакат кемаларида ёки у ижарага олган (фрахт қилинган) кемаларда жаҳон океанида овланган ва (ёки) тайёрланган денгиз ови маҳсулотлари;

ж) мамлакатдаги ишлаб чиқариш ёки бошқа операцияларнинг натижаси бўлмиш иккиламчи хом ашё ва чиқиндилар;

з) мамлакатга қарашли ёки у ижарага олган космик кемаларда очиқ космосда олинган юқори технология маҳсулотлари;

и) мамлакатда мазкур банднинг «а»–«з» кичик бандларида кўрсатиб ўтилган маҳсулотлардангина ишлаб чиқарилган товарлар.

Товарни ишлаб чиқаришда икки ёки ундан ортиқ мамлакат иштирок этаётган бўлса, товарнинг келиб чиқиши унинг «етарли даражада қайта ишланганлиги» мезонига мувофиқ аниқланади. Товарнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш учун қуйидаги товарнинг «етарлича даражада қайта ишланганлиги» мезонларидан биридан фойдаланилади:

♦ товарни қайта ишлаш натижасида товар позициясининг (товарни таснифловчи кодининг) ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта код белгисининг исталган бири даражасида ўзгариши;

♦ адвалор улуш қоидаси – фойдаланилган материаллар қийматининг ёки қўшилган қийматнинг фоизлардаги улуши етказиб берилаётган товар баҳосининг қайд этилган улушига етганда, товар қийматининг ўзгариши.

Ҳужжатда Эркин иқтисодий зонани яратиш тўғрисида 1994 йил 15 апрелдаги битим ёки Эркин савдо ҳудуди тўғрисида 2011 йил 18 октябрдаги шартнома иштирокчи-давлатлари учун товарнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлашнинг ўзига хос жиҳатлари акс эттирилган.

Ўзбекистондан экспорт (реэкспорт) қилинаётган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш тартиби, сертификатни расмийлаштириш, шунингдек ўз-ўзини сертификатлаш тартиб-таомиллари келтирилган. Ўз-ўзини сертификатлаш – товар олиб кирилаётган мамлакатда ўрнатилган тартибга мувофиқ, экспорт қилувчининг ҳисобварақ-фактура ёки товарнинг бошқа кузатув ҳужжатларида товарнинг келиб чиқишини декларация орқали тасдиқлаши.

Сертификатни экспертизадан ўтказиш ва расмийлаштириш харажатлари ариза берувчининг зиммасига юкланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.12.2019 йилдан кучга кирди.

 

Анвар Иркаходжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 312 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика