Ижарага берувчи солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимида бўлса, ускунани ижарага беришдан олинган даромадларга қандай солиқлар солинади?
– Мол-мулкни ижарага берувчи корхона шартномада белгиланган ижара ҳақини жами даромадга киритади (Солиқ кодексининг 129, 132-моддалари). Бунда мол-мулкни ижарага беришга оид харажатлар асосий воситалар учун – амортизация ажратмалари, автотранспорт учун – техник кўрик, кўчмас мулк ва бошқалар учун – мол-мулк солиғи бўлиши мумкин. Имтиёзлар ва чегирилмайдиган харажатларга тузатилган даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқ фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади.
Мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури ҳисобланса, хизматлар (мисол учун амортизация, техник кўрик ва бошқа харажатлар) таннархи белгиланган ижара ҳақидан ошиб кетган тақдирда солиқ солинадиган база хизматлар таннархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 130-моддаси 5, 11-қисмлари).
ҚҚС солиш мақсадида мол-мулкни ижарага беришга хизматлар сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 218-моддаси 8-қисми). Ижарага беришдан олинган даромадлар солиқ солинадиган оборот деб эътироф этилади ва уларга ҚҚС ҳисобланади (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-қисми 5-банди).
Шуни ҳисобга олиш лозимки, хизматлар таннархи (масалан, амортизация, техник кўрик ва бошқа харажатлар) белгиланган ижара ҳақидан юқори бўлса, солиқ солиш мақсадида ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база хизматлар таннархидан келиб чиққан ҳолда белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 2-қисми).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.