Norma.uz

Ерни хусусийлаштиришда қўйиладиган янги талаблар

 

Ер қандай хусусийлаштирилади, кимларга берилади ва унинг миқдори қанча бўлиши мумкин?

 

Куни кеча «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун ўз моҳияти ва мақсадига кўра тарихий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Чунки шу пайтгача Ўзбекистонда ерни хусусийлаштириш мумкин эмас эди.

 

Қонуннинг мақсади – жисмоний ва юридик шахслар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.

Қонунга кўра, ер участкасини хусусийлаштириш – оммавий мулк бўлган ер участкасини Ўзбекистон фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар мулкига ўтказишдир.

Қишлоқ  хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Қуйидаги турдаги ер участкалари хусусийлаштирилиши мумкин: юридик шахсларга тегишли бўлган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари; Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари; бўш турган ер участкалари; Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари.

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди: тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари; фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари; табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари; хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари; эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарига берилган ер участкалари.

Ер участкаларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар хусусийлаштириши мумкин.

Чет эллик фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар хусусийлаштирилган ер участкаларини олиш ҳуқуқига эга эмас.

Энди хусусийлаштириш тартиби қандай, деган саволга жавоб изласак. Ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Берилган ариза Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Комиссия ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини тузади.

Комиссиянинг хулосаси ҳокимнинг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ёки хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этишга қуйидагилар асос бўлиши мумкин: ер участкаларига нисбатан суд жараёни кетаётган бўлса; ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларига нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжуд бўлса; ариза берилгунига қадар ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, инфратузилма объектларини қуриш тўғрисида ваколатли давлат органлари ҳужжатлари мавжуд бўлса; аризада нотўғри, бир-бирига зид бўлган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланса; ер участкаси учун қонунда белгиланган муддатда ва тўлиқ тўлов қилинмаган бўлса.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунда қабул қилинади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор эса хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.

Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби: Бўш турган ер участкалари аҳоли пунктларининг ва ҳудудларнинг бош режаларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқланади; Урбанизация агентлиги билан келишилган ҳолда электрон ­онлайн-аукцион орқали юридик ва жисмоний шахсларга мулк қилиб сотилади; электрон онлайн-аукцион орқали сотилганда инвестиция мажбуриятлари ҳам юкланиши мумкин.

Хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов миқдори: Хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов комиссиянинг ижобий хулосаси тўғрисида ёзма ёки электрон билдиришнома олинганидан кейин 10 иш куни ичида жисмоний ва юридик шахс томонидан амалга оширилиши лозим.

Кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкасини хусусийлаштириш учун тўловнинг миқдори юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ҳамда хусусийлаштириладиган кунда тегишли ерлар учун белгиланган ер солиғи ставкасининг каррали миқдорларида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хусусийлаштириладиган бўш турган ер участкасининг қиймати электрон онлайн-аукционга қўйиладиган ер участкаларининг бошланғич нархи онлайн-аукционга қўйиш пайтидаги бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади.

Хусусийлаштирилган ер участкасининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади: эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш; ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш; ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилиши бартараф этилишини талаб қилиш; ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш; уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший ва бошқа иморатлар ҳамда иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузиш.

Хусусийлаштирилган ер участкаси мулкдорларининг мажбуриятлари ер участкасидан фойдаланишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши; бошқа ер участкаларининг мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши; ер участкаларини олиш чоғида ўз зиммасига юклатилган инвестиция мажбуриятларини бажариши шарт.

Хусусийлаштирилган ер участкасини мулкдордан олиб қўйиш фақат: мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ушбу ер участкасига қаратилганда; национализация қилинганда: реквизиция қилинганда, мусодара қилинганда.

Мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув қаратилган, олиб қўйилаётган хусусийлаштирилган ер участкасининг қиймати «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ аниқланади.

Ер участкаларини национализация қилишда тўлов асосида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётганда, албатта, ер участкаси мулкдорининг розилигини олиш талаб қилинади.

Хусусийлаштирилган ер участкаси табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ҳолларида ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларда унинг мулкдоридан Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ олиб қўйилиши (реквизиция қилиниши) мумкин.

Бунда хусусийлаштирилган ер участкасининг мулкдорига етказилган зарарларнинг ўрни қопланиб, унга реквизиция тўғрисида ҳужжат берилади.

Реквизиция амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ҳолатларнинг амал қилиши тугагач, реквизиция қилинган ер участкасининг собиқ мулкдори сақланиб қолган мол-мулкини ўзига қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Хусусийлаштирилган ер участкаси жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда мулкдордан суд қарори асосида олиб қўйилиши (мусодара қилиниши) мумкин.

Эслатиб ўтамиз, қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришни апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.

 

Ғайбулло Примов,

Адлия вазирлиги масъул ходими.

ЎзА.

Прочитано: 1438 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика