Корхона билан клиника ўртасида тузилган шартномага кўра МЧЖ раҳбарнинг турмуш ўртоғи даволаниши ҳақини тўлади.
Жисмоний шахснинг даромадларидан қандай солиқ чегирмаларини қилиш керак?
– Корхонанинг жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб хизматлар, шу жумладан стационар ва амбулаторияга қатнаб даволаниш ҳақини тўлаш харажатлари ушбу жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади.
Солиқ кодексида корхонанинг ўз ходимлари ва уларнинг болалари (турмуш ўртоғининг эмас) даволаниши ҳақини тўлашда ЖШДС бўйича имтиёз назарда тутилган. Раҳбарнинг турмуш ўртоғи корхонангизнинг ходими ҳисобланмаса, у мазкур имтиёздан фойдалана олмайди.
Моддий наф тарзидаги даромадларга тўлов манбаида, яъни даволанишга маблағлар ўтказган корхонада ЖШДС солинади.
У ёзма ариза асосида моддий наф тарзидаги даромадлардан ЖШДС ушлаб қолмасликка ҳақли, сабаби жисмоний шахс корхона билан меҳнатга оид муносабатларда эмас (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Бунда жисмоний шахс солиқни декларация асосида мустақил равишда тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 189-моддаси).
Бундай ариза берилмаган тақдирда йил бошидан ортиб борувчи якун билан солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкалардан, яъни шкаладан келиб чиққан ҳолда даромадлар ҳақиқатда тўланаётганда уларга тўлов манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 185-моддаси).
Агар асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан даромадлар олаётган жисмоний шахс бухгалтерияга ўз даромадидан ЖШДСни энг юқори ставка бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ариза берса, корхона солиқни энг юқори ставка бўйича ушлаб қолади.
Моддий наф тарзидаги даромадлар ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинадиган объект ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.