Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 12 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

14.03.2019 йилдаги ЎРҚ–530-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилди.

 

Хусусан, Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун санкциялар жорий этилмоқда. Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солинади:

♦ Омбудсман олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаслик, унинг ишига тўсқинлик қилиш, унга била туриб ёлғон ахборот бериш;

♦ мурожаатларни, хулосаларни, тақдимномаларни, илтимосномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этиш.

Мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий судлар кўриб чиқади.

Омбудсманга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича ваколатлар берилди. Улар қамоқда сақлаш жойларига ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларга татбиқ этилади.

Ушбу фаолиятга кўмаклашиш учун Омбудсман ННТнинг, қоида тариқасида, юриспруденция, тиббиёт, психология, педагогика ва бошқа соҳаларда касбий ҳамда амалий билимларга эга бўлган вакиллари орасидан эксперт гуруҳини тузади. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Эксперт гуруҳи тўғрисидаги низомни тасдиқлайди, унинг аъзоларининг вазифаларини белгилайди ва уларга тегишли жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланмалар беради.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 15.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

ИИВ экология учун зарарли транспортдан фойдаланишнинг олдини олади

 

13.03.2019 йилдаги ЎРҚ–529-сон Қонун билан «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди. Ўзгартиришлар уч ой ўтгач кучга киради.

 

Фуқароларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари кенгайтирилди: атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ва жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишда иштирок этиш имкони қайд этилди («Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси).

Вазирлар Маҳкамаси, Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий ҳокимият, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТнинг ваколати белгиланди. Илгари атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан, физикавий омилларнинг унга зарарли таъсир кўрсатишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланар эди. Энди бу вазифа Ҳукумат зиммасига юклатилади.

Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативларини тасдиқлаш амалиёти бекор қилинди.

Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатилишини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш ва ундан фойдаланиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди. 

Биринчидан, энди атмосфера ҳавосига кўчма (илгари – фақат турғун) ифлослантирувчи манбалардан ифлослантирувчи моддалар чиқарилган ҳолларда буни амалга ошириш мумкин;

Иккинчидан, Ички ишлар вазирлиги тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга органлар жумласига киритилди. Идора фойдаланилиши атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатадиган автомототранспорт воситалари устидан давлат экологик назоратини амалга оширади. Бундай ваколатга эга бўлган бошқа органлар ҳокимликлар, Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобланади.

 

Маълумот учун: тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш (бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Фаолияти атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни, биологик организмларни, иссиқхона газларини ва озонни бузувчи моддаларни чиқариш ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар зиммасига янги мажбуриятлар юклатилди:

♦ озонни бузувчи моддаларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўймаслик, рециркуляцияни (уларни қайта ишлатиш мақсадида бирламчи тозалашни) амалга ошириш;

♦ атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини белгилаш;

♦ атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг сифат ва миқдорий таркибини аниқлаш учун намуналар олинишини таъминлаш ҳамда ўлчовларни амалга ошириш;

♦ ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғининг, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларнинг ёки моддалар аралашмасининг ёқилишига, шунингдек ёқилғи ҳисобланмайдиган материаллар ва чиқиндиларнинг ёқилишига йўл қўймаслик, бундан ёқиш махсус ускуналардан фойдаланиб ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги ва чиқиндилар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилган ҳоллар мустасно.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 14.03.2019 йилда расман эълон қилинган ва 15.06.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Ижро ишини юритиш соддалаштирилмоқда

 

Президентнинг 12.03.2019 йилдаги ПҚ-4236-сон қарорида суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари комплекси кўзланган. Улар 3 босқичда амалга оширилади.

 

Биринчидан, 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади. Бунда ундирувчининг аризаси бўйича 15 кундан кўп бўлмаган муддатга ижро иши юритиш тўхтатиб турилади. Жараёнга давлат ижрочиси ва давлатнинг бошқа органлари вакилларининг аралашуви тақиқланади.

Томонлар ҳар қандай босқичда ижро предметига доир келишувни расмийлаштирсалар, ижро ишини юритиш тугатилади. Келишувга келмасалар, томонлардан бири медиацияни давом эттиришдан воз кечса ёки уни амалга ошириш муддати тугаса, ижро иши юритиш қайтадан тикланади. Бунда медиация тартиб-таомили такроран амалга оширилмайди.

