Ташкилот улгуржи савдо билан шуғулланади. Раҳбариятнинг қарорига биноан 2019 йилнинг I чорагида соғлиқни сақлаш муассасаларига 400 млн сўмлик товар бепул берилган эди. Мазкур сумма Фойда солиғи ҳисоб-китобида 020-«Товарларни таннархидан паст баҳоларда реализация қилишдан ва текин беришдан кўрилган зарарлар» сатрида акс эттирилган эди. Тегишли равишда, фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган база шу суммага ошди ва у 12%лик ставкада тўланди. II чоракда соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа муассасага ҳам 500 млн сўмлик товар текинга берилган.
II чорак учун Фойда солиғи ҳисоб-китобида 020-сатр бўйича қайси суммани акс эттириш керак: I ва II чораклар учун – 900 млн сўмними ёки фақат II чорак учун – 500 млн сўмними?
– Тасдиқланган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида (ДСҚ ва МВнинг АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 1-илова) кўрсаткичларни ўсиб борувчи тартибда тўлдириш назарда тутилади. Тегишинча, Фойда солиғининг ҳисоб-китоби 020-сатрида сиз 900 млн сўмни акс эттиришингиз керак.
Сиз имтиёздан фойдаланишингиз мумкин. Юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси соғлиқни сақлаш муассасаларига бериладиган ҳомийлик ва хайрия тариқасидаги маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 2%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади (Солиқ кодекси 159-моддасининг 1-банди).
Шунингдек, Фойда солиғи ҳисоб-китобига 4-«Имтиёзлар» иловасининг 061-сатрида солиқ солинадиган базани камайтирадиган, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 2%идан кўп бўлмаган миқдордаги суммани кўрсатинг.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.