Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимларининг зийраклиги туфайли сифатсиз дори воситаларининг республикамизга кириб келиши олди олинди. Бу шубҳали дорилар қурбонига айланиши мумкин бўлган қанчадан-қанча беморни «чалкаш даволаш»дан сақлаб қолинди дегани.
Жиноятда фақат аёллар
Ваҳоланки чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ўтказилаётган йиғилишларда бундай контрабанда ҳаракатлари қанчалик зарарли эканлиги тушунтириб борилмоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» чегара-божхона пости ходимлари қўшни давлатдан пиёда кириб келган Х.Ю. хонимнинг қинғир қилмишларини фош қилишди. Аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда юбкасининг ички қисмидан хуфиёна тикилган чўнтакларга йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 2 турдаги 80 конвалютада «Amaril» номли, 20 та шиша идишларда «Dostinex» номли таблеткалар ва 6 та шприцга тортилган тайёр ҳолдаги «Clexane» номли (инсулин) дори воситалари борлиги аниқланган. Мазкур контрабанда дори воситаларининг умумий қиймати салкам 9,5 млн сўмни ташкил қилди.
Мазкур пост орқали ҳаракатланаётган Р.М. хоним ҳам холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда ички кийимларга тикилган хуфиёна чўнтакларда 4,2 млн сўмлик худди шу дори воситалари «қалқиб чиқди».
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари бошлаб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, республикамизда жисмоний шахслар божхона чегаралари орқали шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача ва ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори препаратлари ҳамда 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.
«Спирт» операцияси
Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» чегара-божхона пости ходимлари қўшни давлатдан пиёда кириб келган опа-сингил Ҳожитоеваларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишди.
Аёллар божхона ходимлари билан бўлиб ўтган оғзаки савол-жавоб давомида ўзлари билан салқин ичимликлар олиб ўтишаётганини маълум қилишади. Аслида бу кўрсатмалар ёлғон бўлиб чиқди: уларга тегишли юклар холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда юклар орасида 31 млн сўмдан ортиқ қийматдаги 2 008 дона пиво ичимликлари борлиги аниқланди. 7 турдаги мазкур ичимликларнинг умумий оғирлиги 1 040 литрни ташкил қилди.
Айни шу пост орқали пиёда кириб келган Ф.Абдуллаходжаева эса оғзаки сўровда ўзи билан гўёки қадоқланган ичимлик сувини олиб ўтаётганини маълум қилади. Аммо 20 дона елим идишлардаги 100 литр «сув» аслида этил спирти бўлиб чиқди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра, жисмоний шахслар мамлакатимизга алкоголли ичимликлар, шу жумладан пивони 2 литргача бож тўловисиз олиб киришлари мумкин.
2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаган 26 божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 95 млн сўмдан ортиқ бўлган салкам 3 600 литр спирт ва алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишган.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.