Биздан камерал назорат натижаларига кўра мол-мулк солиғини кредит олиш учун аниқланган бинонинг баҳолаш қийматидан келиб чиқиб қайта ҳисоблашни сўрашмоқда.
Бинонинг баҳолаш қиймати мол-мулк солиғини қайта ҳисоблаш учун асос бўла оладими?
– Йўқ, кредит олиш учун аниқланган бинонинг баҳолаш қиймати мол-мулк солиғини қайта ҳисоблаш учун асос бўлмайди. Лекин мазкур ҳолни аниқ тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзи ҳам мавжуд эмас.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар аниқ бўлиши керак. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳар бир солиқ тўловчи қайси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, қачон, қанча миқдорда ҳамда қай тартибда тўлаши кераклигини аниқ биладиган тарзда ифодаланган бўлиши керак (Солиқ кодексининг 7-моддаси). Ҳеч кимнинг зиммасига Солиқ кодексида назарда тутилмаган ёки унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмас (Солиқ кодексининг 6-моддаси).
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солиш базаси Солиқ кодексининг 267, 268-моддаларига мувофиқ белгиланади.
Бинобарин, мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база қуйидагилардир:
● кўчмас мулк бўйича – ўртача йиллик қолдиқ қиймати. Кўчмас мулкнинг қолдиқ қиймати ушбу мол-мулкнинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амортизация ҳажми ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади;
● норматив (белгиланган) муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари ва ишга туширилмаган асбоб-ускуналар бўйича – тугалланмаган қурилишнинг ва ўрнатилмаган асбоб-ускуналарнинг ўртача йиллик қиймати.
Солиқ тўловчилар солиқ ва бошқа ваколатли органлар ҳамда улар мансабдор шахсларининг Солиқ кодексига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлари ҳамда талабларини бажармаслик ҳуқуқига эгалар (Солиқ кодексининг 31-моддаси 1-қисмининг 11-хатбошиси).
Давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят бериш учун ҳар бир солиқ тўловчи давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига (юқори турувчи мансабдор шахсига) ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга (Солиқ кодексининг 122-моддаси). Шикоят бериш муддатлари ва тартиби Солиқ кодексининг 123–125-моддаларида белгиланган.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.