«Б» МЧЖ «А» МЧЖнинг муассиси ҳисобланади (100% улуш). «А» МЧЖни «Б» МЧЖга қўшиб юборишга қарор қилинди. «А» МЧЖда солиқ текшируви ўтказилди. Корхоналар турли вилоятларда жойлашган.
Қўшиб юбориш жараёни қандай амалга оширилади?
– Корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш уларнинг қайта ташкил этиш билан боғлиқ ҳуқуқларини чекламайди.
Юридик шахс қайта ташкил этилганда қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳисоб ҳужжатларини сақлаш мажбуриятлари унинг ҳуқуқий вориси зиммасига юклатилади (Солиқ кодексининг 41-моддаси 3-қисми).
Қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) томонидан бажарилади (Солиқ кодексининг 51-моддаси 1-қисми).
Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш учун қуйидаги ҳужжатлар ва ҳаракатлар зарур:
1) ҳар бир жамият иштирокчилари йиғилишининг қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори (баённомаси);
2) қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномани тайёрлаш ва тасдиқлаш;
3) қўшиб юборишда қатнашаётган жамиятлар иштирокчиларининг биргаликдаги умумий йиғилишини ўтказиш, унда қуйидаги масалалар ҳал этилиши лозим:
► қўшиб олаётган жамият ҳужжатларига жамият иштирокчилари таркибининг ўзгариши, уларнинг улушлари миқдорларини белгилаш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш;
► қўшиб олаётган жамият органларини сайлаш;
► қўшиб юбориш шартномасида назарда тутилган бошқа муҳим масалалар.
Қайта рўйхатдан ўтказиш учун сўровнома ёки аризани юборишдан олдин қайта ташкил этилаётган тадбиркорлик субъекти – юридик шахс кредиторларни таништириш учун Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова) 10-иловага мувофиқ расмийлаштирилган қайта ташкил этиш хабарномасини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилади. Бунда кўрсатилган хабарномани босма оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш талаб этилмайди (Низомнинг 28-банди).
Қайта рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими воситасида ёки ўзи келган ҳолда қуйидаги ҳужжатлар сўровномага илова қилинади:
► тадбиркорлик субъекти ваколатли бошқарув органининг қарори;
► давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари;
► топшириш далолатномаси.
Топшириш далолатномаси қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тарафлар баҳслашаётган мажбуриятлар бўйича, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак.
Таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш таъсис ҳужжатларини янги таҳрирда қабул қилиш йўли билан амалга оширилади (Низомнинг 21-банди).
Қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг (Давлат рақобат қўмитаси) олдиндан розилигини олиш зарур:
► қўшиб юборишга олдиндан розилик бериш тўғрисида ариза бериш санасида активларнинг жами баланс қиймати ЭКИҲнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса;
► ёки улар қўшиб юбориладиган йилдан олдинги календарь йилда товарларни сотишдан олган жами тушуми ЭКИҲнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса;
► ёхуд улардан бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса (Низомнинг 4-банди, ВМнинг 27.12.2013 йилдаги 344-сон қарорига 1-илова).
Кўриб чиқилаётган вазиятда «А» фирмаси «Б» фирмасига қўшиб юборилаётганда қарздор ва кредитор бир шахс бўлганлиги сабабли дастлабки бухгалтерия балансини шакллантириш чоғида «Б» фирмасининг «А» фирмасида шакллантирилган устав капитали миқдори ҳисобга олинмайди (ФКнинг 346-моддаси; АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 23-сон БҲМСнинг 26-банди).
Александр Лобанов,
«Norma» МЧЖ эксперти.