Norma.uz

Ёлланма ишчилар: меҳнат муҳофазаси ва пенсия масалалари

 

Пенсия тизими ислоҳоти унинг жамғариб бориладиган қисмига ҳам дахл қилади. Халқ банки «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритишни таклиф этмоқда. Ушбу сонни ўқиб, аҳолини қандай янгиликлар кутаётгани ҳақида билиб оласиз.

Шунингдек ўқувчиларимизнинг саволларига берилган жавоблар ҳам қизиқиш уйғотиши тайин. Тушунтиришларни «Норма маслаҳатчи» экспертлари ва Пенсия жамғармаси мутахассислари бердилар.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

 

Ислоҳотлар

 

Ёлланма ишчилар: меҳнат муҳофазаси ва пенсия масалалари

 

Молия вазирлигида ташкил этилган матбуот анжуманида Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарори билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича маълумот берилди.

 

Амалдаги қонунчиликка асосан хусусий тадбиркорлар чакана савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги жами 81 фаолият билан юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланишлари, бу жараёнда бир нафардан уч нафаргача ходимни ёллаб ишлатишлари мумкин. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор чакана савдо фаолияти билан шуғулланганда бир нафар, маиший хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланганда уч нафаргача, фаолиятнинг бошқа турлари бидан шуғулланганда икки нафаргача ходимни ёллаб ишлатишига рухсат этилган.

Лекин, ўрганишлар натижалари шуни кўрсатдики, биринчидан, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари ҳажмининг катталиги ва вазнининг оғирлиги сабабли, хусусий тадбиркорлар ушбу маҳсулотларни транспорт воситаларига юклаш, ташиш, тушириш, қадоқлаш, қўриқлаш ва сотишни рухсат этилган бир нафар ёлланма ишчи билан бажара олмаётганликлари сабабли қонунчиликда белгиланганидан ортиқча ходимларни ёллаб норасмий ишлатишга мажбур бўлмоқда.

Иккинчидан, алюминий (пластик) профиллардан эшик, дераза ва бошқа буюмларни тайёрлаш йирик ускуналардан фойдаланилган ҳолда, саноат усулида амалга оширилиши шунингдек, хом ашё материаллари ва тайёр маҳсулотларни ортиш, ташиш, тушириш ва ўрнатиш учун кўп ишчи кучи талаб этилиши сабабли ходимларни норасмий ёллаб ишлатишга тўғри келмоқда.

Шу каби ҳолатлар автомобилларни ювиш фаолияти бўйича ҳам кузатилмоқда. Натижада, норасмий ёлланган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва меҳнат хавфсизлиги таъминланмасдан, меҳнат стажлари юритилмаслигига ҳамда келгусида асосланган пенсия тўлови кафолатланмасдан қолишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунига биноан юк ортиш ва тушириш ишлари оғир ва хавфли ишлар тоифасига киритилган бўлиб, иш жараёнида бир ходимнинг доимий кўтарадиган юк оғирлиги 15 кг дан ва иш сменаси давомида жами кўтарадиган юк оғирлиги 870 кг дан ортиқ бўлмаслиги лозим. Лекин цемент (1 қопи 50 кг), шифер, ва ёғоч маҳсулотлари сотишда (1 нафар ишчи билан) мазкур нормаларга амал қилиб бўлмайди.

Юқоридаги сабабларга кўра, хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларини қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи юзага келди. Қарордаги шу каби 17 фаолият турларига тегишли ўзгартиришлар киритилди ва 2 фаолият тури фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Бу эса юридик шахс мақомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчилар учун қулайликлар яратиш билан бирга, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси таъминланиб, белгиланган тартибда бандлик даражасининг ошишига хизмат қилади.

 

ЎзА асосида.

 

 

 

Истиқбол

 

Россия ва Ўзбекистон пенсияга оид битим тайёрламоқда

 

Ҳужжат билан РФда ишловчи ва тегишли ажратмаларни тўловчи легал меҳнат мигрантларига муайян тўловларга даъвогарлик қилиш имкони берилади. 

