19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»га мувофиқ активларни инвентарлашдан ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш чоғида корхонада товар-моддий қимматликларнинг ортиқча миқдори ва камомади аниқланган. Камомад айбдорларни аниқлаш ва камомадларни белгилашда барча тартиб-таомилларга риоя этилган ҳолда зарарларга ҳисобдан чиқарилди. Корхона умумбелгиланган солиқларни тўловчи ҳисобланади.
Ўтказилган инвентарлаш натижалари бўйича товар-моддий қимматликларнинг ортиқча миқдорини кирим қилиш ва камомадини ҳисобдан чиқаришда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
– Умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун ўтказилган инвентарлаш якунлари бўйича товар-моддий қимматликларнинг ортиқча чиққан миқдорини кирим қилиш ва камомадини ҳисобдан чиқариш фойда солиғи ва ҚҚС бўйича солиқ оқибатларини юзага келтиради.
Ортиқча чиққан асосий воситалар, моддий бойликлар, пул маблағлари ва бошқа мол-мулк кирим қилиниши ва тегишлича корхона молиявий натижаларига қайд этилиши лозим (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»нинг 5.70-банди). Ортиқча чиққан товар-моддий қимматликлар бозор қиймати бўйича кирим қилинади ва корхонанинг бошқа даромадлари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132, 135-моддалари). Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда бошқа даромадлар корхонанинг жами даромадига киради (Солиқ кодексининг 129-моддаси 1-қисми 3-хатбошиси).
Қимматликларнинг камайиши корхона раҳбарининг фармойишига биноан белгиланган нормалар доирасида ишлаб чиқариш харажатлари ва давр харажатларига ҳисобдан чиқарилади. Фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда булар чегириладиган моддий харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 142-моддаси 1-қисми 7, 8-бандлари).
Айбдорлари аниқланмаган ўғирликлар ва камомадлардан ёки зарур суммаларнинг ўрнини айбдор тараф ҳисобидан қоплаш мумкин бўлмаганда, кўрилган зарарлар чегирилмайдиган харажатлар жумласига киритилади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 11-банди). Улар фойда солиғини ҳисоблашда солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 128-моддаси). Бундай мол-мулклар ҚҚС билан харид қилинган ва ҳисобга киритилган бўлса, уларнинг суммасига тузатиш киритилган ҳолда корхона харажатларига киритилади (Солиқ кодексининг 220-моддаси 1-қисми 4-хатбошиси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.