Корхона ЎзР ВМнинг фармойишига мувофиқ юкхатлар ва қабул қилиш-топшириш далолатномасига кўра бино, мебель ва инвентарни текинга олди.
Фойдаланишда бўлган, текинга олинган инвентарнинг кирим қилиниши қандай бухгалтерия проводкалари билан акс эттирилади?
– Бундай мол-мулк 8530-«Текинга олинган мол-мулк» счётининг кредити бўйича мол-мулкни ҳисобга олувчи счётлар билан корреспонденцияда акс эттирилади (Йўриқноманинг 354-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова). У олингунга қадар фойдаланишда бўлганига қарамай, корхона уни 1080-«Инвентарь ва хўжалик жиҳозлари» счётига кирим қилиши лозим.
Текинга олинган мол-мулк корхонангизда фойдаланишга жорий этилганда маъмурий мақсадлар учун фойдаланиладиган инвентарь ва хўжалик жиҳозлари қиймати 9420-«Маъмурий харажатлар» счётига ҳисобдан чиқарилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.2.17-банди).
Фойдаланишда бўлган инвентарь бут сақланишини таъминлаш учун унинг ҳисобини фойдаланишга келиб тушиш санаси (ой, йил), фойдаланиш жойлари ва фойдаланиш муддати мобайнида моддий жавобгар шахсни кўрсатган ҳолда 014-«Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари» балансдан ташқари счётида юритиш лозим (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 59-банди).
Мебель буюмлари ва инвентарь юкхатлар ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатилган қиймат бўйича кирим қилинади. У ерда уларнинг қиймати кўрсатилмаган бўлса, у бозор қиймати бўйича белгиланади (Солиқ кодексининг 135-моддаси).
Мол-мулкнинг бозор қиймати ҳужжатлар ёки баҳолаш ташкилотининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:
● жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;
● етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);
● оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;
● биржа маълумотлари;
● давлат статистикаси органларининг маълумотлари.
Текинга олинган мол-мулк қиймати олувчининг бошқа даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди) ва солиқ солиш мақсадида жами даромадга киритилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.