Январда турмуш ўртоғим билан бирга биометрик паспорт олиб, прописка қўйдирдик. Февралда кўчамизнинг номи ўзгартирилди.
Турмуш ўртоғим бошқа мамлакатга бир йилга хизмат сафарига кетди, кетиш олдидан менга пенсия олиш учун ишончнома қолдирди.
Қайтадан пропискадан ўтсам, эски манзил қайд этилган ушбу ишончнома ўз кучида қоладими?
А.Ковшина.
– Айни пайтда доимий ва вақтинча прописка масалаларини тартибга солувчи биронта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўчанинг номи ўзгартирилиши муносабати билан пропискани алмаштириш талаби белгиланмаган («Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун; АВ томонидан 14.05.2012 йилда 2363-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома; Низом, ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 1-илова ва ҳ.к.).
Шу тариқа, прописка ва ишончнома ўз кучида қолади. Пенсия олиш билан боғлиқ муайян муаммолар юзага келган тақдирда яшаш жойидаги давлат ер кадастрини юритиш хизматидан тегишли маълумотнома олишингиз керак бўлади.
Рўйхатдан ўтишингиз шарт
Тошкентда доимий прописка қилинганим муносабати билан рўйхатга олишларини сўраб ҳарбий комиссариатга мурожаат қилдим. 2 йил аввал Тошкент шаҳрида яшовчи қизга уйланганман, бироқ кўп хизмат сафарида бўлганим учун доимий пропискани вақтида расмийлаштира олмадим. Шу вақт мобайнида хотинимнинг яшаш жойида бир неча бор вақтинча пропискадан ўтиб, яшаб келдим. Бироқ ҳарбий комиссариатда ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузганим учун маъмурий жавобгарликка тортдилар.
Ҳарбий комиссариат ходимларининг менга нисбатан жазо қўллашлари тўғрими?
Х.Б. Тошкент ш.
– Мудофаа ишлари бўлими ходимлари ҳарбий хизматга мажбурни маъмурий жавобгарликка тортишга ҳақли, сабаби у доимий ёки вақтинча яшаш жойидаги мудофаа бўлимида рўйхатга олиниши шарт (МЖТКнинг 235-моддаси 2-қисми; «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддаси; АВ томонидан 18.07.2003 йилда 1259-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 29, 41-бандлари).
Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларида улар ҳарбий рўйхатга олинганлиги ёки ундан чиқарилганлиги тўғрисида мудофаа ишлари органларининг белгиси бўлган тақдирдагина турар жойлари бўйича прописка қилинади (пропискадан чиқарилади). Бунда ҳарбий хизматга мажбурлар ва ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин турар жойига етиб борган шахслар ҳарбий рўйхатдан ўтиш учун 3 кунлик муддат ичида тегишли мудофаа ишлари органларига келишлари шарт (Қонуннинг 44, 45-моддалари; АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 31-банди).
Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ички ишлар органларининг мансабдор шахслари вақтинча яшаш жойида ҳарбий рўйхатга олинганликни текширишлари кераклиги кўрсатилмаган.
Бироқ ушбу мажбурият фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, иш берувчи ёки таълим муассасаси раҳбари зиммасига юклатилади, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар турар жойи 1,5 ойдан кўпроқ муддатга ўзгарган, 3 ойдан кўпроқ муддатга хизмат сафарига, ўқиш, таътил ёки даволанишга борган тақдирда доимий турар жойларидаги ҳарбий рўйхатдан чиқишлари, янги вақтинчалик турар жойга келганларидан кейин 3 кунлик муддат ичида ҳарбий рўйхатдан ўтишлари шарт.
Айнан шу сабабли, бир неча ойдан бери доимий прописка қилинмаган жойда ҳарбий рўйхатга олинмай яшаётганингизни тасдиқловчи, ҳужжатларда Тошкент шаҳрида вақтинча ҳисобга олинганингиз тўғрисидаги қайд варағини ёки паспортдаги белгини кўриб, мудофаа ишлари бўлими ходимлари сизни маъмурий жавобгарликка тортганлар. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима – ЭКИҲнинг 1/10 қисмидан 1/3 қисмигача. Ушбу ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этсангиз, ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 1 бараваригача жарима солинади.
Алоҳида ҳужжат бўйича
Фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижга чиқиш мақсадида ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун МФРБга қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?
А.К. Тошкент ш.
– Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатини олиш ва алмаштириш учун ўзи доимий рўйхатда турадиган жойдаги МФРБга қуйидагиларни тақдим этади:
♦ белгиланган шаклдаги ариза;
♦ илгари берилган ҳаракатланиш ҳужжати;
♦ фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида истиқомат учун берилган гувоҳномаси;
♦ туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган шахслар учун);
♦ 35 x 45 мм ўлчамдаги 3 та фотосурат;
♦ давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик маълумотлари, электрон кўринишдаги қўл бармоқ излари йиғилади, шахс олд томонидан рақамли форматда суратга олинади.
Ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун талабнома Давлат персоналлаштириш марказига жўнатилади. Ички ишлар органлари уни кўриб чиқиш натижалари бўйича фуқаролиги бўлмаган шахс учун ҳаракатланиш ҳужжатини беради, у хорижда эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади (Низом, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 2-илова).
Фуқаролиги бўлмаган шахслар кириш визаларини олиш учун мўлжаллаётган давлатнинг консуллик муассасаларига мустақил равишда мурожаат қиладилар.
Инвестор учун виза
Компаниямизда контракт бўйича хорижий фуқаролар ишлайди. Уларнинг аксарияти республика иқтисодиётига маблағ киритаётган инвесторлар сифатида Ўзбекистонда бўлиш муддатини узайтиришга мажбур.
1. Ўзбекистонга келган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визанинг амал қилиш муддатини узайтириш учун давлат божи миқдорлари ва тўлаш механизми қандай?
2. Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг визалари амал қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳужжатларни почта орқали жўнатиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қайси манзилга?
3. Ўзбекистонга келган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг визаларини узайтириш учун қандай мурожаат қилиш керак?
А.Руетов, КБ инспектори.
1 |
Визанинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тўланадиган давлат божи миқдорлари хорижий мутахассиснинг бўлиш муддатига боғлиқ. Давлат божи Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибда ва миқдорларда ундирилади (ВМнинг 19.08.1993 йилдаги 423-сон қарорига 2-илова).
Давлат божи визани узайтириш кунида «Трастбанк» ХАБга тўланади. Сертификат ва квитанциянинг асл нусхаси ЎзР ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлимига тақдим этилади.
2 |
Ҳа, визани узайтириш тўғрисидаги ҳужжатларни почта орқали жўнатишингиз мумкин. ЎзР ИИВ МФРББ манзили: Тошкент ш., Яккасарой тумани, Шота Руставели кўч., 1-тор кўча, 5-уй (почта индекси 100070, тел.: 871-232-65-70, 871-231-37-98). Шунингдек ҳар куни (соат 11.00–13.00 ва 15.00–17.00), дам олиш (шанба, якшанба) ва байрам кунларидан ташқари, фуқаролар қабул қилинади.
3 |
Визанинг амал қилиш муддати тугашидан 10 кун олдин қабул қилувчи ташкилотларнинг (вазирликлар, идоралар, мулкчилик шакли ва фаолият туридан қатъи назар, корхона ва ташкилотлар, доимий хорижий ваколатхоналар) масъул шахслари, шунингдек уларни шахсий ишлар бўйича таклиф қилган шахслар Ўзбекистон Республикаси ИИВ МФРББга мурожаат қилишлари шарт. Жойлаштириш воситаларида, шунингдек бошқа уй-жой майдонларида яшаётган чет эл фуқароларининг бўлиш муддатларини узайтириш қабул қилувчи ташкилотларнинг ёзма илтимосномалари ёхуд таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар, ташкилотларнинг ёзма мурожаатлари ёки виза режими қўлланилмайдиган, ё бўлмаса виза беришнинг соддалаштирилган тартиби қўлланиладиган чет эл фуқароларининг ўз ёзма аризалари асосида амалга оширилади (Низомнинг 42-банди, ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 2-илова).
Ҳуқуқбузарларнинг кириши тақиқланади
Мен – фирма директориман. Бизда республикамиз ҳудудида бўлган пайтда қонунбузарликка йўл қўйган хорижий фуқаролар ишлаган. Ҳозирги пайтда улар чиқариб юборилган. Бундан кейин улар қайтиб кела оладиларми?
Р.Ахатов.
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунни ва бўлиш тартибини бузган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар республикадан ташқарига чиқариб юборилганидан кейин уларнинг кириш ҳуқуқи вақтинча чекланади. Унинг муддати – 1 йилдан 3 йилгача.
Чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудида содир этилган жиноят учун суд томонидан белгиланган жазони ижро этиб бўлган ёки ўтаб бўлганидан кейин ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинганидан кейин Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиб, бундан кейин унинг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи:
♦ катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлик учун – 5 йилга;
♦ оғир жиноятларни содир этганлик учун – 10 йилга;
♦ ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун – умрбод чекланади.
Чет эл фуқаросининг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини чеклаш муддати у Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилган пайтдан бошлаб ҳисобланади (Қоидаларнинг 22-банди, ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарорига 2-илова).
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.