Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари 16 ёшгача бўлган болалардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан улар яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундиради.
Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари томонидан ундирилган туристик йиғимга ҚҚС солинадими?
– Йўқ, жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари томонидан ундирилган туристик йиғимга ҚҚС солинмайди.
Туристик йиғим жойлаштириш воситалари ҳамда даволаш муассасаларининг тушуми (фойдаси) ҳисобланмайди, йиғим Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Жамғарманинг махсус ҳисобрақамига ўтказилади (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик (меҳмонхона) йиғимни ундириш тартиби тўғрисида низомнинг 5, 8-бандлари, ВМнинг 15.03.2017 йилдаги 137-сон қарорига 2-илова). У бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобланади. Жамғарма Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган (Низомнинг 2-банди).
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (2.12.2016 йилдаги ПФ-4861-сон) ижросини таъминлаш мақсадида тугатилаётган «Ўзбектуризм» Миллий компанияси негизида ташкил этилган ва нотижорат ташкилот ҳисобланади. Нотижорат ташкилотлар ҚҚС тўловчилар ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 197-моддаси 2-қисми).
Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари томонидан кейинчалик нотижорат ташкилотига ўтказиш учун туристик йиғим ундирилади ва унга ҚҚС солинмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.