Norma.uz

Пенсия иши

 

Кекса одамларнинг ҳаётида пенсия тўловини олишга вақтинча кела олмайдиган вазиятлар ҳам учраб туради. Ишончнома бўлмаса, пенсия олиш учун келмаслик ҳолати уни тўлаш бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Қуйидаги материалларимиздан қайси ҳолатларда пенсия тўлови бекор қилинишини, қайсиларида тўхтатиб турилишини билиб оласиз. Шунингдек бошқа пенсияга оид саволларингизга жавоб топишингиз мумкин.

 

 

Устуворликлар

 

Истеъмол саватчаси ҳисобланади, уч даражали пенсия таъминоти жорий этилади

 

Яқинда бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

 

Сўнгги 2 йилда ижтимоий нафақа оладиганлар сони 1,3 бараварга, нафақа миқдори 2 бараварга оширилгани, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий қилингани қайд этилди.

Лекин тизим билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини аниқлаш, ҳисобга олишнинг ягона мезони йўқ. Истеъмол савати ва яшаш минимуми жорий қилинмаган. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаяпти.

Бундай ҳолатлар аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига уй-жой ажратиш, мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадалидан озод қилиш каби масалаларда ҳам учрайди. Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни уй ва иш билан таъминлаш, ёлғиз кексаларни парваришлаш, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш борасида ҳам камчиликлар бор.

Аввало, ижтимоий кўмакка муҳтожларни аниқлаш ва уларни ҳисобга олиш, тўловларнинг манзиллилигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Истеъмол савати ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби ҳамда истеъмол меъёрларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Уни аввал муайян шаҳар ва вилоятларда тажрибадан ўтказиб, кейин амалга киритиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий ёрдам олувчиларнинг ягона реестрини шакллантириш бўйича топшириқлар берилди. Бу реестрнинг афзаллиги шундаки, солиқ, ички ишлар, кадастр, ўзини ўзи бошқариш, соғлиқни сақлаш, пенсия, меҳнат, банк ва коммунал идоралар маълумотлари ягона базага бирлаштирилади. Натижада ҳужжатларни йиғишга кетадиган вақт ҳозирги бир неча кундан бир неча соатгача қисқаради, фуқаролар битта идорага мурожаат қилиш билан барча масалаларни ҳал эта олади.

Ижтимоий ҳимоя муҳтожларнинг «оёққа туриши»га кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Мисол учун, ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли меҳнат шароити яратиб бериш орқали уларнинг 80%ини фойдали меҳнатга жалб қилиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ногиронлик гуруҳлари бўйича касблар классификаторини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ишлашига қўшимча имкониятлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Президент ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш орқали пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорликни ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Биринчи даражада давлат минимал пенсия миқдорини белгилайди. Иккинчи даражада ходимнинг иш ҳақидан муайян сумма ушланиб, унинг шахсий ҳисобварағида тўпланади ва МБ қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган фоиз ҳисоблаб борилади. Учинчи даражада ходим Пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди.

Ушбу тизим қўлланилса, фуқаро кафолатли давлат пенсиясини олиш билан бирга ўз хоҳишига қараб, пенсия ёшида қанча пенсия олишини ўзи белгилаш имконига эга бўлади. Шу боис Молия вазирлигига Жаҳон банки ва нуфузли молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек ижтимоий суғурта турларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги тизимни «шок терапияси» усулида ислоҳ қилиш аҳолининг ҳар хил қатламига турлича таъсир этишини алоҳида таъкидлаб, мутасаддиларга 2030 йилгача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг учун 2020 йил биринчи ярми якунигача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича янги тизимни ҳар бир ҳудудда экспериментдан ўтказиш вазифаси қўйилди.

 

norma.uz хабаридан.

 

 

Экспертдан сўранг

 

Бекор қилиндими ёки тўхтатиб турилдими?

 

Кекса одамларнинг ҳаётида пенсия тўловини олишга вақтинча кела олмайдиган вазиятлар ҳам учраб туради. Ишончнома бўлмаса, пенсия олиш учун келмаслик ҳолати уни тўлаш бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Қандай ҳолатларда пенсия тўлаш бекор қилиниши ҳақида «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев сўзлаб беради.

 

– Қандай ҳолатларда пенсионер пенсия олишдан маҳрум бўлиши мумкин?

– Пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида пенсия тўлаш бекор қилиниши ва тўхтатиб турилиши назарда тутилган. Пенсионернинг вафот этиши пенсия тўлаш бекор қилинишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Кейингиси тайинланган пенсияга ҳуқуқлар йўқолганда, масалан, III гуруҳ ногиронлик белгиланганда ёки боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олаётган меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси 16 ёшга тўлганда ва ўқувчи ҳисобланмаганда пенсия ҳуқуқи йўқотилади. Доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига чиқиб кетилганда пенсия тўлаш тўхтатилади. Хорижий давлатда бўлган даврида пенсия ёки ижтимоий нафақа олганлиги ҳолати аниқланганлиги пенсия тўлаш бекор қилинишига сабаб бўлади (252-сон Низомнинг 171-банди).

 

– Бошқа давлатда пенсия олаётганлиги далили аниқланганлиги муносабати билан пенсия тўлаш бекор қилинадими ёки пенсионерга қандайдир жарима солинадими?

– Албатта жарима солинади, чунки қонун ҳужжатларида бир вақтнинг ўзида иккита давлатда пенсия олиш тақиқланган. Пенсионер қайси пенсияни олиши ва қайси бирини қоплаб беришини ўзи танлаши лозим.

 

– Қандай ҳолатларда пенсия тўлаш тўхтатиб турилади?

– Қуйидаги ҳолатларда тайинланган пенсияни тўлаш тўхтатиб турилади:

♦ пенсия тўлаш муддати тамом бўлганда;

♦ кетма-кет 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали пенсия олинмаганда;

♦ пенсионер озодликдан маҳрум этилганда;

♦ пенсионер руҳий беморлар интернат уйларида яшаганда;

♦ пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилганда;

♦ суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда;

♦ ишончнома берган шахс унга тайинланган пенсияга ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда (252-сон Низомнинг 172-банди).

 

– Ногирон узрли сабабга кўра ТМЭКдан тиббий кўрикдан ўтиш муддатини ўтказиб юборган бўлса, пенсия тўлаш тўхтатиб турилган даврлар учун унга пенсия тўланадими?

– Узрли сабабга кўра қайта тиббий кўрикдан ўтиш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, пенсияни тўлаш тўлов тўхтатиб турилган кундан бошлаб қайта текшириш кунигача, бироқ 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга, ТМЭК уни бу даврда ногирон деб эътироф этган тақдирда амалга оширилади (252-сон Низомнинг 173-банди).

Мазкур ҳолатда асосий жиҳат ТМЭК уни бу даврда ногирон деб эътироф этиши далили ҳисобланади.

 

– Ишлайдиган пенсионер ишдан бўшатилганда пенсиянинг тўланмай қолган миқдорини ким тўлайди?

– Пенсиянинг тўланмаган суммаси ёки унинг бир қисми ташкилот ҳисобига ўтказилган бўлса, уни иш берувчи тўлайди. Пенсиянинг тўланмаган суммаси ёки унинг бир қисми бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида сақланиб турган бўлса, тўлов Пенсия жамғармаси бўлими томонидан амалга оширилади. Мазкур ҳолатда ходим Пенсия жамғармаси бўлимига ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини ва иш берувчи томонидан охирги марта пенсия тўланган давр тўғрисида маълумотномани тақдим этиши лозим.

 

– Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат қилингандан кейин пенсия тўлаш тикланади. Бироқ пенсионер хорижда бўлганлиги сабабли шахсан мурожаат қила олмайдиган ҳолатлар кўп учрайди. Бунда нима қилиш керак?

– Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига пенсия тўловини тиклаш юзасидан мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим ­(252-сон Низомнинг 172-банди).

 

 

Пенсия жамғармаси тушунтириш беради

 

«Нон учун» компенсация – кимга ва қанча

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (14.10.2019 йилдаги 866-сон) билан ун нархининг давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинди. Пенсия жамғармасининг ун ва қолипли нон олиш учун компенсация берилиши тўғрисидаги тушунтириши эълон қилинди.

 

2019 йил 1 октябрдан бошлаб кам таъминланган оилаларга ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси миқдори оширилди: илгари БҲМнинг 10% (22 300 сўм) белгиланган эди, 2019 йил 1 октябрдан ойига 50 000 сўм тўланади. Компенсация олувчилар тоифаси сони 9 дан 11 гача оширилди, шу туфайли 1 октябрдан компенсация олувчиларнинг умумий сони 18,5%га – 2 млн кишигача (оила) ошди.