 

Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида РФ Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида Ижтимоий-меҳнат соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди. РФ Меҳнат вазирлиги раҳбари Максим Топилин «Известия»га берган маълумотига кўра, келгусида мамлакатлар пенсияга оид битим имзолашлари мумкин. Идора раҳбарининг сўзларига қараганда, РФда легал тарзда ишлаган ва тегишли ажратмалар тўлаган Ўзбекистон фуқаролари муайян тўловларга даъвогарлик қила олишлари ҳақида сўз бормоқда.

Ўзбекистон томонининг яна бир ташаббуси – республикада меҳнат мигрантларига Россияга кетиш олдидан патентлар ва ишлаш учун рухсатномалар берадиган махсус марказни ташкил этиш, дея маълум қилди РФ Меҳнат вазирлиги раҳбари.

Максим Топилин ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев имзолаган Ижтимоий-меҳнат соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандумда бир нечта йўналишда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган. Булар – меҳнат бозорини таҳлил ва мониторинг қилиш, аҳоли бандлигига ва хорижий ишчи кучини тартиб билан жалб этишга кўмаклашиш, меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва ҳ.к. Биргаликда маслаҳат берувчи органлар ташкил этилади, тажриба алмашиш мақсадида бандлик соҳаси ходимларининг ўзаро ташрифлари уюштирилади.

 

Манба: «Известия».   

 

 

 

Расмий жавоб

 

Бошқа вазиятда

 

Доим бюджет ташкилотларида ишлаганман. Пенсияга чиқаётганда стажим 40 йилни ташкил этган. Пенсияни 54 ёшда расмийлаштирганман. Уни ўз вақтида олиб келганман.

Икки йил аввал катта набирам мактабга чиққунча болаларга (набираларимга) қараб туришни илтимос қилгани учун АҚШдаги қизимникига бордим.

2017 йил февралда менга пенсия тўлашни тўхтатиб қўйдилар. Мен ишончнома ва паспортимнинг асл нусхасини жўнатдим. Бироқ шахсан келишим кераклигини айтдилар. Мен эса набирам мактабга чиққанда, 3 йилдан кейин қайта оламан.

Тошкентда яшовчи ўғлим пенсия олиши учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги консулхонасида тасдиқланган ишончномани жўнатишим мумкинми?

Пенсия тўланишини тиклаш ва шу йиллар давомида олинмаган суммаларни олиш учун нима қилишим керак?

Н.Исмоилова.

 

– Сизнинг ҳолатда кетма-кет 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсия олинмаганлиги ёхуд ишончнома берган шахс унга тайинланган пенсияга ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганлиги сабабли пенсияни тўлаш тўхтатиб турилган бўлса керак. 

Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистонга келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда пенсионер Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига пенсия тўловини тиклаш юзасидан мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим (Низомнинг 172-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

Дарҳақиқат, сиз пенсия тўлашни тиклашлари учун прописка қилинган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан шахсан мурожаат қилишингиз керак.

Сизга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин сиз ўз вақтида талаб қилиб олмаган пенсия пули уни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун тўланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 59-моддаси).

 

 

 

Фақат меҳнатга қобилиятсизлар учун

 

Турмуш ўртоғим 55 ёшда вафот этган. Менинг иш стажим 35 йилни ташкил этади. Ҳали пенсияга чиқмаганман. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олишим мумкинми?

Анна Г. Тошкент ш.

 

Йўқ, бунга ҳақли эмассиз. Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари, агар улар марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсалар, бу ёрдам улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр ҳам, башарти, улар Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар, ушбу тоифага кирадилар (Қонуннинг 19, 20-моддалари).

 

Маълумот учун!

2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб қуйидаги энг кам миқдорлар амал қилади:

► ёшга доир пенсиялар – ойига 396 500 сўм;

► болаликдан ногиронларга нафақалар – ойига 396 500 сўм;

► зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ҳамма меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар – ойига 243 300 сўм.

 

 

 

Пенсия – яшаш жойи бўйича

 

Холам – пенсионер, Хоразм вилоятида яшайди. Оилавий шароитига кўра ҳозир вақтинча Тошкент вилоятида яшаяпти.

У пенсияни вақтинча яшаш жойига ўтказиши мумкинми, бунинг учун нима қилиш керак?

М.Л.

 

– Холангиз Тошкент вилоятида вақтинча прописка қилингани ҳисобга олинса, у вақтинча яшаш жойи бўйича пенсия олиш ҳуқуқига эга (Низомнинг 167-банди). Бунинг учун у Хоразм вилоятидаги доимий яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат қилиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказишни расмийлаштириши зарур.

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

 

 

Лойиҳа

 

Халқ банки: ЖБП тизими ислоҳ қилинади

 

Лойиҳада – ходимлар реестрини тақдим этишнинг янги муддатлари, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаларини бекор қилиш, Халқ банкининг таваккалчиликларини фуқаролар зиммасига юклаш ва жамғармаларни олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани соддалаштирилган тарзда бериш.

Халқ банки «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни таклиф этмоқда.

 

Ходимларнинг реестрлари – янги муддатларда

Эслатиб ўтамиз, ҳозир иш берувчилар ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар ўзлари жойлашган жойдаги Халқ банки филиалига:

жамғариб бориладиган пенсия бадаллари ўтказилганлиги тўғрисида тўлов ҳужжатининг кўчирма нусхасини;

ШЖБПҲ рақамлари, ҳар бир ходимнинг фамилияси, ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи ва жамғариб бориладиган пенсия бадаллари суммаси кўрсатилган ҳолда ходимлар реестрини тақдим этишлари шарт (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Амалиётда бухгалтерлар электрон реестрларни ЯИДХП ёхуд Халқ банки сайти орқали топширадилар. Ушбу мажбуриятга амал қилмаганлик учун 2 ЭКИҲдан 4 ЭКИҲгача миқдорда жарима солинади (МЖТКнинг 179-2-моддаси).

Лойиҳада реестр тақдим этиш муддатларини ўзгартириш назарда тутилган. Лойиҳанинг бу қисмини сўзма-сўз келтирадиган бўлсак, реестр «даромад солиғи ҳисоблаш жараёни билан бир вақтнинг ўзида ҳар ойда» тақдим этилади.

Шарҳ муаллифининг фикрича, бу унча аниқ муддат эмас. Гап шундаки, Солиқ кодексининг 188-моддасига мувофиқ, ЖШДС, одатда, солиқ агенти томонидан жисмоний шахсга тўлаш мақсадида пул маблағларини (ойнинг биринчи ярми учун авансдан ташқари) олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда тўланади. Бунда солиқ ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра ҳисобланади, аслида амалиётда ҳисоб-китобнинг ўзи кейинроқ – кейинги ойнинг илк саналарида амалга оширилади. ЖШДС бўйича ҳисоботлар эса ҳар чоракда – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасигача топширилади.

Шу тариқа, лойиҳада муддатни пул маблағларини олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка ҳужжатларни тақдим этиш ёхуд ЖШДС бўйича ҳисобот топшириш санасига боғлаб, аниқроқ кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

 

Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари ўтмишда қолади

Дафтарчалар ўрнига жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга олинганлиги тўғрисида маълумотномаларни жорий этиш таклиф этилмоқда. Маълумотлар ҳажми бўйича маълумотнома дафтарчадан деярли фарқ қилмайди: унда ҳисобга олинган сана, жисмоний шахснинг шахсига оид маълумотлар, ШЖБПҲ рақами, шунингдек бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади. Янги ҳужжат мавжуд пенсия жамғармалари қайд этиладиган устунларга эга бўлмаслиги билан фарқланса керак.

Бундан ташқари, маълумотнома электрон шаклда бўлади, у давлат хизматлари марказлари ёхуд ЯИДХП орқали берилади. «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 7 ва ­9-моддаларига тегишли ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда.

