Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Сайлов кодекси ишлаб чиқилди
Президентнинг 6.11.2018 йилдаги ПҚ-4004-сон қарорига биноан Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис палаталари билан биргаликда ишлаб чиқилган ҳужжат демократик тамойилларга ҳамда халқаро стандартларга жавоб беради, дея қайд этилади қарорда. Дастур билан лойиҳани кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш (15 ноябргача), шунингдек, уни ЯИДХПга жойлаштириш режалаштирилган. Шундан кейин кодекс қабул қилинади (ноябрь-декабрь), амалдаги қонун ҳужжатлари унга мувофиқлаштирилади (2019 йил январь-февраль) ва унинг асосида қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилади (2019 йил март).
Маълумот учун: илгари ҚҲТБТ порталида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа таҳрири жойлаштирилган эди. Муҳокама 10 августда ниҳоясига етган, унинг давомида 11 та таклиф тушган.
Бундан ташқари, энди МСКнинг 7 нафар аъзоси, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котиби доимий асосда ишлайди. 2019 йил 1 январдан бошлаб олий юридик маълумотга эга бўлган доимий асосда ишловчи аъзолар ва Котибият ходимларига адлия идора ва муассасалари ходимлари учун назарда тутилган унвон-мартаба даражалари берилади ҳамда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ва қўшимча ҳақ тўланади.
МСК аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларига тенглаштирилди («Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси).
Жамоатчилик асосида ишлаб келаётган сайлов комиссиялари ва референдум ўтказиш бўйича комиссиялар раиси, унинг ўринбосари ёки котибларига ўтказиш даврида моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан асосий иш жойи бўйича лавозим маошининг 50%и миқдорида устама тўлаш тавсия этилди.
Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси тузилмасида Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази ташкил этилди. Унинг вазифалари жумласига сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш, малакасини ошириш, қонунчилик ва амалиётни тизимли равишда мониторинг қилиб бориш, бу соҳадаги муаммоларни ўрганиш ва илмий-услубий ишлар киради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.11.2018 йилдан кучга кирди.
Назорат қилувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг 7.11.2018 йилдаги 920-сон қарори билан Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Қабул қилинган ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларини текшириш тизими ва тартибига жиддий ўзгартириш киритилди, унинг айрим жиҳатлари аниқлаштирилди.
Ҳар бир назорат қилувчи орган аттестациядан ўтиши керак бўлган ходимлар сони, уларга қўйиладиган касбий талаблар, шунингдек аттестациядан ўтказиш даврийлигини (3 йилда камида 1 марта) мустақил равишда белгилайди.
Бунинг учун идора раҳбари бизнесни текшириш мажбуриятига кирмайдиган 5 нафар ходимдан иборат бўлган доимий фаолият юритувчи аттестация комиссиясини ташкил этади. Комиссия раиси – орган раҳбари, ишчи орган эса кадрлар билан ишловчи бўлинма ҳисобланади. Унинг таркибига мажбурий равишда прокуратура органлари, тадбиркорлик субъектлари ва Савдо-саноат палатаси вакиллари киритилиши шарт. Муассасанинг ҳудудий бўлинмаларида ҳудудий ёки ҳудудлараро аттестация комиссиялари ташкил этилиши мумкин.
Аттестациядан ўтиши керак бўлган ходимлар рўйхатига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар (махсус гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаган ёки шу ой мобайнида тугайдиган ходимлар) ва бундай ҳуқуқни олишга тавсия қилинган ходимлар киритилади. Ҳар бир мутахассисга хизмат тавсифномаси, маълумоти, иш стажи ва малака оширганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхалари илова қилинган маълумотнома тайёрланади.
Ходимнинг ўзи аттестациядан камида 2 ҳафта олдин уни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан имзо қўйдирилган ҳолда таништирилади. Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади. Саволлар текширув соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, «хавфни таҳлил этиш» тизимига оид бўлади. Вазиятли вазифалар берилиши мумкин. Электрон мосламалардан, маълумотнома, махсус ёки бошқа адабиётлардан, ҳар қандай ёзувлардан фойдаланиш ман этилади. Комиссия йиғилишида бегона шахсларнинг иштирок этишига рухсат берилмайди. Жараён аудио ва видеоёзув орқали қайд этилади.
Хизмат тавсифномаси ва саволларга берилган жавобларни инобатга олган ҳолда ҳар бир аттестациядан ўтувчи ходимга нисбатан очиқ овоз бериш йўли билан қарор қабул қилинади. Аттестациядан ўтган ходимга кейинги аттестация муддатига тадбиркорлик субъектларини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома берилади («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси 2-қисми).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.11.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.