Тўлов суммалари ошганлигини ҳисобга олган ҳолда Молия вазирлиги октябрдан декабргача бўлган даврда, декабрь ҳам ҳисобга киритилади, компенсация олувчилар учун 189 млрд сўм миқдорида қўшимча маблағ ажратилишини таъминлади (125 млрд – Пенсия жамғармаси линияси бўйича реципиентлар ва 64 млрд – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали). Умуман олганда, 2019 йилда компенсация тўловлари учун Давлат бюджетидан 604 млрд сўм йўналтирилади.

Компенсация тўловлари юзасидан назорат қуйидаги тартибда амалга оширилади. Пенсия жамғармасида пенсия ва нафақа олувчиларнинг ягона ахборот базаси ишлаб турибди, унда компенсация олишга ҳақли бўлганларга автоматик тарзда тўлов тайинланади. Ҳар ойнинг 3-санасигача дастурий мажмуа ёрдамида қайдномалар шакллантирилади ҳамда «Халқ банки» АК ва тижорат банкларининг тегишли филиалларига электрон шаклда юборилади.

Тўловни пластик карточкага оладиганларга маблағлар ҳар ойнинг бошида уларнинг ҳисобрақамларига автоматик равишда ҳисоблаб ўтказилади. Нақд шаклдаги компенсациялар «Халқ банки» АКнинг кўчма кассалари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида пенсия тўлови билан бир вақтда тўланади.

Пенсия жамғармаси мутахассислари жойларга чиқиб, тўлов тўлаш жараёнини график бўйича мониторинг қиладилар. Компенсация олмаганлар бевосита Жамғармага мурожаат қилишлари мумкин. Фуқаролар компенсациялар тўлаш масалалари бўйича қуйидаги «ишонч телефонлари»га мурожаат қилишлари мумкин: Пенсия жамғармаси – 1140 ва «Халқ банки» АК – 1106.

 

Молия вазирлиги хабаридан.

 

 

Бизга ёзган экансиз

 

Ёшидан қатъи назар

 

Фуқаролар ва ҳарбийлар учун пенсия ёши бир хилми?

 

– Йўқ.

Фуқаролар – эркаклар 60 ёшга тўлганда ва аёллар 55 ёшга тўлганда иш стажлари камида 7 йил бўлган тақдирда, ёшга доир пенсияга чиқадилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 7, 8-моддалари).

Ҳарбий хизматчилар камида 20 йил хизмат қилгач (ҳарбий хизмат, ички ишлар ва давлат хавфсизлиги органларида) ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар («Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси).

 

 

Карточкага, бироқ янги яшаш жойи бўйича

 

Ўз квартирамдан (хусусийлаштирилган, сотилмаган) пропискадан ўчиб, турмуш ўртоғимнинг бошқа тумандаги квартирасига пропискага ўтяпман. Пенсиям пластик карточкага ўтказилади.

Турмуш ўртоғимнинг яшаш жойидан эмас, балки ўз туманимдан пенсия олишда давом этсам бўладими?

 

– Йўқ, бўлмайди.

Пенсия фақат доимий пропискадан ўтган ёки доимий прописка мавжуд бўлмаганда вақтинчалик пропискадан ўтган жойи бўйича тўланади. Бинобарин, янги прописка қилинган жойингиз бўйича Пенсия жамғармаси бўлимида ҳисобга туришингиз лозим (Низом, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

Янги яшаш жойи бўйича пластик карточкага пенсия олиш учун тегишли ариза билан Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз керак. Бунда шуни унутмаслик керакки, тижорат банкининг филиали орқали пенсия оладиган пенсионерлар ҳар 6 ойда пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига келиш йўли билан ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур ­(252-сон Низомнинг 157, 158-бандлари).

 

 

Тартибга риоя этган ҳолда

 

Россияда ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда ишлайман, яъни патент бор, ҳар ойда ЖШДС ушлаб қолинади, янги меҳнат дафтарчаси очилган ва ҳ.к.

Ўзбекистон фуқароси Россияда ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда ишлайдиган бўлса, иш стажи қандай ҳисобланади?

 

– Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти ҳуқуқлари кафолати тўғрисидаги битимга (Москва, 13.03.1992 йил) мувофиқ собиқ СССР ҳудудида ишланган давр Битим кучга киргунига қадар, яъни 1992 йил 13 мартгача иш стажига қўшилади.