 

Пенсия жамғармаларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома «югур-югурсиз» берилади

Амалдаги тартибга кўра, меҳнат шартномаси бўйича ишловчи шахслар жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани бериш сўралган аризани иш берувчи орқали тақдим этадилар. Якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликларининг аъзолари ва бошқа фуқаролар эса – уни бевосита яшаш жойларидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига берадилар. Гувоҳноманинг ўзи ариза келиб тушган кундан эътиборан 5 иш куни ичида расмийлаштирилади. Сўнг ҳужжатни Халқ банки филиалига топшириш талаб этилади.

Келгусида буларнинг бари осонлаштирилиши мумкин. Фуқаролар Халқ банкига мурожаат қилишларининг ўзи етарли бўлади, у гувоҳномани бериш тўғрисидаги сўровни электрон тарзда ўзи йўллайди. Барча тартиб-таомиллар онлайн режимда амалга оширилади.

 

Халқ банкининг фойда ва таваккалчиликлари – бизнинг фойда ва таваккалчилигимиз

Ҳозир банк шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларга пул қадрсизланишига нисбатан юқори суръатлардаги ставкалар бўйича фоизларни ҳисоблаб қўшишга мажбур (Қонуннинг 10-моддаси). Фоизлар миқдорини белгилашнинг бошқа механизми таклиф этилмоқда – у жамғариб бориладиган пенсия тизимидаги маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар миқдоридан, яъни маблағларни молиявий воситаларга жойлаштириш ҳамда улардан инвестиция ва кредит ресурслари сифатида фойдаланиш ва бошқалардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Шу тариқа, бир томондан, фуқаролар ШЖБПҲдаги маблағлари бўйича фоиз кўринишида кўпроқ фойда олишлари мумкин бўлади, бошқа томондан эса, пул қадрсизланиши даражасидан паст бўлмаган фоизларнинг энг кам миқдори ҳисоблаб қўшилиши истисно этилади. Шу сабабли самарасиз инвестиция қилганда пенсия жамғармалари камайиши мумкин.

Халқ банки пенсия жамғармаларини жойлаштиришдан олинган даромаддан ўзининг операцион харажатларини қоплаш ҳуқуқига эга бўлади. Илгари маржа миқдори аниқ харажатларга боғланмаган эди (Қонуннинг 23-моддасига қаранг). Илгаригидек, унинг миқдори Молия вазирлиги билан келишилади.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Маълумот учун: Жамғариб бориладиган пенсия тизими Ўзбекистонда суғурта тусидаги пенсия таъминотини тўлдиради, бунда ишловчи фуқаролар амалда катта авлоднинг пенсиясини тўлайдилар. Пенсия олиш ҳуқуқи юзага келганда жамғариб бориладиган қисми бир йўла ёхуд қисмлаб тўланади.

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

 

Ўзини ўзи иш билан таъминловчилар қандай пенсия олади?

 

Ҳеч қандай расмийлаштиришсиз киракашлик қилувчи, хусусий тартибда ёлланган ҳолда кунбай ҳақ тўланадиган ишларни ва таъмирлаш-қурилиш ишларини бажарувчи шахсларни легаллаштириш имконияти муҳокама қилинмоқда, дея хабар беради Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.  

 

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ҳар йили 4,5 ЭКИҲ миқдорида бадал тўланадиган патентни жорий этиш ҳам вариант сифатида кўриб чиқилмоқда. Бу ходимга тўлақонли меҳнат фаолиятини юритгандек меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш ҳуқуқини берган бўлар эди.

Бундай ёндашув норасмий бандлик билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилиш имконини беради. Бугунги кунда ҳеч қандай расмийлаштиришсиз ишлаётган кишилар пенсия ёшига етганда стажга эга бўлмай, оқибатда жуда кам миқдорда пенсия ёки нафақа олиш муаммосига тўқнаш келмоқдалар.

 

norma.uz.

 

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Ортга назар солиб

 

Мен тадбиркорман. Суғурта бадалларини тўлайман. Мен ишламаган ва, тегишинча, бадалларни тўламаган даврлар бўлган.

