Қўшма корхона (МЧЖ) ташкилий мақомини МЧЖга ўзгартираяпти. Бунда чиқиб кетаётган хорижий муассис устав капиталидаги улушидан корхона фойдасига воз кечаяпти. Унинг устав фондидаги улуши – 190,0 млн сўм ёки 60%. 1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра корхонанинг тақсимланмаган фойдаси 200,0 млн сўмни ташкил этади. Корхона УКдаги воз кечилган улуш суммасидан 12% фойда солиғини, яъни 22,8 млн сўм (190,0 х 12%) тўлайди. Бунда корхонанинг тақсимланмаган фойдасига ҳам солиқ солиниши керакми ёки қолган муассислар кейинчалик уни тақсимлашда дивиденд солиғини (5%) тўлайдиларми?
Чиқиб кетаётган муассис ўз улушидан корхона фойдасига воз кечганда ва дивидендларни ҳам олмаганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
– Жамият чиқиб кетаётган иштирокчига соф активлар ҳисоб-китоби билан унинг улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши шарт. Сизнинг ҳолатда тақсимланмаган фойда мавжудлиги сабабли у номинал қийматдан юқоридир. Соф активларнинг (улуш ҳақиқий қийматининг) устав фондига киритилган улуш чегирган ҳолдаги қисми дивидендлар сифатида қаралади ва унга даромад манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 22-моддаси 7-хатбошиси).
Белгиланган устав капитали миқдори камайтирилганда ва воз кечилган улушнинг ҳақиқий қиймати (дивидендларни ҳисобга олган ҳолда) корхона тасарруфида қолганда, у текин олинган мол-мулк сифатида жами даромадга киритилади ва унга фойда солиғи солинади (Солиқ кодексининг 129, 132, 135-моддалари).
Устав капиталининг миқдори ўзгармаган ҳолатларда:
● дивидендлар – соф активларнинг бир қисми чиқиб кетаётган муассис улушининг номинал қийматини чегирган ҳолда корхонанинг фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилади;
● улушнинг номинал қиймати қолган МЧЖ иштирокчилари ўртасида тақсимланади.
Муассисларда текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар юзага келади (Солиқ кодексининг 135, 177-моддалари).
Муассислар жисмоний шахслар бўлса, улар ЖШДСни йил якунланганидан кейин солиқ органларига декларация тақдим этиш орқали тўлайдилар (Солиқ кодексининг 192-моддаси).
Муассислар юридик шахслар бўлганда, улар текин олинган улушни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритадилар (Солиқ кодексининг 135-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.