Кейинги вақтларда ҚҚС бўйича имтиёзларни бекор қилиш ва унинг ставкасини пасайтириш масалалари тез-тез муҳокама қилинмоқда. Фикр-мулоҳазалар кўп. Айримлар солиқ ставкасини 6–7% гача пасайтиришни таклиф қилмоқда. Бошқалар – 12% гача. Учинчилар фойда солиғини оширишни таклиф қилишмоқда. ЖШДС ставкалари бўйича ҳам таклифлар оз эмас. Таҳририятнинг илтимосига кўра ушбу таклифларни молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ шарҳлашга розилик билдирди.
– Қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш ёки имтиёзларни тақдим этиш аҳоли ва бизнес учун фойдали деган фикр кенг тарқалган. Бу фикрдан келиб чиқилса, ҚҚС тўлашдан озод этиш ёки ставканинг пасайтирилиши қуйидагиларга олиб келиши керак:
1) имтиёз берилган товарлар нархининг тушиши, бу даромад даражаси паст бўлган аҳоли қатламлари учун фойдали бўлади;
2) жамият нуқтаи назаридан «фойдали» бўлган товар ва хизматларнинг истеъмоли рағбатлантирилади;
3) товарлар сотуви ҳажми, айниқса кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларда савдо ҳажми ошади, пировардида мазкур товарларни ишлаб чиқарувчи тармоқларда банд бўлганларнинг сони ошади.
Бундай стереотип имтиёзларни қўллаш ёки ҚҚС ставкасини пасайтириш ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларни нархларни туширишга илҳомлантиради, деган тахминга асосланади. Лекин бу тахмин бозорнинг асосий қонунини ҳисобга олмайди – товарнинг нархи солиқларнинг ҳажмидан эмас, балки талаб ва таклифнинг нисбатидан келиб чиқиб белгиланади. |
Истеъмол нархлари мутлақ ҚҚС ставкасига боғлиқ эмаслигини халқаро тажриба ҳам кўрсатмоқда. Хусусан, ХВЖнинг 2000 йиллар бошида Европа Иттифоқи мамлакатларида ўтказган уч йиллик тадқиқоти натижаларини олайлик. Тадқиқот деярли барча тармоқларни, Франция, Швеция ва Финляндиядаги умумий овқатланиш хизмати соҳасидан тортиб, Португалиядаги спорт клубларини қамраб олди. Мазкур тармоқларнинг айримларида ҚҚС 15%лик банддан ҳам кўпроқ туширилди. Натижада Европа комиссияси ҚҚС ставкасининг туширилиши кўп ҳолларда нархлар қисқаришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганлиги борасидаги хулосага келди. Бизнес, нархларни тўловга қобилиятли талабдан келиб чиқиб шакллантирар экан, уларни эски даражасида сақлаб қолди ва янада кўпроқ фойда келтирувчи ҳолга келди.
Нархларнинг ҳар ҳолда қисқа муддатли пасайиши кузатилган соҳаларда ҳам улар йил давомида яна ўз даражасига қайтди. Яъни ҚҚС пасайтирилишидан фуқаролар ҳеч нарса ютмайди – улар сотиб олаётган товарлар ёки хизматларнинг нархи илгариги даражасига чиқиб олади.
ҚҚС пасайтирилишидан «ҚҚС занжири»нинг охирида турган ва товарларни охирги истеъмолчига сотадиган бизнес ютади. Европа мамлакатларида олиб борилган тадқиқотлар чакана сотувчиларнинг фойдаси солиқ ставкасининг пасайишига мутаносиб ўсиб борганлигини кўрсатади. Ўзбекистонда ҳам бизнес ўзини шу тарзда тутмоқда. Аксарият ритейлерлар ҳисоб-китоблар билан шуғулланмайди – нархларни сақлаб қолишади ва шунчаки фойдани ошириб қўйишади. ҚҚС ставкаси пасайтирилиши ҳисобидан кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаб бўлмайди...
