Корхонанинг асосий фаолият тури – мол-мулкни оператив ижарага бериш. Шунингдек у хорижий корхоналарга темир йўл цистерналарини хорижий валютага иккиламчи ижарага беради.
Мол-мулкни иккиламчи ижарага беришдан тушум экспортга реализация қилинган ҳажмга тўғри келадиган фойда қисмида 15%дан ошиб кетса, фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш мумкинми?
– Ҳа, мазкур имтиёзни қўллаш мумкин.
Иккиламчи ижара - ижарачи ижарага берувчининг розилиги билан, ижарага берувчининг олдида ижара шартномаси юзасидан жавобгарликни сақлаган ҳолда ижарага олинган мол-мулкни бошқа шахсга иккиламчи ижарага топширадиган шартнома муносабати (АВ томонидан 24.04.2009 йилда 1946-сон билан рўйхатдан ўтказилган 6-сон БҲМСнинг 11-банди).
Хорижий корхоналарга темир йўл цистерналарини иккиламчи ижарага бериб, корхонангиз экспортга хизмат кўрсатади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Бунда цистерналар хусусий ёки ижарага олингани аҳамиятга эга эмас. Бинобарин, товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумда хорижий корхоналарга темир йўл цистерналарини иккиламчи ижарага беришдан тушум улуши 15%дан юқори бўлган тақдирда, экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган фойда қисми бўйича солиқ солинадиган базани камайтиришингиз мумкин (29.11.2018 йилдаги ПФ-5587-сон Фармоннинг 1-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.