Келгусида стажни ҳисоб-китоб қилаётганда ва пенсияни ҳисоблаётганда ушбу даврни инобатга олишлари учун ушбу суммани ҳозир тўласам бўладими? Агар шундай қилиш мумкин бўлса, бунинг учун нима қилишим керак?

 

Йўқ, бундай қила олмайсиз. Суғурта бадаллари тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган давр учун тўланади. Солиқ органлари бундай фаолият амалга оширилмаган вақт учун суғурта бадаллари ва солиқларни ҳисобламайдилар, тегишинча, ушбу давр учун тўловлар тўланмайди.

 

 

 

 

Ҳисобга олинади

 

Армиядаги хизмат стажга қўшиладими?

 

Ҳа, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «б» бандида бу назарда тутилган, унда кўрсатилишича, ҳарбий хизмат иш стажига қўшиб ҳисобланади.

 

Маълумот учун!

Пенсия жамғармасининг «ишонч телефони» – 1140.

 

 

 

 

 

Битта қоида

 

Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларига (ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарори) мувофиқ, корхона ҳар ойда жабрланувчининг ўзига ёки – боқувчи вафот этганда – меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига йўқотилган иш ҳақини қоплаш суммасини тўлайди.

Қоидаларнинг 8-бандига мувофиқ, белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдори оширилганда соғлиқнинг шикастланиши билан боғлиқ зарар ёки боқувчисининг вафоти билан боғлиқ равишда бериладиган йўқотилган иш ҳақи, бошқа тўловларни қоплаш суммаси ЭКИҲ миқдорининг оширилган суммасига мутаносиб равишда кўпайтирилади. Бугунги кунга келиб зарарни қоплаш суммаси ҳисоблана бошлаган бутун давр учун индексацияни инобатга олганда жабрланувчининг касби бўйича ҳам, умуман корхона бўйича ҳам ўртача ойлик иш ҳақидан анча ошиб кетди.

Йўқотилган иш ҳақини тўғри индексация қилаяпмизми?

Мазкур ҳисобланмалар учун, масалан, пенсияни ҳисоблашда 8 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган ўртача ойлик иш ҳақи белгиланганидек, қандайдир лимит ўрнатилганми?

В.С. Тошкент ш.

 

– Афсуски, пенсия тўловлари билан бўлгани сингари, зарарни қоплаш суммаларини ҳисоблаб чиқаришга доир бошқа қоидалар, шунингдек тўланаётган зарарни қоплаш суммаси миқдорига доир чекловлар мавжуд эмас. Зарарни қоплаш суммалари эса, ҳақиқатан ҳам, энг кам ойлик иш ҳақининг оширилган суммасига мутаносиб равишда кўпайтирилиши керак.

Бунда зарарни қоплаш суммалари миқдори ва унинг кейинчалик кўпайтирилишини тўғри ҳисоблаб чиқараётганингиз борасида шубҳаланаётган бўлсангиз, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ёки Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

P.S.

Амалиётда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган буйруғи асосида зарарни қоплаш суммалари нотўғри ҳисоблаб чиқарилган ҳолатлар учраган.

 

 

 

Сана кўрсатилмаган бўлса

 

90-йиллар охирида ташкилотда ишлаганман. Меҳнат дафтарчасида бу ҳақда ёзув қайд этилган. Бироқ унда фақат ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш йиллари кўрсатилган. Аниқ саналар (кун, ой) йўқ. Бу вақт стажимга киритиладими?

 

– Меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда, иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади (252-сон Низомнинг 59-банди).

Тегишинча, иш стажини тасдиқловчи архив ҳужжатлари: ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқлар, шунингдек бу даврда ойма-ой иш ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотларни топиш зарур. Кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлса, улар асосида иш стажи ҳисобга олинади.

Архив ҳужжатлари мавжуд бўлмаса, Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсияларни тайинлаш бўйича комиссияси қарори асосида кўрсатилган даврни иш стажига киритиш масаласи кўриб чиқилади. Чунончи, Низомнинг 57-бандига мувофиқ, иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими:

► иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;

► зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради.

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор билан рози бўлинмаган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади (Низомнинг 82-банди).

