МЧЖ деҳқон хўжалигидан 0,5 гектар ер майдонини ижарага олиб, ўз ҳисобидан иссиқхона қурмоқчи. Икки корхона томонидан ижара шартномаси расмийлаштирилган.
МЧЖнинг бу хатти-ҳаракатлари қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?
А.Парсаев, иқтисодчи.
– Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларини ижарага бериш мумкин эмас.
Ер кодексига биноан деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари фуқароларга умрбод эгалик қилиш (ва фойдаланиш) ҳуқуқи билан берилади (55-модда). Ер давлатнинг мулки бўлганлиги учун уни тасарруф этиш (бошқа шахсга бериш) ҳуқуқи давлатда қолади.
Деҳқон хўжалигига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган томорқа ер участкалари хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши ҳамда бўлиниши мумкин эмас («Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси 2–3-қисмлари).
Шунингдек, деҳқон хўжаликларининг ер участкасида иморат ва иншоотлар қуриш ҳам тақиқланади (Ер кодексининг 55-моддаси 2-қисми).
Жамолиддин ВАККАСОВ, «Norma» МЧЖ эксперти.