Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 32 / Устуворликлар

Энг улуғ, энг азиз неъмат

 

Президентимизнинг 2019 йилиюлдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида истиқлол туфайли мамлакатимиз ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бораётгани таъкидланади.

 

Дарҳақиқат, мустақиллик – бугун биз эришган юксак марраларга қанот бағишлаган куч. Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўй кўрсатиб турган озод ва обод Ватан манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. Шу боис халқимиз ҳар йили энг улуғ ва энг азиз байрамимизни ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан кутиб олади. Шу маънода ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онгу шуурига етказиш мақсадга мувофиқ ишлардан.

Айниқса сўнгги йилларда олиб борилган кенг кўламли ­ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити кучайтирилди, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ­рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 12 апрелда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу Фармонда 26 январь – «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни» касб байрами этиб белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги қарори билан эса Давлат божхона хизмати органларининг расмий рамзлари – байроғи ва фарқлаш белгиси тасдиқлангани машаққатли касб эгаларига ҳурмат-эҳтиром ҳамда қўшимча масъулият сифатида қабул қилинди.

2018 йил 1 декабрдан божхона расмийлаштирувига доир ҳужжатларни текшириш бўйича хавф даражаси ўрта ва юқори – «сариқ» ва «қизил» йўлак тизимлари тўлиқ ишга туширилди. 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб эса хавф даражаси паст юкларни чиқариб юборишда божхона назорати шакллари амалга оширилмайдиган «яшил йўлак», хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга юклар чиқариб юборилгандан сўнг божхона назорати шакллари амалга ошириладиган «кўк йўлак» тизимлари жорий этилди.

Бундан ташқари, республикада ваколатли иқтисодий оператор институтининг жорий этилиши божхона органларида рўйхатдан ўтган, қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркорлик субъектларига соддалаштирилган тартиб-тамойиллардан фойдаланиш ҳуқуқини берди. Бунинг натижасида ҳалоллик билан ишлайдиган субъектлар рағбатлантирилди, қонунбузилишлар профилактикаси самарадорлиги оширилди, божхона расмийлаштирувига сарфланадиган вақт қисқарди. Бунда товарларнинг ўз омборига туширилиши, божхона кузатувисиз ташилиши, божхона тўловларини белгиланган тартибда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш каби қатор енгилликлар белгиланди.

2019 йил 1 февралдан Тошкент ҳудудидаги божхона постларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тезкор ва бепул божхона декларациясини тўлдириш бўйича хизмат кўрсатувчи махсус гуруҳ – «фронт-офис»ларни тузиш тажрибаси жорий этилди. Айтиш жоизки, божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда тезкорликни таъминлаш божхона постларидаги ходимлар фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Бугун бу кўрсаткич экспортда ўртача 3–4 соатни, импортда эса 10–12 соатни ташкил этмоқда. Эндиликда божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда барча божхона постлари кесимида ДБҚнинг расмий веб-сайтида эълон қилинмоқда. 2019 йил 1 мартдан божхона кўриги жараёни қўмитанинг видеокузатув тизими билан жиҳозланган жойларда амалга оширилиши назар тутилган.

Агар юқоридаги талаблар ҳаётга тўғри татбиқ этилиб, вазифалар уддаланса, бу билан Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» халқаро рейтингининг «Халқаро савдо» йўналиши ва «Логистика самарадорлиги индекси»да Ўзбекистоннинг юқори поғоналарга кўтарилиши таъминланади.

Бу улкан вазифаларни рўёбга чиқаришда малакали кадрлар масаласи доимо долзарб бўлиб туради. Зеро, ислоҳотларни амалга ошириш профессионал мутахассислар зиммасига тушар экан, божхона иши ва ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш шароитида божхона соҳасида бўлажак профессионал кадрларни тайёрлаш тизимида ҳам янгича ёндашувлар тақозо этилади.

Ўз навбатида, ушбу тизим ҳозирда мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришларга мос, хусусан ўқитишнинг инновацион шаклларини ўз ичига олган, амалиётга йўналтирилган ва мукаммал бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан, республика Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3995-сон қарорига мувофиқ ДБҚнинг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди. Шу билан бир қаторда, Божхона институти тузилмаси такомиллаштирилди, жумладан, «Ахборот технологиялари ва моделлаштириш маркази», «Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш маркази», «Божхона назорати техник воситалари ўқув лабораторияси» каби янги таркибий тузилмалар ташкил этилди.

Келгусида божхона хизмати органларида стратегик режалаштириш механизмини яратган ҳолда тизимни нафақат иқтисодий хавфсизликни муҳофаза қилувчи орган сифатида, балки халқ фаровонлигини ошириш, кишиларнинг соғлиғини сақлашга ҳисса қўшадиган миллий, экологик, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашувчи асосий кучлардан бирига айлантириш кўзда тутилган.

 

Р.ГАИПНАЗАРОВ,

ДБҚнинг Божхона институти «Маънавият ва ёшлар тарбияси маркази» бошлиғи.

 

Прочитано: 276 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика