Фойда солиғини тўлайдиган корхона янги технологик ускуна ишга туширилган пайтдан бошлаб имтиёзни қўллаш ҳуқуқига эга. Янги ускуна қиймати – 167,6 млн сўм. Янги ускунадан ташқари, бошқа барча АВлар бўйича бир йилдаги амортизация суммаси – 168,8 млн сўм. Янги ускуна бўйича бир йилда – 13,4 млн сўм. 2019 йил июлда янги ускуна ишга туширилди.
Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда амортизация суммаси бир йил учун ҳисобга олинадими ёки чорак учунми?
Амортизация суммаси барча АВлар бўйича олинадими ёки фақат эндигина ишга туширилган янги ускуна учунми?
– Солиқ солинадиган фойда янги технологик жиҳоз харид қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига, тегишли солиқ даврида ҳисобланган амортизацияни чегириб ташлаган ҳолда, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 30%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади (Солиқ кодексининг 159-моддаси 3-қисми). Йил фойда солиғи бўйича солиқ давридир (Солиқ кодексининг 162-моддаси).
Солиқ кодексида амортизация бирор-бир АВлар рўйхати билан чекланиши кўрсатилмаган. 0200-«Асосий воситаларнинг эскириши» счёти бўйича акс эттирилган бутун йиллик амортизация суммаси имтиёзли суммадан чегирилади.
Сизнинг мисолингизда:
● 2019 йилда ишга туширилган янги технологик ускуна қиймати – 167,6 млн сўм;
● 2019 йил учун барча асосий воситалар бўйича амортизация – 182,2 млн сўм (168,8 + 13,4).
Солиқ даври (2019 йил) учун амортизация суммаси янги технологик ускуна қийматидан юқоридир. Фойда солиғи бўйича имтиёзни қўллай олмайсиз.
«Амортизация» тушунчасининг иқтисодий мазмунини билиб олсак, ҳаммаси тушунарли бўлади. Амортизация – ишлаб чиқариш мақсадида асосий фондлар ўз қийматини ишлаб чиқарилган маҳсулотга ўтказиш жараёни. Амортизациянинг асосий мақсади – асосий ишлаб чиқариш фондларини кейинчалик тўлиқ тиклаш (реновация) учун зарур маблағларни жамғариш.
Шу тариқа, корхонангизда бир йил давомида асосий воситаларни янгилаш учун етарли маблағ жамланади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.