Газ тармоқлари ва иситиш тизимлари хавфсизлиги назорат остида
Вазирлар Маҳкамасининг 1.11.2018 йилдаги 901-сон қарори билан аҳоли томонидан иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.
Биринчидан, Республика комиссияси ташкил этилди, у иситиш хавфсизлиги талабларига риоя этилишини ўрганади, шунингдек бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифлар тайёрлайди. Унинг таркибига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси, Бош прокурор ўринбосари, «Ўзтрансгаз» АЖ бошқаруви раиси, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирларининг биринчи ўринбосарлари ва бошқалар киради. Комиссияга аниқ вазифалар юклатилди.
Иситиш қозонлари ва печларидан фойдаланишни тизимли ўрганиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби тасдиқланди. Уларга вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси бошчилик қилади. Бундан ташқари, Саноатгеоконтехназорат, Ўздавнефтгазинспекция, Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва ҳ.к. жалб қилинган.
Иккинчидан, ички газ тармоқлари ҳамда газда ишловчи қурилма ва ускуналарнинг белгиланган муддатларда техник тафтишдан ўтказилиши ва уларга профилактика хизмати кўрсатилишига риоя қилиниши топширилди (Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 135-банди «з» кичик банди):
кўп квартирали уйлардаги газ плиталари (бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда) – 2 йилда 1 марта;
турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш приборлари - 1 йилда 1 марта, профилактик хизмат кўрсатиш - ҳар йилги иситиш мавсуми бошланишидан аввал.
Бундан ташқари, дудбуронлар ва вентиляция каналлари ҳар йилги иситиш мавсумидан олдин текширилиб, тегишли далолатномалар билан қайд этилади.
«Ўзтрансгаз» АЖ, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Саноатгеоконтехназорат, Ўздавнефтгазинспекциясига ИИВ билан биргаликда тафтиш ва текширишдан ўтказишни таъминлаш юклатилди.
Учинчидан, Давлат солиқ қўмитасига қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш топширилди.
Тўртинчидан, иситиш тизими ҳамда табиий ва суюлтирилган газдан ҳамда қаттиқ ёқилғидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш бўйича НҲҲ ва техник ҳужжатлар, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бир ой муддатда хатловдан ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.11.2018 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова,
«Norma» МЧЖ эксперти.
2019 йил учун статистика ҳисоботи шакллари тасдиқланди
1 январдан бошлаб статистика соҳасида 108 та ҳисобот шакли қўлланилади (31.10.2018 йилда 3083-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Ушбу шарҳда микрофирмалар ва кичик корхоналар учун тафсилотлар берилган.
Ҳисобот шаклларининг таркиби ўзгармаган, лекин айрим тузатишлар киритилган.
1-КВ «Микрофирма ва кичик корхонанинг ҳисоботи» шаклида (107-илова):
I «Меҳнат» бўлимида корхонада асосий иш жойида ишлайдиган 25–30 яшар ходимларнинг ёш гуруҳи алоҳида ажратилган (ташкилотда уларнинг меҳнат дафтарчалари сақланади). Энди 18–24 ёш, 25–30 ёш, 31–39 ёш, 40–49 ёш, 50–54 ёш, 55 ёш ва ундан катта ёшли ходимлар сонини кўрсатиш зарур;
II.2 «Ташкилот балансида мавжуд бўлган махсус омборхоналар ва сақлаш жойлари» бўлими қўшилди. Унда омборхоналар, омборхоналар – совуткичлар, ш.ж. минус 8оС ва ундан паст температурали камералар сонини, сабзавот сақлаш жойлари, мева сақлаш жойлари ва картошка сақлаш жойларини кўрсатиш талаб этилади;
Ўзбекистонга чет элдан киритилган инвестициялар тўғрисидаги, шунингдек республикадан чет элга йўналтирилган инвестициялар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган III.2 ва III.3 бўлимлар чиқариб ташланди. Шу тариқа, ҳар чоракда ва ҳар йили топшириладиган 1-invest «Ўзбекистон Республикасига инвестициялар ва Ўзбекистон Республикасидан чет элга йўналтирилган инвестициялар тўғрисида ҳисобот» шаклидаги маълумотларнинг такрорланишига чек қўйилди.
Ҳисобот тақдим этиш муддатлари ўзгармади: 26 февралдан кечиктирмай – микрофирма ва кичик корхоналар учун ва 26 мартдан кечиктирмай – чет эл инвестициялари ёки хорижий сармоя иштирокидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун (кейин чет эл инвестициялари ёки сармояси иштирокидаги юридик шахслар учун ҳисобот тақдим этиш муддатининг сўнгги санаси кўрсатилади).
