Ташкилот Европа ва Россия Федерацияси бўйича юкларни халқаро транспортларда ташиш билан шуғулланади. Ҳайдовчиларни хизмат сафарига юбораётганда суғурта компаниясига саёҳатчилар полиси учун ҳақ тўлаймиз. Полис ҳайдовчилар номига берилади ва унда ҳайдовчининг фамилияси кўрсатилади. Ушбу суғурта полисларисиз ҳайдовчиларимиз Европа ва Россия ҳудудларига юкни етказиб бера олмайдилар. Ҳайдовчилар полислар бўйича ҳеч қандай даромад олмайдилар, фақат суғурта ҳодисаси юз берганда компенсация олишлари мумкин.
1. Ташкилотнинг ҳайдовчилар номига берилган суғурта полислари учун тўлов бўйича харажатлари жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадими?
2. Халқаро ташувларда ҳайдовчилар суғурта полислари учун тўлов фойда солиғи бўйича чегириладиган харажат ҳисобланадими?
1 |
Хорижга хизмат сафарларида йўл ҳақи, яшаш (турар жой биносини ижарага олиш), суткалик, вакиллик ва кўзда тутилмаган харажатлардан ташқари, суғурта харажатлари ҳам қопланади. Бироқ бу фақат бораётган мамлакатга кириш учун мажбурий бўлган суғурта турларига тааллуқли бўлади (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 29-банди 1-қисми 6-хатбошиси).
Ҳайдовчиларни суғурталаш харажатлари хорижий давлатга кириш учун мажбурий ҳисобланса, хизмат сафарларидаги компенсация тўловларига киритилади (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 7-банди). Бинобарин, юридик шахснинг бундай харажатлари хизмат сафарига юборилган ходимларнинг даромадлари ҳисобланмайди ва уларга ЖШДС солинмайди.
2 |
Фойда солиғи бўйича чегирилмайдиган харажатлар Солиқ кодексининг 147-моддасида санаб ўтилган. Мазкур модда ёпиқ ҳисобланади, яъни унда барча чегирилмайдиган харажатлар кўрсатилган. Ушбу моддада суғурта харажатлари келтирилмаган. Бинобарин, ходимларнинг ўз лавозим мажбуриятларини бажаришда уларни суғурталаш бўйича корхона харажатлари фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 62-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.