Ташкилот асбоб-ускуна сотиб олиш учун банкдан кредит олган эди, лекин узрли сабабларга кўра (хом ашёнинг йўқлиги асбоб-ускуна ва ходимларнинг туриб қолишига, қарздорларнинг қарзни тўлаш бўйича ҳаракатсизлиги ва ҳ.к. сабаблар) кредит бўйича қарзини ўз вақтида тўлай олмаяпти.
Ташкилот эски қарзини сўндириш учун янгидан кредит олиши мумкинми?
Қонун кредит бўйича қарздорликда таркибий ўзгартиришлар қилинишини назарда тутадими?
– Янги кредит олиш ёки эски кредитни таркибий ўзгартириш (реструктуризация қилиш) банк билан шартномавий муносабатлар асосида ёки банк таклиф қилиши мумкин бўлган шартларга биноан амалга оширилиши мумкин.
Кредит шартномасига мувофиқ ташкилот пул маблағларини олади ва келишилган муддатларда уларни қайтариши шарт. Ташкилот тўловларни ўз вақтида ўтказишни зиммасига олади, форс-мажор ҳолатлар бундан мустасно. Ишда тўхтаб қолишга олиб келган хом ашёнинг мавжуд бўлмаслиги ва қарздорларнинг ҳаракатсизлиги объектив сабаблар ёки форс-мажор ҳолатлар бўла олмайди, балки булар субъектив сабаблар ҳисобланиб, бунинг учун банк жавобгар бўлади. Ташкилот эса, ўз навбатида, кредитни ўз вақтида тўлаш мажбуриятидан озод бўлмайди.
Банк кредитларни ўзининг ички кредит сиёсатига ва кредит операцияларини юритишнинг умумий шартларига мувофиқ равишда беради (АВ томонидан 2.03.2000 йилда 906-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Демак, агар бу банк сиёсатида назарда тутилган бўлса, у амалдаги кредитни сўндириш учун кредит тақдим этиши мумкин.
Қарздор корхонанинг мажбуриятларини таркибий ўзгартириш қарздор корхона мажбуриятларининг бажарилишини кечиктириш ёки уларни бўлиб-бўлиб бажариш, қарздор корхона талаблари ҳуқуқини ўзгаларга бериш, унинг мажбуриятлари учинчи шахслар томонидан бажарилиши, қарзидан чегириш, кредиторлар талабларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усуллар билан қондириш сифатида бўлиши мумкин (Низомнинг 13-банди, ВМнинг 23.03.2004 йилдаги 138-сон қарорига 1-илова). Банк билан шартномавий муносабатлар ва банк таклиф қилиши мумкин бўлган шартларга мувофиқ кредит шартномасини таркибий ўзгартириш ҳам мумкин.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.