Сирдарё вилоят божхона бошқармасида божхона ходимларининг ота-оналари, турмуш ўртоқлари, яқин қариндошлари иштирокида «Ходимлар ўртасида содир этилаётган салбий ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари, тизимда коррупция ва тамагирликка қарши курашиш» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Иштирокчиларга коррупция, фирибгарлик, сохталаштирилган маълумотларни тақдим этиш, товар-моддий бойликларни божхонадан ноқонуний ўтказиш, давлат мулкини талон-торож қилишга доир видеороликлар намойиш этилиб, бундай иллатларга «илиниб қолмаслик» йўллари хусусида тушунтиришлар берилди.
– Шу йилнинг ўтган даври мобайида бошқармада ўтказилган хизмат йиғилишларида Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан ички хавфсизликни таъминлаш, коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлаш бўйича 50 га яқин учрашув ва суҳбатлар ўтказилди, – дейди вилоят божхона бошқармаси Ўз хавфсизлик гуруҳининг муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили Бекзод Масейтов. – Шахсий таркиб орасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, тамагирлик ва порахўрлик каби иллатларга йўл қўймаслик мақсадида ходимлар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ҳам ўтказилган. Мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қилмишлари учун жавобгарликнинг муқаррарлигини тушунтиришга йўналтирилган коррупцияга қарши руҳдаги видеороликлар божхона постларига ўрнатилган мониторларда мунтазам ёритиб борилмоқда.
Шу йилнинг ўзида 8 марта хизмат текшируви ўтказилиб, 10 нафар ходим интизомий жазога тортилди. Ўтказилган «Ахлоқ суди»нинг 4 та йиғилишида 3 нафар ходимга нисбатан интизомий чора кўрилди.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Гулистон давлат университетида бўлиб ўтган «Мулоқот ва муомала маданияти» мавзусидаги семинар-тренинг, вилоят адлия ходимлари билан ҳамкорликда «Коррупция – тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг иштироки зарур» мавзусида ташкил этилган тадбир, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти масъул ходими Х.Маматқулов иштирокида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги БМТ конвенцияси» ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни» мавзуларида ўтказилган ўқув машғулотлари ғоят самарали бўлди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ўз хавфсизлиги гуруҳи.