Жорий йилнинг 1 октябридан товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари товарлар, ишлар ва хизматларни сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилар деб эътироф этилади. Бу Президентнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида назарда тутилган.
Импорт шартномаси қачон тузилганлиги аҳамиятга эгами? Масалан, шартнома 2018 йил декабрда тузилган, товар 2019 йил апрелда етказиб берилган. Ушбу ҳолатда етказиб берувчи ҚҚС тўлашга ўтиши лозимми?
– 2019 йил 1 октябрдан бошлаб товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон Фармоннинг 2-банди «б» кичик банди).
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайтар кучга эга бўлмайди ҳамда улар кучга кирганидан кейин юзага келган жамоатчилик муносабатларида қўлланилади (янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси 1-қисми). Жорий йилнинг 1 октябридан амал қилаётган норма кўрсатилган санада амал қиладиган, товар 1 октябрдан кейин жўнатиладиган импорт шартномалари мавжуд бўлган корхоналарга нисбатан қўлланилиши лозим. Айнан улар импорт қилувчилар ҳисобланади. Амалдаги шартномалар тўғрисидаги маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) жойлаштирилади (ВМнинг 21.07.2014 йилдаги 199-сон қарори).
ПФ-5755-сон Фармонга мувофиқ товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт.
Импорт шартноманинг амал қилиш муддати жорий йилнинг 1 октябрига қадар тугаган, яъни ЯИДХПда бу ҳақда маълумот берилган бўлса, ҚҚС тўлашга ўтишингиз керак эмас.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.