Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 42 / Муносабат

Хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишнинг қонуний асоси ортмоқда

 

Ташқи иқтисодий фаолият иқтисодиётнинг энг тез ўзгарувчан қисми бўлгани ҳар бир давлатнинг эркин савдо сиёсати доимий равишда унга мослаштириб борилишини тақозо қилди.

 

Иқтисодиёт назариясига кўра, солиқ юки – бу умумлаштирувчи кўрсаткич бўлиб, солиқ йиғимлари умумий суммасининг ялпи миллий маҳсулотга нисбати билан аниқланади.

Америкалик иқтисодчи А.Лаффернинг солиқ юки тўғрисидаги «эгри чизиқ» назариясининг иқтисодий моҳияти шундаки, унга кўра, солиқ юкининг пасайиши хусусий секторнинг инвестиция фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Солиқлар миқдорининг ошиши хуфиёна иқтисодиётнинг ўсишига олиб келади. Оқибатда олинган даромаддан бюджетга солиқ тушуми камаяди.

Ушбу мутахассиснинг қайд этишича, солиқ юкининг даражаси 30 фоизгача бўлганда давлат бюджетининг даромад қисми яхши (қулай) шаклланади.

Ўзбекистонда хуфиёна иқтисодиётнинг кўлами ЯИМга нисбатан ­40–50 фоиз орасида ўзгариб туради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунёда хуфиёна иқтисодиётнинг ўртача даражаси 17,2 фоизни ташкил қилади. Аммо бу кўрсаткич турли мамлакатларда фарқ қилади. Масалан, энг паст кўрсаткич Швейцарияда 8,6 фоиз, Хитойда 12,9 фоиз, Россияда 43,6 фоиз бўлиб, бу борада энг юқори кўрсаткич Боливияда 66,4 фоизни ташкил этади.

Классик назариячилар намояндаси бўлган Адам Смитнинг фикрича, солиқ юкининг пасайишидан давлат кўпроқ ютади. Яъни солиқ юки пасайиши билан хўжалик субъектларида кўпроқ маблағ қолади, уларни ишлаб чиқаришга, кенгайтиришга сарфлаш асосида янада кўпроқ даромад олинади ва бюджетга қўшимча даромад тушади.

Мамлакатимизда солиқ юки йилдан йилга пасайиб бормоқда, жумладан, соф солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1991 йилда 45 фоиз, 2000 йилда 40 фоизни ташкил қилган бўлса, 2014 йилга келиб 20 фоизни ташкил қилди.

Экспертларнинг фикрига кўра, Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони қабул қилиниши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш фондига умумий солиқ юки 2019 йилда 30 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда божхона тўловлари соҳасида ҳам сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017 йил 1 октябрдан бошлаб қўлланилиши белгиланган божхона божи бўйича янги ставкалар жорий этилиши натижасида божнинг ўртача арифметик ҳисоби амалдаги 16 дан 6,5 фоизга ёки 2,5 баробарга пасайган бўлса, акциз солиғига тортиладиган 2 минг 700 та товар позицияларидан 1 минг 500 дан ортиғига акциз солиғи ставкаси «0» ставка миқдорида белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талабларидан келиб чиқиб, импорт божхона божи ҳамда акциз солиғи ставкалари янада унификация қилинди.

Натижада жорий йил 1 январдан бошлаб импорт товарлар учун божхона божининг амалдаги ставкалари қарийб 1,5 баробарга камайган бўлса, акциз солиғига тортиладиган жами 1 минг 530 та товар позицияларидан 778 тасига акциз солиғи ставкаси «0» ставка миқдорида белгиланди. Натижада 752 та товар позициялари бўйича 70 фоизгача бўлган ставкалар янада қисқартирилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқариш учун зарур хорижий ускуналар ва бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни олиб кириш учун қулай шароит яратиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош юқори сифатли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида божхона тўловларидан имтиёзлар бериб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг дастлабки 8 ойида ундирилан божхона тўловлари 9 трлн 883,8 млрд сўмни ташкил этган бўлса, тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларидан берилган имтиёзлар 39 трлн 504,6 млрд сўмдан ортиб кетди.

Юқорида солиқ юки тўғрисидаги фикрларни ҳисобга олиб шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизга импорт қилинган товарларга нисбатан солиқ юки ундирилган бож ва солиқларнинг жами импорт товарлар қийматига нисбатини олиш мақсадга мувофиқ. Мазкур қоида асосида мамлакатимизда сўнгги 5 йилдаги импорт ҳажмида солиқ юкини таҳлил этганимизда, ҳақиқатдан ҳам божхона тўловлари бўйича солиқ юкининг 2014 йилда 17,6 фоиздан 2018 йилда 12,7 фоизга (қарийб 1,4 баробар) пасайиши божхона тўловларидан тушумнинг 2014 йилда 5 714,0 миллиард сўмдан 2018 йилда 11 487,9 миллиард сўмга (ёки 2 баробар) ортишига сабаб бўлган.

Юқоридаги таҳлиллар божхона тўловларидан жами тушумнинг умумий импорт ҳажмига нисбати бўйича ҳисобланган. Бу ерда эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат шундаки, баъзан ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида айрим хом ашё товарлари ва технологик асбоб-ускуналарга божхона тўловларидан имтиёзлар берилиши сабабли божхона тўловлари тушуми пасайса-да, мамлакат ичида ишлаб чиқариш ривожланиши ва кенгайиши натижасида ички солиқлардан давлат бюджетига тушумлар ортиши кузатилади.

Охирги икки йилда мамлакатимизда барча соҳалар каби солиқ ва божхона соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони солиқ ва божхона соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда навбатдаги қадам бўлди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.

Бугунги кунда божхона тўловларидан давлат бюджетига тушумлар таркибида ҚҚСнинг улуши 70–75 фоизни ташкил этаётганини ҳисобга олганда, ушбу ўзгариш ташқи иқтисодий фаолият субъектларида кўпроқ маблағ қолишига, бу орқали ишлаб чиқаришни кенгайтириш туфайли янада кўпроқ даромад олишига имкон яратди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар орқали бюджетга қўшимча даромад тушиб, тизим янада ривожланади.

 

Зокиржон МАККАМОВ,

Давлат божхона қўмитаси

Божхона институти катта ўқитувчиси.

 

ЎзА.

Прочитано: 203 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика