Давлат божхона қўмитасининг навбатдаги Ҳайъат мажлиси видеоселектор шаклида ўтказилди. Унда марказий аппарат, ҳудудий божхона бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ИБК, Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология маркази раҳбарияти ҳамда ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда жорий йилнинг 21 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида божхона органларига юклатилган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар танқидий таҳлил қилинди ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ҳайъат мажлисида божхона органларининг 2018 йилнинг 1-ярмидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари бўйича белгиланган режа 116,3%га бажарилди. Автоматлаштирилган ахборот дастури имкониятларидан самарали фойдаланилгани натижасида 3 981 ҳолатда божхона қийматини паст нархларда белгилашга бўлган уринишларнинг олди олиниб, жами 5,6 млрд сўмлик божхона тўловларининг кам ундирилиш хавфи ўз вақтида бартараф этилди.
Божхона лабораториялари томонидан ўтказилган 12 мингдан ортиқ божхона экспертизалари натижасида 3,4 млрд сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жами 14,5 млрд сўмлик имтиёздан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида 4,5 млрд сўмдан ортиғи ундирилди.
Контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига қарши курашиш борасида олиб борилган мақсадли тадбирлар натижасида 4 026 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, жами 57,5 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди. Аниқланган божхона қонунбузилишларининг 196 таси юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Аниқланган ҳолатлар натижасида 21,3 кг гиёҳвандлик воситаси, 220 дона психотроп моддалар, 22 та ўқотар қурол, 3 200 дан ортиқ диний мазмундаги, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи материаллар ҳуқуқбузарлардан олинди.
Йиғилишда жорий йилнинг 1-ярмида божхона органлари фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам кескин танқид қилиниб, бунга йўл қўйган марказий аппарат ва ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари эшитилди.
Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Йиғилишда республика Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов иштирок этди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.