Компаниямизда аппарат раҳбари – мансабдор шахслар ўз ваколатларини самарали ва аниқ ташкил этган ҳолда бажаришлари имконини берувчи шарт-шароитлар яратиш учун иш бошқарувчини тайинлаш зарур. Бироқ штат жадвалимизда бундай лавозим йўқ.
Олий маълумотли ходимимиз бор. Бироқ унинг лавозим мажбуриятларида бундай функция қайд этилмаган. Ходим қўшимча ҳақ тўланса, масъул этиб тайинланишга рози.
Бизнинг ҳолатда қўшимча мажбуриятлар юклатилганлиги ва қўшимча тўловни қандай расмийлаштирган маъқул?
– Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида ўша касб ва лавозимдаги қўшимча ишларни бажариш бир неча касбда (лавозимда) ишлаш, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш, ишлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобланади (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 20-банди). Бошқа касб (лавозим) бўйича қўшимча иш бир неча касбда (лавозимда) ишлаш билан амалга оширилиши мумкин, худди шундай касб (лавозим) бўйича эса – хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини кўпайтириш йўли билан.
Шу тариқа, ходим белгиланган иш вақти (сменаси) давомида бошқа ёки худди шундай касб (лавозим) бўйича қўшимча ишни бажариши мумкин.
Компания штат жадвалида иш бошқарувчи лавозими йўқлиги сабабли кўриб чиқилаётган вазиятда бир неча касбда (лавозимда) ишлашни қўллаб бўлмайди.
Хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш ходимга қўшимча мажбуриятлар юклатилишини назарда тутади. Иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас (МКнинг 177-моддаси 2-қисми). Шу сабабли ходимга аппаратга раҳбарлик қилиш – иш бошқарувчилик бўйича қўшимча ишни фақат унинг розилиги билан топшириш мумкин.
Кўриб чиқилаётган вазиятда меҳнат шартномасига қўшимча битим тузиб, унда хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини кўпайтириш йўли билан ишларни бошқариш учун масъул сифатида ходимнинг қўшимча мажбуриятларини кўрсатиш лозим. Ушбу қўшимча битимда ходим қўшимча ишни бажарадиган муддатни, унинг мазмуни ва ҳажмини, шунингдек ходимга белгиланган қўшимча ҳақ миқдорини кўрсатиш лозим.
Қуйидаги ходимлар тоифалари учун касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга йўл қўйилмайди:
► давлат бошқаруви органлари ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари);
► давлат бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган бюджет ташкилотларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ушбу ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно (Низомнинг 26-банди).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma» МЧЖ бош эксперти.