Ушбу даврни иш стажига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинса, у қуйидаги тартибда ҳисобга олинади: иш стажи тўғрисида тақдим этилган ҳужжатда аниқ саналар белгиланмасдан фақат йиллар кўрсатилган ҳолларда, тегишли йилнинг 1 июли сана сифатида қабул қилинади, агар ойнинг санаси кўрсатилмаган бўлса, тегишли ойнинг 15-куни ана шундай сана ҳисобланади (Низомнинг ­81-банди).

 

 

 

 

Ҳаммаси – Солиқ кодекси бўйича

 

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича олинган тўловлар иш ҳақи таркибига киритиладими?

Пенсияни ҳисоблашда иш ҳақи таркибига қандай даромадлар киритилади?

Феруз К. Тошкент ш.

 

– Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддаси). Солиқ кодексининг 306-моддасига мувофиқ, Солиқ кодексининг ­172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суғурта бадаллари солинадиган объект ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 172-моддасига кўра, предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга (Солиқ кодекси 169-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган даромадлар бундан мустасно) тўловлар ҳам меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

 

Сайёр тадбир

 

Ҳарбий пенсионерларни қайси масалалар қизиқтиради

 

Андижон ҳарбий прокуратураси ҳамда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда Андижон гарнизонидаги ҳарбий пенсионерларнинг ҳуқуқлари, эркинлик ва қонуний манфаатларини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш мақсадида улар билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди.

 

Тадбирда Андижон ҳарбий прокурори адлия полковниги К.Рўзметов сўзга чиқиб, Андижон гарнизонидаги ҳарбий пенсионерларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, энг аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду-ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклиги, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Мулоқот жараёнида иштирокчиларнинг ҳар бир мурожаати юзасидан Андижон ҳарбий прокурори, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Андижон вилояти адлия, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармалари бошлиқлари, вилоят бандлик бош бошқармаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда тегишли давлат ташкилот вакиллари қатнашиб, улар томонидан асослантирилган жавоблар берилди.

Ташкил этилган сайёр қабулда Андижон гарнизонидаги ҳарбий пенсионерлар иштирок этишиб, уларни қийнаётган бир қанча муаммоларнинг жойида ҳал қилинишига эришилди.

Тадбирни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш мақсадида, ОАВ ходимлари ҳам иштирок этишди.

 

А.Қурбонов, Андижон ҳарбий прокурорининг

ёрдамчиси, адлия майори.    

 

 

 

Қонун чиқарувчилар таклиф этади

 

Чекловлар олиб ташланади

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Бугунги кунда ногиронлиги бўлган болаларнинг 98 фоизи ўз ота-онаси қарамоғида тарбияланмоқда. Уларнинг кўпчилиги таянч-ҳаракат тизими, асаб ва руҳий касалликларга чалинган бўлиб, ўзгаларнинг доимий ёрдамига муҳтождир.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунида I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт ёшга доир пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланиши назарда тутилган. Бироқ ушбу Қонуннинг 37-моддаси иккинчи қисмида шу модданинг «д» ва бошқа бандларида назарда тутилган даврлар умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган.

Ушбу чекловнинг қўлланилиши ногиронлиги бўлган болаларнинг тарбияси билан банд аксарият ота-оналарга пенсия тайинлаш имконини истисно этади. Шу сабабли ўзгалар парвариши билан банд бўлгани ҳолда талаб этиладиган минимал иш стажини тўплай олмаётган фуқаролар кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда.

I гуруҳ ногирони бўлган шахслар учун нафақа миқдори ўртача 360 минг сўмни ташкил этиши ва бу уларнинг эҳтиёжини етарли даражада қопламаётгани ҳам эътиборга олинадиган бўлса, мазкур масаланинг ҳал этилиши ногиронлиги бўлган болалар тарбияси билан банд шахсларга ёшга доир пенсия тайинлаш учун қонуний кафолатларни кучайтириш ва моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунидаги ушбу модда билан боғлиқ бўлган чекловларни истисно этишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур, деган хулосага келди.

 

ЎзА асосида.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

7

Прочитано: 147 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика