Ўзбекистонда аккредитацияланган ваколатхонага эга хорижий компания бухгалтерия ҳисобини юритиш функцияларини аутсорсинг компаниясига топширишга қарор қилди.
Бунда ваколатхона ўтган фаолият даврлари учун аудиторлик ёки солиқ текширувини ўтказиши шартми? Уни ўтказиш муддатлари юзасидан муайян чекловлар (масалан, 5 йил, 3 йил учун ва ҳ.к.) белгиланганми?
– Йўқ, мазкур ҳолда ваколатхона аудиторлик ёки солиқ текширувини ўтказиши шарт эмас.
Аудиторлик текшируви мажбурий ва ташаббус тарзидаги шаклларда ўтказилиши мумкин. Ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши керак бўлган субъектлар рўйхати «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасида белгиланган. Унга қуйидагилар киритилган:
♦ акциядорлик жамиятлари;
♦ банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
♦ суғурта ташкилотлари;
♦ инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамлаб турувчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар;
♦ манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари бўлмиш хайрия фондлари ва бошқа ижтимоий фондлар;
♦ маблағларининг ҳосил бўлиш манбалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қилинадиган мажбурий ажратмалар бўлмиш бюджетдан ташқари фондлар;
♦ устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари;
♦ фонд ва товар биржалари.
Хорижий компанияларнинг ваколатхоналари мазкур рўйхатга кирмайди. Бироқ зарурат туғилганда ўз ташаббусингизга кўра аудиторлик текширувини ўтказишингиз мумкин.
Солиқ текшируви давлат назорати шакли ҳисобланади. У Солиқ кодексининг 88-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда ўтказилади. Уларга қуйидагилар киради:
♦ тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органнинг текширувни ўтказишга розилиги, ушбу розиликда текшириладиган объектнинг номи, СТИР, текширувнинг мақсади, текширув ўтказиш муддатлари ва уни асословчи сабаблар кўрсатилади;
♦ солиқ органининг буйруғи, буйруқда текширувни ўтказиш мақсади, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби кўрсатилади.
Сизнинг ҳолатингиз кўрсатилган асосларнинг биронтасига тўғри келмайди.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.