Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 21 / Тадбиркорлик

Томорқа – даромад манбаи

 

Хоразм вилоятида 289,5 минг деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари тасарруфида 39,4 минг гектардан ортиқ томорқа мавжуд. Аксарият хонадонлар ундан унумли фойдаланиб, нафақат оиласига даромад келтирмоқда, балки бозорлар тўкинлиги, юртимиз фаровонлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (18.03.2018 йилдаги 205-сон) асосида вилоятнинг барча туманларида махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Улар хонадонларга уйма-уй кириб, томорқадан унумли фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётир.

Хоразм вилояти тўртинчи сектори, давлат солиқ бошқармасига бириктирилган Қўшкўпир туманида ҳам ишчи гуруҳ аъзолари хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг томорқадан фойдаланиш ҳолатини ўргандилар. Айни пайтда мазкур туманнинг «Оқдарбанд» қишлоғида «Обод қишлоқ» дастури асосида бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишида амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Қишлоқнинг «Иттифоқ» маҳалласида яшовчи Бахтиёр Кенжаев тадбиркорлик билан шуғулланади. У ўз томорқасида ихчамгина иссиқхона қуриб, помидор, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини парваришламоқда. Ўрик, олма, нок каби мевали ва бошқа манзарали дарахтлар ҳовлига янада файз бағишлаб турибди. Шунингдек, ҳовлида қорамол, қўй ва парранда ҳам боқилади.

– Ҳудудимизда томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар кўпайиб бормоқда, – дейди Қўшкўпир туман ҳокими вазифасини бажарувчи Одилбек Артиқов. – Хонадонма-хонадон ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг ерга бўлган муносабати бутунлай ўзгарган. Бугун томорқага қўшимча даромад манбаи сифатида қаралмоқда. Ердан самарали фойдаланиш учун томорқада иссиқхона барпо этиб, сабзавот, турли кўкат ва цитрус мевалар етиштиришдан яхши даромад олинаётир. Ҳатто 2–3 сотихли томорқадан йилига ­9–10 млн сўм даромад топаётган оилалар кўп. Бу билан ҳар бир хонадон ўз ­оиласининг фаровонлигини таъминлаш баробарида, бозорларимиз серобчилигига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Қадамбой ака Жуманиёзов ҳам шу қишлоқда истиқомат қилади. Хонадони атрофида мавжуд 8 сотих томорқасида помидор, бодринг, пиёз ва турли кўкатлар етиштиради. Шунингдек, мазкур хонадоннинг 12 сотих қўшимча томорқа ерида картошка экилади. Томорқадан олинган ҳосилнинг ортган қисми бозорга олиб чиқилади.

– Яқинда вилоят 4-сектори раҳбарининг амалий ёрдами билан томорқамизда иссиқхона ташкил этдик, – дейди Қ.Жуманиёзов. – Томорқанинг даромади ёмон эмас. Эндиликда иссиқхонамизда дастлаб кўкат, кейин бодринг, помидор, қулупнай етиштиришни режалаштирдик. Шу йўсин йил давомида уч марта ҳосил оламиз.

Афсуски, кузатувлар натижасида ернинг умрини беҳуда ўтказаётган хонадонлар ҳам борлиги маълум бўлди. Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонларни ўрганиш давомида томорқасидан мутлақо фойдаланмаётгани учун баъзи хонадон эгалари билан тушунтириш ишларини олиб борди.

– Экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, йилига камида 2–3 марта ҳосил олаётган, парранда ва чорва бош сонини кўпайтиришга эришган томорқа ер эгаларига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи яратилгани тушунтирилмоқда, – дейди Қўшкўпир тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ўктам Аҳмедов. – Агар бунинг акси бўлса, яъни ер участкаси ободонлаштирилмаса, томорқа эгасига жорий йил учун ер солиғининг 3 баробари миқдорида жарима ҳисобланиши ҳам айтиб ўтилмоқда. Бундай тушунтиришлар ўз самарасини берди – ўзгаришларни қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси томорқада ҳар қачонгидан фаол ишлаётганида ҳам кўриш мумкин.

Бугун вилоят давлат солиқ хизмати ходимлари аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланиш бўйича муаммоларини ҳал этишда яқиндан ёрдам бериб келишмоқда. Томорқада етиштирилган маҳсулотларни улгуржи сотиш, корхоналар ташкил этиш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш борасида тегишли ташкилотлар билан амалий ишлар олиб борилмоқда.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА,

Хоразм вилояти
ДСБ бўлими бошлиғи.

 

Прочитано: 2242 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика