ЯСТ тўловчи МЧЖ дори-дармон воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланади. Март ойида улгуржи лицензия олди. Нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш ҳар ой амалга оширилмайди.
Корхона дори-дармон воситаларини фақат чакана сотиб, нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича реализация қилмаса, ЯСТни қандай ставкада тўлаши керак?
П.Сепарова.
– ЯСТнинг ҳисоблаб чиқарилиши Солиқ кодексининг 56-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.
ЯСТ солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Дорихона ташкилотлари учун ЯСТ ставкалари улгуржи реализация мавжудлигига эмас, балки жойлашган жойига қараб белгиланади.
Чунончи, аҳолиси сони 100 минг киши ва ундан ортиқни ташкил этувчи шаҳарларда жойлашган улгуржи ва чакана дорихона ташкилотлари учун ЯСТ ставкаси 3% миқдорида этиб белгиланган.
Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган улгуржи ва чакана дорихона ташкилотлари ЯСТни 2%лик ставкада, бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда жойлашганлари эса 1% миқдорида тўлайдилар (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 9-2-илова).
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.