Ташкилотимиз лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертиза қилиш хизматларини кўрсатади. Умумий суммаси 300 минг сўмни ташкил этадиган кредиторлик қарзи балансимизда «осилиб ётганига» 5 йилдан ошди. У бюджет пули – Тошкентнинг 3 та туманидаги бандликка кўмаклашиш марказларидан олинган 15%лик олдиндан тўлов. Солиштириш далолатномаси имзоланмаган.
Даъво муддати ўтгач, корхона бухгалтери бюджет ташкилотларининг кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришга ҳақлими?
– Умумий даъво муддати – 3 йил (ФКнинг 150-моддаси).
Даъво муддати ўтгач, корхона кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариши керак. Юзага келган даромадни солиқ солинадиган даромадга киритиши лозим (Солиқ кодексининг 132-моддаси 7-банди, 136-моддаси).
Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот маълумотларининг тўғрилиги ҳамда ишончлилиги активлар ва мажбуриятларни мажбурий тарзда инвентаризациядан ўтказиш орқали тасдиқланади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси). Шу сабабли даъво муддати ўтган кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш учун ҳисоб-китобларни инвентаризациядан ўтказиш зарур. Уни ўтказиш тартиби 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»да (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Комиссия имзолаган инвентарлаш далолатномаси асосида чиқарилган раҳбар фармойишига кўра даъво муддати ўтган қарз ҳисобдан чиқарилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.