Улгуржи савдо корхонаси ягона солиқ тўловини тўлайди. 2019 йил I чорак якунлари бўйича 4%лик ставкада ягона солиқ тўловини тўлади. II чоракда корхона фаолият юритмаган, асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан бошқа даромадлар олган.
II чоракда фаолият юритилмаганлиги сабабли бошқа даромадларга қандай ставкада ягона солиқ тўлови солинади?
– Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида тақдим этилади (Солиқ кодексининг 360-моддаси 4-қисми).
Бошқа даромадларга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 353-моддаси).
Асосий фаолият тури ҳисобот даври якунлари бўйича аниқланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси 3-хатбошиси). ЯСТ ҳисоб-китоби ортиб борувчи якун билан тақдим этилади, асосий фаолият тури ҳам ортиб борувчи якун билан аниқланади.
Демак, улгуржи савдо корхонаси ярим йил якунлари бўйича II чорак учун ЯСТни ортиб борувчи якун билан ҳисоблайди ҳамда асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган бошқа даромадларга 4%лик ставкада солиқ солади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.