1992 йил 13 мартдан кейинги даврлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари (2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун) ва ягона ижтимоий тўлов (2019 йил 1 январдан кейинги давр учун) тўланган тақдирда иш стажига қўшилади (Қонуннинг 40-моддаси).

Чет элда ишлайдиган фуқароларга тўловлар тўлаш тартиби Низомда (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова) белгиланган.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс олишни хоҳлайдиган пенсия таъминоти миқдоридан келиб чиққан ҳолда Пенсия жамғармасига тўланадиган ЯИТ миқдорини мустақил равишда, бироқ бир йилда ЯИТ тўлаш кунида қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг (ҳозир – БҲМнинг) 4,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгилаши мумкин.

Пенсия жамғармасига ЯИТ қуйидаги тартибда тўланади:

♦ ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

♦ бирйўла – Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб 3 ой мобайнида.

Пенсия жамғармасига ЯИТ нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана тўлов тўланган кун ҳисобланади. Унда фамилия, исм, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

Миллий валютадаги ЯИТ чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс доимий яшаш жойи бўйича солиқ органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисобрақамларига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс ЯИТ тўлашни тўхтатиб турганда, пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажи ҳисоби Пенсия жамғармасига тўлов тўланган сўнгги санадан бошлаб тўхтатиб турилади.

Тегишли ой учун тўланган ЯИТ миқдори белгиланган миқдордан кам бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш учун олинадиган тегишли давр учун иш стажи зарур маблағларни қўшимча киритиш шарти билан ҳисобга олинади.

 

 

Олинмай қолган пенсияни олиш учун

 

Пенсионер холам оилавий шароитига кўра бошқа давлатга зудлик билан кетишга мажбур бўлиб қолди. У пенсия олиш учун ишончномани расмийлаштиришга улгурмади. Ҳозир у уйига қайтмоқчи.

Мамлакатда бўлмаган даврдаги пенсиясини олиш учун нима қилиши керак?

 

– Мазкур ҳолатда яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия тўловини тиклаш ва яшаш жойида бўлмаган давр учун олинмаган пенсияни олиш тўғрисида ариза билан мурожаат этилиши лозим.

Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун тўланади (252-сон Низомнинг 169-банди).

 

Маълумот учун!

Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига ЭГА БЎЛМАГАН шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга МУТАНОСИБ миқдорда тайинланади.

 

 

Пенсия жамғармаси тўлайди

 

Пенсиям нотўғри ҳисобланган экан. Хатолик пенсия тайинланганидан кейин 2 ой ўтгач аниқланган. Қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Пенсия жамғармаси тўланмай қолган фарқни тўлаб берадими?

 

– Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади (252-сон Низомнинг 169-банди).

 

 

Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар

 

Яқинда пенсияга чиқаман. Пенсияни расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

 

– Ёшга доир пенсияга чиқиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати 252-сон Низомнинг 12-бандида кўрсатилган.

Ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

♦ иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

♦ иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

а) тегишли орган томонидан берилган ҳарбий хизматни, партизан отрядлари ва қўшилмаларда бўлганликни, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилганликни тасдиқлайдиган маълумотнома;

б) тегишли орган томонидан берилган, идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва кон-қутқарув қисмларидаги хизматни тасдиқлайдиган маълумотнома;

в) солиқ органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида қуйидагилар тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома:

♦ 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

♦ 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ягона ижтимоий тўлов.

г) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаси тиббий-маслаҳат комиссияси (ТМК) томонидан берилган ариза берувчининг боласи 16 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган тиббиёт хулосаси ёки Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) томонидан берилган парвариш остидаги шахс I гуруҳ ногирони деб тан олинишини тасдиқлайдиган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг тегишли қисми;

е) олий таълим муассасаларида (шу жумладан ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек партия мактабларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар – изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқишни, шу жумладан, чет элда ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома;

ж) болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилганидан бошлаб у 3 ёшга тўлгунигача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола 3 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома.

 

 

Қачон пенсияга чиқишга шошмаслик керак

 

Кечроқ пенсияга чиқса яхши бўлади деб эшитганман. Шундайми?

 

– Шундай вазиятлар борки, пенсияга кечроқ чиқиш фойдали бўлади, лекин баъзида аксинча ҳам бўлиши мумкин.

1-вазият (фойдали). Йил тўлиқ бўлиши учун бир неча ой етмаганда кечроқ пенсияга чиқиш фойдали бўлади. Масалан, стажингиз 41 йилу 11 ойдан иборат. Бундай стаж билан пенсияга чиқсангиз, пенсияни ҳисоблашда 11 ой чиқариб ташланади. Бинобарин, стажингиз 42 йил бўлиши учун яна бир неча ой ишлашингиз керак. Мазкур ҳолатда сиз ютасиз.

 

Маълумот учун! Пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг таянч миқдорлари оширилади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси).

 

2-вазият (фойдали). Пенсия тайинлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи сиз олишни хоҳлаётган пенсия миқдори учун етарли эмас. Ушбу ҳолатда истаган пенсиянгизни олиш учун юқори маош билан яна маълум вақт ишлашингиз лозим.

3-вазият (бефойда). Масалан, сизга ҳисобланган пенсия 1 500 00 сўмни, яъни юқори миқдорни ташкил этади. Ушбу ҳолатда пенсияга чиқишни 1 йилга кечиктирсангиз, ўртача 18 000 000 сўмдан қуруқ қоласиз. Бунда қўшимча иш стажингиз (1 йил) пенсиянгизни ойига 22 300 сўмга ёки бир йилда 267 600 сўмга оширади.

 

 

Суд тартибида

 

Ортиқча тўланган суммаларни қанча муддат учун ушлаб қолишлари мумкин – 5 йилми ёки 3 йил?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг алоҳида тоифаларига қулай шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (28.12.2017 йилдаги ПФ-5291-сон) билан жорий этилган тартибга мувофиқ пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг ортиқча тўланган пенсия суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик у аниқланган санадан бошлаб кўпи билан 3 йил учун суд орқали ундирилади.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Хорижда қандай

 

Ихтиёрий пенсияга жамғариш

 

РФ Марказий банки ва Молия вазирлиги янги ихтиёрий пенсия жамғармалари тизими – кафолатланган пенсия режасини (КПР) ишлаб чиқди. У ишга тушган дастлабки йилда россияликлар қарийб 1 трлн рублни олиб келиши лозим.

 

Лойиҳага мувофиқ тизимдаги пенсия бадаллари ҳажми 2021 йилда 0,96 трлн рублдан 2022 йилда 1,54 трлн рублгача, 2023 йилда 2,2 трлн рублгача, 2024 йилда 3 трлн рублгача ошади. Вазирлик прогнозидан нодавлат пенсия жамғармаларига (НПЖ) КПРга янгитдан киритиладиган ҳар йилги пул оқимлари 2022–2024 йилларда 0,6-0,8 трлн рублни ташкил этиши кўриниб турибди.

Бундан ташқари, Иқтисодиёт вазирлигининг базавий прогнозига кўра ходимларнинг иш ҳақи фонди 2022 йилдаги 29,5 трлн сўмдан 2024 йилда 34,1 трлн сўмгача ошади.

Вазирлик режасига кўра россияликлар ўз иш ҳақидан пенсия жамғармаларига ўртача 2-2,3% ўтказадилар.

КПР россияликларга давлат томонидан рағбатлантириш кўмаги кўрсатилганда нодавлат пенсияларини мустақил молиялаштира олишлари учун имкон яратади.

Хусусан, ушбу тизим бўйича ходимлар иш ҳақининг 6%дан кўп бўлмаган миқдордаги пенсия бадаллари жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқдан озод этилади.

Бундан ташқари, иш берувчи ходимларнинг бадалларини молиялаштиришда иштирок этадиган бўлса, унинг учун фойда солиғини ҳисоблашда кўпайтирувчи коэффициент кўринишидаги имтиёз, ходим иш ҳақининг 6%дан ортиқ қисмини бадал сифатида ўтказган тақдирда ижтимоий чегирма назарда тутилган.

КПРга кириш ихтиёрий бўлади, бунда шартнома дастлабки тўлов киритилганидан кейин кучга киради. Дастур иштирокчиси бадал миқдорини мустақил равишда белгилайди, миқдорни истаганича ўзгартириши мумкин бўлади.

Тизимда ярим йиллик давомийликда маблағларни қайтариш даври назарда тутилган, бунда унга ўтказилган маблағлар қайтарилади.

РФ молия вазири ўринбосари Алексей Моисеевнинг таъкидлашича, КПР россияликларга нодавлат пенсияларини мустақил равишда молиялаштириш имконини беради. Биз фуқароларга шундай маҳсулотга эга бўлиш имконини яратамиз, бу, бир томондан, даромадли, бошқа томондан, кафолатланган, учинчи томондан, инфратузилма фуқаролар ва пенсия жамғармалари ўртасида низолар келиб чиқмайдиган ҳамда низоли вазиятларда ким ҳақ ва ким айбдорлигини ҳал этадиган қилиб ташкил этилади.

 

РБК ва РАА янгиликлари хабаридан.

 

 

Сўнгсўз ўрнида

 

Ўзингизни синаб кўринг

 

Газетамизни қанчалик диққат билан ўқишингизни текшириб кўриш пайти келди. Бирон маълумотни эслай олмасангиз – зарари йўқ. «Норма маслаҳатчи»ни очиб, доим ўз билимингизни оширишингиз мумкин. Омад ёр бўлсин!

 

1. Пенсия жамғармаси бўлимида пенсия тўлови пластик карточкага ўтказилишини тасдиқлаш даврийлиги қандай?

а   Ҳар 12 ойда.

б   Ҳар 6 ойда.

в   Пластик карточканинг амал қилиш муддати тугагунигача.

 

2. Болани парваришлаш нафақаси Пенсия жамғармаси томонидан тўланадими?

а   Ҳа, тўланади.

б   Нафақа ота-онадан бирининг иш жойидан тўланади.

в   Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланади.

 

3. Махсус иш стажини тасдиқлаш зарурми?

а   Ҳа, ташкилотдан аниқлаштирувчи маълумотнома зарур (ташкилот СТИР кўрсатилган ҳолда).

б   Йўқ, меҳнат дафтарчасидаги ёзувнинг ўзи етарли.

в   Эгаллаб турган лавозими ва ушбу даврда бажариладиган меҳнат мажбуриятлари тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси билан тасдиқланиши лозим.

 

4. Иш берувчи томонидан берилган ҳужжатларда аниқ бўлмаган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда, ким жавобгар бўлади?

а   Пенсионер.

б   Ушбу ҳужжатларни берган ташкилот ёки архивнинг мансабдор шахси.

в   Жавобгарлик пенсионер ва иш берувчи ўртасида тақсимланади.

 

5. Пенсионерлар мол-мулк солиғидан озод этиладими?

а   Йўқ, озод этилмайди.

б   Озод этилади. Пенсионернинг 80 кв.м доирасидаги мол-мулкига солиқ солинмайди.

в   Пенсионернинг 60 кв.м доирасидаги мол-мулкига солиқ солинмайди.

 

6. Пенсия миқдори қандай ҳисобланади?

а   Фуқароларнинг барча тоифалари учун пенсия БҲМнинг 8 бараваридан ошмайдиган иш ҳақидан ҳисобланади.

б   Фуқароларнинг охирги 5 йиллик фаолиятида ҳақиқатда олинган иш ҳақи бўйича.

в   БҲМнинг 10 бараваридан ошмайдиган иш ҳақидан.

 

Тўғри жавоблар: 1 б, 2 в, 3 а, 4 б, 5 в, 6 в.

 

Натижалар

 

Ҳар битта тўғри жавоб учун – 1 балл.

 

Сизнинг натижангиз:

6 балл – аъло натижа. Пенсия таъминоти масалаларидан жуда яхши хабарингиз бор.

 

3-5 балл – шубҳасиз, кўп маълумотга эгасиз. Бироқ тўлиқ ишонч билан жавоб беришингиз учун билимингиз бироз камлик қилаяпти. «Норма маслаҳатчи»ни ўқиб боринг, ана шунда ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан доим бохабар бўласиз.

 

3 балл ва ундан кам – афсуски, билимингиз жуда оз. Ёдингизда бўлсин, билим – куч демак. Айниқса пенсия ёшида бу жуда қўл келади.

«Норма маслаҳатчи»ни ўқиб боришга ҳаракат қилинг, бу самара беришига кафолат берамиз.

 


Диққат! Ушбу саволларга батафсил жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг 24.09.2019 йилдаги 39, 15.10.2019 йилдаги 42, 26.11.2019 йилдаги 48-сонларида чоп этилган.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 625 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика