Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 42 / Божхона

Мен нима дейману, қўбизим нима дейди

божхона соҳасида яратилаётган шарт-шароитларни суиистеъмол қилиш ҳоллари учрамоқда

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасини либераллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолият, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига имкон қадар қулайликлар яратиш, ички бозорни сифатсиз ва контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилишга қаратилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бироқ, айрим уддабуронларнинг божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, фаолият юритишни эркинлаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларидан ўзига «туйнуклар» топиб олишаётгани ачинарли ҳолдир.

 

«Гуруч ёнида курмак ҳам сув ичиб қолсин» қабилида иш тутаётган бу уддабуронлар мазкур имкониятларни ўзи учун ҳалол санаб, хуфиёна иқтисодиётнинг тегирмонига сув қуймоқдалар – қаллобликнинг турли хил янги схема ва каналларини пайдо қилиб, ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилишмоқда.

Масалан, Президентимиз ташаббуси билан фуқароларга енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида қўшни давлатлардан ўз эҳтиёжи учун товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари оширилди ҳамда хорижий автотранспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши учун уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 90 кунлик вақтинчалик божсиз ҳаракатланиш имконияти берилди. Лекин «хуфиёначилар» бу меъёрларни cуиистеъмол қилиб, мамлакатимиз ҳудудига контрафакт товарларни олиб кириш ва ички ҳудудда хорижий автотранспорт воситаларидан ноқонуний фойдаланишнинг «янги каналлари»ни кашф қилишга уринмоқдалар.

 

Биринчидан, Президентимизнинг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон) ва бу қарор ижроси юзасидан қабул қилинган ҳукуматнинг 2018 йил 22 июлдаги 463-сон қарорининг амалиётга татбиқ қилиниши мамлакатимиз аҳолиси учун қулайликлар яратган бўлса, жиноятчилар бу қулайликлардан ноқонуний фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар.

Хусусан, Давлат божхона қўмитасининг берган расмий маълумотига кўра, бугунги кунда божхона чегараси орқали пиёда ҳолда ўтувчи жисмоний шахслар маиший техника товарларини шахсий эҳтиёж ниқоби остида олиб кириб, келгусида тижорат мақсадида фойдаланиш учун республикамиз ҳудудидаги «яма»ларда сақлаётганлиги маълум бўлмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, янги қонун ҳужжатларига биноан «ўз эҳтиёжлари учун» олиб келинаётган бундай буюмларни чегара божхона постларида контрафакт товар борасида текширишнинг имконияти мавжуд эмас.

Маълумки, Божхона кодексининг 387-моддасига мувофиқ, интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри юридик шахснинг мурожаатига асосан божхона органи томонидан юритилиб, ушбу реестрда мавжуд бўлган товарлар бошқа юридик шахс томонидан олиб келинса, улар контрафакт товар сифатида қаралади ва республика ҳудудига киритилмайди. Ушбу ҳолатда интеллектуал мулк эгаларини контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилиш тизими фақат божхона постидан ўтувчи импорт ва экспорт товарларига нисбатан қўлланилишини кўриш мумкин. Жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб ўтилаётган товарлар контрафактини аниқлаш тизими бу ўринда мавжуд эмаслиги ҳамда жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжи ниқоби остида товарларни чегарадан олиб ўтиб, уларни ички бозорда сотиш ҳолатларининг мавжудлиги айрим ҳолларда контрафакт маҳсулотларнинг кириб келиши учун сабаб бўлмоқда.

 

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида четдан импорт қилинадиган автотранспорт воситалари учун бож тўловларининг юқорилиги – хорижий автотранспорт воситаларини мамлакатимиз ҳудудига вақтинча олиб кириш ниқоби остида олиб келиб, улардан бошқа мақсадларда ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Маълумки, Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 19.11.2010 йилда 2156-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан, хорижий автотранспорт воситасига Ўзбекистон Республикасига киришида «Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома» расмийлаштирилади ва ушбу хорижий автотранспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами 90 календарь кундан ошмаслиги лозимлиги белгиланган.

Бироқ, амалиётда хорижий автотранспорт воситаларини Ўзбекистонга олиб киришда уддабурон фуқаролар ушбу норма талабидан ноқонуний мақсадда фойдаланмоқда.

Давлат божхона қўмитасининг берган расмий маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан олиб кирилаётган ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудида тўй-ҳашам ва бошқа шахсий ҳамда тижорат мақсадларида фойдаланаётганлиги, кўп ҳолларда эса олиб чиқиш муддати тугаган автотранспорт воситалари эҳтиёт қисмларга бўлиниб, республика ҳудудида сотиб юборилаётганлиги маълум бўлди. 2156-сон Низомда хорижий автотранспорт воситасини олиб чиқиш муддатини бузганлик учун тегишли чора кўрилиб, йиғим тўлиқ ундирилгунга қадар автотранспорт воситаси давлат божхона хизматининг ҳудудий органи ёки божхона пости томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақланиши лозимлиги белгиланган. Ушбу ҳолатда шуни кўриш мумкинки, Низом талабларида фақат белгиланган муддатни бузганлик учун тегишли чора кўриш кераклиги қайд этилган холос. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, «устаси фаранглар» яратилган бу имкониятлардан ўз манфаатлари йўлида унумли фойдаланаётганлиги ҳолатлари кузатилмоқда: яъни уддабурон «тадбиркорлар» Низомда белгиланган муддатни бузмасдан, қонунни бошқа томондан айланиб ўтиш усулини ўйлаб топганлар. Хусусан, улар хорижий автотранспорт воситаларини Ўзбекистонда бўлиш муддатида (90 кунлик муддат) ўз эҳтиёжлари йўлида фойдаланиб, муддати тугаган транспорт воситаларини қўшни давлатга олиб чиқиб, бошқа шахсларга сотиб юбораётирлар ёки эҳтиёт қисмларга бўлиб сотишмоқда. Ваҳоланки, 2156-сон Низомни қабул қилишдан кўзда тутилган мақсад – хорижий фуқароларга қулайликлар яратиш эди, бироқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мазкур Низом асосида яратилган имкониятлардан ўз манфаати йўлида ноқонуний фойдаланмоқда. Шу сабабли бугунги кунда фуқароларимизнинг вақтинча олиб кирилган хорижий автотранспорт воситаларидан ноқонуний фойдаланиши ва чет эл транспорт воситаларининг республикамиз ҳудудига ноқонуний равишда кириб келиши ҳолатлари кўпаймоқда.

 

Халқимизда «Мен нима дейману, қўбизим нима дейди» деган ибора бор. Яъни божхона маъмуриятчилигини соддалаштиришга қаратилган ислоҳотлар аслида ҳалол тадбиркорларни рағбатлантиришга қаратилган бир вақтда улардан сохта ишбилармонлар ўзларининг ноқонуний мақсадларида фойдаланиб, меъёрий ҳужжатларни гўёки «доғда қолдиришмоқда», ­сунъий тарзда ҳуқуқий бўшлиқлар пайдо бўлишига сабаб бўлишмоқда. Божхона соҳасидаги бу каби хуфиёна иқтисодиёт эса давлат бюджетига тушадиган маблағларнинг камайишига олиб келиши мумкин.

 

Ботир ШЕРАЛИЕВ,

ДБҚ Божхона институти

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультети катта ўқитувчиси,

 

Жаҳонгир УБАЕВ,

ДБҚ Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига

қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили.

 

Прочитано: 941 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика