МЧЖ улгуржи-чакана савдо билан шуғулланади. Муассис устав фондига ҳиссани товарлар билан киритди. Келиб тушган товарларни оборот капитали учун реализация қилмоқчимиз, бироқ корхона улгуржи лицензияни олиб улгурмаган.
Бундай товарларни улгуржи савдо учун лицензиясиз реализация қилиш мумкинми?
О.Югай, бош бухгалтер.
– Ҳа, устав фондига киритилган товарларни баъзи шартлар билан улгуржи савдо учун лицензия олмасдан реализация қилишингиз мумкин.
Улгуржи савдо деб тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш тан олинади (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-банди).
Товарларнинг ташкилот устав капиталига ҳисса сифатида киритилиши уларни сотиб олиш деб ҳисобланмайди ва улар улгуржи савдо таърифига мос келмайди. Шу сабабли сизнинг ҳолатда товарларни улгуржи савдони амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясиз реализация қилиш мумкин.
Бироқ кўрсатилган битимлар мунтазам амалга оширилган тақдирда уларни қалбаки деб тан олиш хавфи юзага келади. Бу тегишли ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка олиб келади (МЖТКнинг 165-моддаси; ЖКнинг 190-моддаси).
Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади (ФКнинг 124-моддаси 2-қисми).
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.