Тадқиқотлар яна бир қизиқарли далилни аниқлади: ҚҚС бўйича имтиёзлардан юқори даромадга эга бўлган шахслар камроқ даромадга эга бўлганларга нисбатан кўпроқ ютар экан. Сабаби улар ҳам кўпроқ истеъмол қилишади, ҳам улар истеъмол қиладиган маҳсулотнинг қиймати юқорироқдир. Тегишли равишда, билвосита солиқлар пасайтирилганда айнан юқори даромадга эга бўлган шахслар энг кўп иқтисод қиладилар. |
Масалан, пуллик соғлиқни сақлаш хизматлари ҚҚСдан озод этилган. Шунинг ортидан ёлғиз пенсионер аёл маблағини иқтисод қила олади, деб бўлармиди, ахир унинг хусусий тиббий марказга бориб даволаниши эҳтимолдан анча йироқ-ку. Ёки давлат поликлиникасининг бепул тиббий хизматларидан фойдаланаётган кўп болали аёлни олайлик. Охир-оқибатда хусусий тиббиётнинг ўзига тўқ мижозлари маблағларини иқтисод қилиш имкониятига эга бўладилар, чунки улар шундоғам мазкур хизматларга ҳақ тўлашга тайёр эдилар. Имтиёзлар даромади ўртача даражадан юқори бўлганлар учун кўпроқ фойдали эканлиги ана шундандир. |
ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши давлат бюджети даромадларининг кескин камайишига олиб келиши ҳам аҳамиятли масала, сабаби мазкур солиқ бюджетнинг учдан бир қисмидан кўпни ташкил этади. Айнан шу маблағлар ҳисобидан, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа давлат муассасалари молиялаштирилади.
Бинобарин, кўпгина мамлакатлар бошқача йўл тутишади: ҚҚС ставкасини пасайтиришмайди, балки бюджет даромадининг бир қисмини аҳолининг кам таъминланган қатламини мақсадли қўллаб-қувватлашга йўналтиради. Кам таъминланган фуқароларни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ижтимоий нафақалар ёки бошқа мақсадли тўловлар ҚҚС бўйича имтиёзлардан кўра самаралироқ ўринга эга.
Ҳозирда биз ҚҚСнинг бизнес учун нейтраллигини таъминлаш устида иш олиб бормоқдамиз. Бу эса уни ҳисобга киритиш, шунингдек, ҳисобга киритилган сумманинг ҳисобланган ҚҚС суммасидан ошган суммасини қайтариш имкониятига боғлиқдир. Бугунги кунда кўчмас мулк объектлари бўйича ҳисобга киритиш 36 ой мобайнида амалга оширилиши мумкин. Яъни бинони ҚҚС билан харид қилар экан, инвестор оборотдаги маблағларини узоқ муддатга музлатиб қўяди.
ҚҚС ставкаси пасайтирилганда фойда солиғини ошириш ғоясига келсак, бу инвесторларга ёқади деб ўйламайман. Инвесторларни лойиҳа қачон ўзини оқлаши ва улар фойдадан қанча тўлашлари кераклиги қизиқтиради. Шунинг учун аксарият мамлакатларда инвестицияларни жалб этиш мақсадида фойда солиғи ставкасини пасайтиришади.
Муҳокама қилинаётган яна бир таклиф – жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинмайдиган энг кам миқдорни киритиш. У солиқ солишнинг прогрессив шкаласида киритилади. Масалан, Францияда 2015 йилда солиқ солинмайдиган энг кам миқдор солиқ солишнинг прогрессив ставкаси 5,5 дан 75% бўлганда йилига 6 011 еврони ташкил этган. Буюк Британияда – солиқ солинмайдиган энг кам миқдор 2015 йил учун 2 790 фунт стерлингни ташкил этган, солиқ ставкалари эса 20, 40 ва 45% миқдорида ўрнатилган. Солиқ солишнинг бундай тизими Австралия, Австрия, Албания, Озарбайжон, Бельгия, Германия, Греция, Кипр, Финляндия, Швейцария ва бошқа кўп мамлакатларда қўлланилади. |
2019 йилгача Ўзбекистонда энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдоридаги солиқ солинмайдиган энг кам миқдор билан ЖШДСнинг 4 поғоналик шкаласи амалда бўлган. Ҳозирда 12% миқдорида унинг ягона (текис) ставкаси амал қилмоқда. Солиқ солинмайдиган энг кам миқдорнинг киритилиши текис шкаланинг моҳиятини бузади, сабаби солиққа прогрессивлик элементини қўшади. Унинг моҳияти эса даромадининг даражасидан қатъи назар, айнан барча солиқ тўловчилар, даромад суммасидан бир хил фоиз тўлаши лозимлигидадир. Шунда солиқ юки барчага бир хил тушади.