Ташкилотнинг маъмурий биноси яқинида дарахтлар, шу жумладан мевали дарахтлар ўсади. Уларнинг айримларини ходимлар 10 йил аввал экканлар, айримлари эса ўзи ўсиб чиққан. Дарахтлар корхона балансида ҳисобга олинмаган. Улардан даромад олмаймиз.
1. Корхона ҳудудидаги дарахтлар кўп йиллик дов-дарахтлар сифатида кўчмас мулк жумласига кирадими?
2. Кўкаламзорлаштириш мақсадида экилган дарахтларни кўп йиллик дов-дарахтлар сифатида асосий воситалар таркибида акс эттириш лозимми?
3. Дарахтларни экиш мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база таркибига киритиладими?
1 |
Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради (ФКнинг 83-моддаси).
Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (ФКнинг 84-моддаси).
Аҳоли пунктлари, шунингдек ташкилотларнинг ерларини кўкаламзорлаштириш мақсадида ўстирилган кўп йиллик дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмайди (Низомнинг 51-банди, ВМнинг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарорига 1-илова).
Юқоридагилар асосида шундай хулоса чиқариш мумкинки, кўкаламзорлаштириш мақсадида экилган дарахтлар:
● кўп йиллик дов-дарахтлар ҳисобланади;
● давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлмаганлиги сабабли кўчмас мулк объектлари жумласига кирмайди.
2 |
Дарахтларни экиш 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3 ва 4-бандларида баён этилган мезонларга жавоб берса, асосий воситалар таркибида ҳисобга олиниши мумкин:
● моддий активлар, улар корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб турилади;
● корхонанинг ҳисоб сиёсатида бошқача қиймат белгиланмаган бўлса, бошланғич қиймати 50 ЭКИҲдан ортиқ бўлиши шарт.
Келтирилган қоидалардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, дарахтларни экиш ва парваришлаш даврида кўп харажат (кўчатларни сотиб олиш, уларни парваришлайдиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва б.) қилинган бўлса, ташкилотингиз уларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиши мумкин эди.
Бунда кўп йиллик дов-дарахтлар бўйича амортизациянинг йиллик энг юқори нормаси 10 йилни ташкил этиши сабабли (Солиқ кодексининг 144-моддаси) айни пайтга келиб улар бўйича эскириш тўлиқ ҳисобланиб бўларди. Шу боис уларни АВ таркибида тиклаш иқтисодий жиҳатдан асосли эмас.
3 |
Кўчмас мулк мол-мулк солиғи солиш объектидир (Солиқ кодексининг 266-моддаси 1-банди).
Юқорида айтганимиздек, кўкаламзорлаштириш учун дарахтлар кўп йиллик дов-дарахтлар жумласига киради, бироқ кўчмас мулк объектига бўлгани сингари уларга эгалик ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилмайди.
Сизнинг ҳолатда мол-мулк солиғи солинадиган объект мавжуд эмас деб ҳисоблаймиз.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.