1-KB shakliga ilova (QM) «Кичик қурилиш ташкилотлари ва микрофирмаларда мавжуд қурилиш машина ва механизмлари тўғрисидаги ҳисобот»га (107/1-илова) ўзгартиришлар киритилмади. У тегишинча 26 февралдан ва 26 мартдан кечиктирмай тақдим этилади.
1-KB shakliga ilova (qurilish) «Объектлар, қувватларни ишга тушириш ва уларнинг қурилишига йўналтирилган инвестициялардан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот»га (107/2-илова) ҳам ўзгартиришлар киритилмади. Бино ва иншоотлар қурилишига инвестицияларни амалга оширувчи микрофирма ва кичик корхоналар уни 26 февралдан ва 26 мартдан кечиктирмай тақдим этишлари шарт.
1-KB shakliga ilova (TIF) «Экспорт-импорт тўғрисида ҳисобот»га (107/3-илова) ҳам тузатишлар киритилмади. Уни тақдим этиш муддати ҳам ягоналигича қолди – 26 февралдан кечиктирмай. Мазкур ҳисоботни экспорт-импорт битимлар тузган корхоналар тақдим этади.
1-KB shakliga ilova (sanoat) «Оқава сувларни марказлаштирилган ҳолда чиқариб юборишни, ободонлаштириш ва ёритиш ишларини амалга оширувчи, аҳолига ва маиший-коммунал эҳтиёжларга сув, иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сув етказиб берувчи микрофирма ва кичик корхоналарнинг ҳисоботи» (107/4-илова) ҳам шундай. Тақдим этиш муддатлари – 26 февраль ва 26 март.
1-KB shakliga ilova (energo) «Ёқилғи ва энергия сарфи тўғрисида ҳисобот»ни (107/5-илова) илгари асосий фаолият тури саноат ҳисобланган корхоналаргина тақдим этган. Давстатқўм мазкур ҳисоботни тақдим этиши керак бўлган кичик корхоналарнинг қўшимча рўйхатини ҳам тасдиқлайди. Тақдим этиш муддати ўзгармади – 26 мартдан кечиктирмай.
1-KB shakliga ilova (QX) «Микрофирма ва кичик корхонанинг қишлоқ хўжалиги фаолияти тўғрисида ҳисобот»да (107/6-илова) қишлоқ хўжалиги экинлари ва ҳайвонларнинг турлари рўйхати сезиларли даражада кенгайтирилиб, улар бўйича батафсил статистика маълумотлари киритилди. Муддатлар – 26 февралдан ва 26 мартдан кечиктирмай.
Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларга эга, токсик ва нотоксик чиқиндилар ҳосил қиладиган ташкилотлар учун мўлжалланган 1-KB shakliga ilova (EKO) «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида микрофирма ва кичик корхонанинг ҳисоботи»га (107/7-илова) ҳеч қандай ўзгартириш киритилмади. Тақдим этиш муддати ҳам ўзгартиришсиз қолдирилди – тегишинча 26 февралдан ва 26 мартдан кечиктирмай.
1-KB shakliga ilova (AKT) «Ахборот-коммуникация технологиялари тўғрисида ҳисоботда»да (107/8-илова) телекоммуникациялар тармоқларида хизмат кўрсатиш учун лицензияга эга бўлган корхоналар энди Интернет тармоғига кенг йўлли уланиш бўйича абонентлар сонини алоҳида сатрда кўрсатишлари лозим. Бундан ташқари, Интернет тармоғига уланган компьютерлар сони ўрнига оммавий фойдаланиладиган компьютерлар сонини кўрсатиш зарурлиги хусусида аниқлик киритилди. Яъни корпоратив тармоқлар ҳақида эмас, балки Интернетга чиқиш хизматлари кўрсатиладиган шохобчалар (интернет-кафе, Wi-Fi-зоналар ва ҳ.к.) ҳақида сўз бормоқда.
1-KB shakliga ilova (tib) «Аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи микрофирма ва кичик корхона фаолияти тўғрисида ҳисобот»да (107/8-илова) жинс ва ёш гуруҳлари кесимида мия инфаркти, инсульт ва бошқа қон қуйилиши касалликларига чалинган беморлар сони ҳақида янада батафсил маълумотларни акс эттириш талаб этилади.
1-KB shakliga ilova (tur) «Ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ва жойлаштириш тўғрисида микрофирма ва кичик корхонанинг ҳисоботи»да (107/8-илова) сайёҳлик соҳасидаги корхоналар учун ҳеч қандай янгиликлар киритилмади, шу жумладан уни тақдим этиш муддатлари борасида ҳам – тегишинча 12 ва 26 мартдан кечиктирмай.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.11.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов,
«Norma» МЧЖ эксперти.