Фалокат оёқ остидадир, деган гап бор. Лекин баъзида лоқайдлигимиз, ношудлигимиз туфайли бало-офатларга ўзимиз ҳам сабабчи бўламиз.
Бизнинг асрни иссиқлик энергияси – электр ва газ таъминотисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Оддийгина телефонимиз қувват олиши учун ҳам электр токидан фойдаланамиз. Лекин мана шу асбоблардан палапартиш фойдаланиш, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик кўпинча аянчли ҳолларга олиб келмоқда.
Ҳозирги кунда корхона-офисларда нима кўп – электр кабель ва симлар кўп. Иш жойларида корхона тавсияси ва йўриқномасига зид бўлган электр аппаратураси ва жиҳозларидан, ҳимоя қобиғининг ҳимоялаш даражаси йўқотилган ёки зарарланган электр кабель ва симлардан фойдаланиш ана шундай аянчли ҳолатларга олиб келмоқда.
Офисларда ортиқча кучланиш ва қисқа туташув токларидан ҳимоялаш учун қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш, ноўлчам (қўлбола) электр иситгичларни ишлатиш ҳам мумкин эмас.
Корхонамиз телевизион кўрсатувларни тайёрлашга ихтисослашган бўлиб, унда 3 та катта, 3 та кичик студия ва 4 та аппаратура хоналари мавжуд. Шунинг учун ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишларини доимо олиб боришимизга тўғри келади. Суҳбатларда телевизион студия ва аппарат хоналарига қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини эслатиб борамиз. Хусусан:
♦ студиядаги ҳар бир чиқиш эшиклари ёритиладиган «Чиқиш» ёки «Захира чиқиш» деган яшил рангдаги ёзув билан таъминланиши;
♦ кўрсатув ва репитиция даврида ёнғинга қарши тартибни сақлаш ва назоратни таъминлашга жавобгар шахсни тайинлаш;
♦ суратга олиш даврида оловли эффектлардан рухсатсиз фойдаланмаслик;
♦ студияларда ишлатиладиган декорация ва пардозлаш материалларини оловдан сақловчи суюқлик билан ишлов бериш;
♦ кўрсатувлар тугаганидан сўнг ортиқча декорацияларни студиядан чиқариб юбориш;
♦ суратга олиш даврида отишмалар, портлашлар ва портлаш ҳодисаларини эмитация қилиш учун ёнғин хавфсизлигини таъминловчи ускуналар ёрдамидан фойдаланиш кабилар.
Энг муҳими, ҳар бир иш ўрнида ёнғин хавфсизлигига жавобгар шахслар пухта иш олиб борса, эслатма материаллар ходимларнинг кўз остида турса бўлгани.
Муҳаммад Норбоев,
ЎзМТРК ЁХБ кичик инспектори, сафдор.