Иккинчидан, 1 июндан бошлаб ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб 1 иш куни ичида ҳал этилади (ҳозир – 3 кунда). Ижро ҳаракатларини икки марта кечиктиришга йўл қўйилади (ҳозир фақат кечиктирилиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган – 10 кундан ортиқ эмас).

Иш юритишда иштирок этиш учун тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур эканлиги белгиланди.

Учинчидан, 1 октябрдан бошлаб Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси жорий этилади. Унга тегишли маълумотлар базаси тизимлари билан интеграция қилиш орқали қуйидагилар киритиб борилади:

♦ ижро органлари юритувига келиб тушган барча ижро ҳужжатлари;

♦ ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан солинган ва ундирилган маъмурий жарималар ҳақидаги маълумотлар.

Ваколатли органлар (мансабдор шахслар)нинг белгиланган муддат давомида ихтиёрий тартибда бажарилмаган маъмурий жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлари мажбурий ижро этиш учун электрон ҳужжат кўринишида автоматик равишда Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимига юборилади.

Ижро ҳужжатларида ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақами ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома ­e-mail га ёки SMS хабар кўринишида йўлланади.

Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани ва Навоий шаҳри МИБ бўлимларида тажриба сифатида ижро ҳужжатларини автоматлаштирилган тизим орқали давлат ижрочилари ўртасида автоматлаштирилган тақсимлаш тартиби жорий этилади. Тажриба 2020 йил 1 мартга қадар давом этади, унинг натижаларига кўра мазкур амалиётни барча бўлинмаларда жорий этиш бўйича қарор қабул қилинади.

Яқин истиқболда қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилмоқда:

♦ МИБ сайтида ва ЯИДХПда ижро ҳаракатлари амалга оширилишининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш;

♦ шартнома-воситачилик асосларида сотишга топшириладиган мол-мулкни интернет-дўконлар орқали сотиш тартибини жорий этиш;

♦ ундирув қаратилган мол-мулк савдога қўйилган пайтдан бошлаб сотилишигача бўлган ҳаракатини мониторинг қилиш имконини берувчи мол-мулк ҳисобини юритишнинг ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш;

♦ ижро иши юритишда ундириладиган давлат божлари, маъмурий жарималар ва бошқа тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда тўлаш учун ЯИДХПда алоҳида платформани яратиш;

♦ маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш: ҳуқуқбузар қарор топширилган санадан бошлаб 15 кун ичида 70%ини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, уни қолган суммани тўлашдан озод этиш. У суд томонидан жаримага тортилганда; қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест келтирилганда; маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида қўлланмайди;

♦ суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги, шунингдек уларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш борасидаги процессуал нормаларни тизимлаштиришни назарда тутувчи Ижро ишини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 13.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Аудитор лицензияси «қимматлашди»

 

Вазирлар Маҳкамасининг 13.03.2019 йилдаги 218-сон қарори билан аудиторлик фаолиятини лицензиялашнинг янги тартиби тасдиқланди.

 

Президентнинг 19.09.2018 йилдаги ПҚ–3946-сон қарори билан ушбу соҳа ислоҳ қилина бошлади.

Янги тартибнинг қуйидаги жиҳатларига эътибор қаратамиз:

биринчидан, лицензияни олиш ёки қайта расмийлаштириш учун аризада аудиторлик ташкилотининг электрон манзилини кўрсатиш мумкин. Бу ҳолда қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарнома автоматлаштирилган тизим орқали электрон шаклда келади. Ҳужжатларни юридик шахснинг ЭРИ билан тасдиқлаб, электрон шаклда тақдим этиш мумкин;

иккинчидан, ариза берувчи тақдим этадиган ҳужжатлар пакети анча қисқарди. Энди меҳнат дафтарчалари (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ва асосий иш жойи бўйича штатдаги аудиторлар (камида тўрт нафар – таҳририят шарҳи) ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг тасдиқланган нусхаларини илова қилишнинг ўзи кифоя;

учинчидан, лицензия берганлик учун давлат божи ЭКИҲнинг 4 бараваридан 10 бараваригача оширилди;

тўртинчидан, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар аудиторлик ташкилоти томонидан бартараф этилганидан кейин лицензияловчи орган ёки суд унинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қиладиган муддат 10 кундан 3 кунгача қисқарди.

Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш жараёнининг қолган жиҳатларига катта ўзгартиришлар киритилмади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1151 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика