Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 21 / Нуқтаи назар

Солиқ ислоҳотидаги хатарлар

 

29 март куни «Ўзэкспомарказ»да Солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасининг (кейинги ўринларда – Концепция) расмий тақдимоти ўтказилгандан буён қарийб икки ой ўтди. Интернет тармоғида уни қувонч билан қарши олишдан тортиб буткул рад этишгача минглаб фикрлар билдирилди. Ушбу мақолада Концепция амалга оширилганда юзага келиши эҳтимоли бўлган хатарлар хусусида сўз юритамиз.

 

Солиқ ислоҳоти – ҳаётий зарурат. Унга доир муаллифнинг таклифлари «Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг 3.04.2018 йилдаги 14-сонида (рус тилида – «НТВ» газетасининг 27.03.2018 йилдаги 13-сонида) чоп этилган. Бироқ у таклиф этилган вариантда амалга оширилса, бу ҳолда ислоҳотларни йўққа чиқариши мумкин бўлган эҳтимолий хатарларни инобатга олиш зарур.

 

Умумий хатарлар

1. Солиқ юки бир лаҳзада пасайтирилганда бюджетдаги катта дефицит юзага келиши хатари.

Ўзбекистон солиқ тизимини ривожлантиришда солиқ юкини аста-секин (эволюцион) пасайтириб бориш ҳамда ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан ҳозирги пайтгача бўлган даврда республикамизнинг ҳаддан зиёд меҳнатга лаёқатли аҳолисини иш билан таъминловчи асосий манба саналган кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш йўлидан борилди:

● фойда солиғи ставкаси 37%дан 14%гача пасайтирилди;

● ЯИТ ставкаси – 40%дан ­25%гача (кичик бизнес учун – 15%гача);

● ЖШДСнинг юқори ставкаси – 45%дан ­22,5%гача;

● ҚҚС ставкаси – 30%дан 20%гача (тўғри, 20%лик ставка 90-йиллар охиридан буён сақланиб қолмоқда);

● ЯСТ ставкаси – 15%дан (2001 йилда) ­5%гача (2017 йилда);

● солиқларнинг ЯИМга нисбатан умумий улуши (ижтимоий суғуртасиз) – 38%дан (1992 йилда) 20,3%гача (2017 йилда);

● солиқлар ва тўловларнинг ЯИМга нисбатан улуши (ижтимоий суғуртани ҳисобга олганда) – 50%дан (1992 йилда) 31%гача (2017 йилда).

Яъни республикамизда солиқ юки мунтазам камайиб борган.

Таклиф этилаётган солиқ ислоҳоти 17–20 трлн сўм ёки барча даромадларнинг 20–25%и миқдоридаги бюджет ва ижтимоий жамғармалар маблағлари йўқотилишига олиб келиши мумкин. Концепция муаллифларининг фикрича, дефицит вақтинчалик бўлиб, қуйидагилар ҳисобига қопланади:

● тадбиркорларнинг хуфия даромадлари легаллаштирилиши. Бироқ ҳар қандай ислоҳот дарҳол самара бермайди. Энг яхши ҳолатда, таркибий ислоҳотлар ва маъмурий тизим ислоҳотини амалга ошириш шарти билан, даромадларнинг легаллаштирилиши кам деганда 3 йилдан аввал рўй бермайди (рўй бермаслиги ҳам мумкин);

● жамғарилган захиралар. Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида 27 млрд АҚШ долларидан ортиқ маблағ жамғарилган. Бироқ Жамғарманинг асосий вазифаси – йирик лойиҳаларни инвестициялаш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш. Жамғарма маблағларини сарфлаб қўйишимиз, бюджетга тушумларнинг эса тикланмаслиги хавфи мавжуд;

● ноинфляцион манбалар. Булар ташқи қарзлар бўлиши мумкин. Эҳтимол, биринчи навбатда ХВФ кредитлари. Бироқ ХВФ кредит бераётганда республика иқтисодиёти учун қатъий шартлар қўяди (иш ҳақини чеклаш, тарифларни ошириш ва ҳ.к.). Бу кредитни қайтариш ҳам керак бўлади – устига устак фоизи билан. Мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий афзалликларидан бири ташқи қарзларга боғлиқликнинг камлигида.

 

Хулоса: таклиф этилаётган солиқ ставкаларини бир лаҳзада пасайтириш ва солиқ солиш тизимларини ўзгартириш бюджет дефицити кескин ошишига, ижтимоий ва бошқа дастурларга маблағ етишмаслигига ва, тегишинча, молия тизими муайян даражада барқарорлигини йўқотишига олиб келиши мумкин, бу инвесторларни беқарор иқтисодиётга маблағ қўйишдан чўчитиб қўйиши мумкин.

 

2. Солиқ юкига доир таҳлилий маълумотларнинг нотўғри ҳисоб-китобларга асосланганлиги хатари.

Бизда солиқлар жуда кўп – 12 тадан ортиқ ва солиқ юки катта – бошқа мамлакатлар билан солиштирганда ЯИМга нисбатан 31% дейдилар.

Аслида солиқлар сони бўйича:

● юридик шахсларнинг 95%и солиқ солишнинг соддалаштирилган тизими тўловчилари ҳисобланади. Улар атиги 2 та солиқ: кичик корхоналар – ЯСТ ва ЯИТ, қишлоқ хўжалиги корхоналари – ЯЕС ва ЯИТ тўлайдилар;

● юридик шахсларнинг 4,8%и 6 та солиқни тўлайди, бу солиқ турлари у ёки бу шаклда жаҳондаги барча солиқ тизимларида мавжуд. Бу – фойда солиғи, ҚҚС, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва ЯИТ. Уларга давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалар тарзидаги олтинчи ўзига хос солиқ қўшилади;

● солиқ тўловчиларнинг 0,2%и ўз фаолият туридан келиб чиқиб 6 тадан ортиқ солиқ тўлайди: акцизланадиган маҳсулотлардан акциз; фойдали қазилмаларни кавлаб олишдан ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқ; сувдан ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланишда сув солиғи; бензинни реализация қилишда уни ишлатганлик учун солиқ.

Энди солиқ юки даражасига келсак. Республикамиздаги солиқ юкини асосан Осиё мамлакатлари – «Осиё йўлбарслари» (Жанубий Корея, Хитой, Тайвань, Таиланд ва б.) билан солиштирадилар. Уларда ўртача солиқ юки – ЯИМга нисбатан 20%. Бироқ ушбу мамлакатлар ўз иқтисодиётлари ижтимоий томонга йўналтирилганлигини эълон қилмайдилар. Уларда пенсия тўловлари йўқ, тўлақонли пенсия тизими ҳам йўқ (ёки эндигина юзага келмоқда). Ҳар бир оила ўз қариялари ҳақида ўзи ғамхўрлик қилади, яъни харажат қилади, бироқ улар солиқлар сифатида ҳисобга олинмайди.

Бизда жами солиқ юки ЯИМга нисбатан ­31%ни ҳамда пенсия ва бошқа бюджетдан ташқари тўловлар ҳисобга олинмаганда ЯИМга нисбатан 20,3%ни ташкил этади.

 

Хулоса: солиштириш чоғида ижтимоий сиёсатга турли хил ёндашувларни ҳам инобатга олиш лозим.

 

3. Тақлид қилиш учун «модель» танлаш хатари – Грузиядаги солиқ ислоҳоти тажрибаси солиқ ислоҳоти лойиҳасига асос қилиб олинди.

2004 йилда у ерда солиқ ислоҳоти ўтказилган. 20 та солиқдан 7 таси қолган: даромад солиғи, ижтимоий солиқ, ҚҚС, фойда солиғи, мол-мулк ва акциз солиғи, солиқ амнистияси эълон қилинган. 2017 йилга келиб Грузия ЯИМда солиқлар ва тўловлар улуши 27%дан 30%гачани ташкил этди. Ислоҳот уч йил давомида олиб борилган. Бунда ушбу ислоҳотнинг асосий ютуғи солиқлар миқдорининг камайишида эмас, балки солиқ маъмуриятчилигининг кескин қатъийлаштирилишида бўлган.

Европа Иттифоқининг 2008 йил апрелда ­эълон қилинган ҳисоботига кўра Грузиядаги иқтисодий ўсиш асосан молия секторини кенгайтириш ва хорижий капитал оқими ҳисобига таъминланган. Бир қатор иқтисодчиларнинг фикрича, Грузия «иқтисодий мўъжизаси»га ўз ишлаб чиқариши эмас, ташқаридан қўйилмалар асос бўлган. 2004–2010 йиллар давомида Грузия таркибий ислоҳотлар ва молиявий тизимни қўллаб-қувватлашга 5 млрд АҚШ долларидан ортиқ (уларнинг 2 млрд – беғараз асосда) маблағ олган (2012 State Budget Approved // civil.ge; Грузияда озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши кутилмоқда // Кавказский узел, 7.12.09).

Грузиядаги ушбу ислоҳотлар 2018 йилда қандай натижаларга олиб келди? Мамлакат ҳанузгача ташқаридан, бироқ камроқ миқдорда қарз олмоқда. Мамлакат ЯИМ 14 млрд АҚШ долларини ташкил этгани ҳолда жами ташқи қарзи 17 млрд АҚШ долларидан ошиб кетди (tradingeconomics.com/georgia/indicators). Салбий ташқи савдо баланси: экспорт – 2,5 млрд АҚШ доллари, импорт – 7 млрд доллар. Фаол аҳолининг 33%и иш билан таъминланмаган – сўров натижаларига кўра, Грузия аҳолисининг 73%и ўзини тўлиқ банд деб ҳисобламайди (РБК). Республиканинг йирик даромад манбалари нефть транзитидан тушумлар, мигрантлардан маблағлар, ташқи қарзлар ҳисобланади. Ягона муваффақиятли лойиҳа – туризм.

 

Хулоса: Грузиядаги ислоҳотлар самарадорлиги хусусида шубҳа юзага келади. Балки ўша «Осиё йўлбарслари», масалан, Жанубий Корея – жаҳондаги энг жадал ривожланаётган иқтисодиётлардан бирининг тажрибасига мурожаат қилган маъқулмикин?

 

4. Солиқ маъмуриятчилиги ислоҳотининг солиқ ислоҳотидан ортда қолиши хатари.

Концепцияда солиқ маъмуриятчилигидаги ислоҳотлар ҳам назарда тутилган. Солиқлар ва солиқ маъмуриятчилиги ислоҳотини бир пайтнинг ўзида ўтказиш таклиф этилмоқда. Бироқ солиқ маъмуриятчилиги бўйича илгари амалга оширилган чора-тадбирлар инновация жорий этилган пайтдан бошлаб у самара бергунга қадар камида 3 йил ўтишини кўрсатмоқда:

● касса аппаратлари ўтган асрнинг 90-йиллари охиридан жорий этила бошлади – шу пайтгача улардан ҳамма ерда ва ҳар доим фойдаланилмайди;

● акциз маркалари (тамғалари) 1996 йилда жорий этила бошлади – фақат 2005 йилдан натижа олина бошлади;

● солиқлар бўйича ҳисоботларнинг электрон тизими 2009 йилда жорий этила бошлади, фақат 2015 йилга келиб ўз самарасини кўрсатди ва ҳ.к.

Яъни солиқ маъмуриятчилиги бўйича таклиф этилаётган ислоҳотлар жорий этилгандан кейин 3–4 йилдан кейингина натижа бериши эҳтимоли бор.

 

Хулоса: ХВФнинг Ўзбекистон бўйича 2017 йилги ҳисоботида кўрсатилганидек: «Президентнинг кўрсатмаларига мувофиқ корхоналар ривожлантирилишини ва иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш учун кенг қамровли солиқ ислоҳоти ўтказиш зарур. Бироқ солиқ ислоҳотларини олдинма-кетин (ва, тегишинча, аста-секин), солиқ органларининг сони тобора ортиб бораётган солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш салоҳиятини оширган, солиқ тўловчиларнинг янада қатъий ҳисоб стандартларига риоя этиш имкониятларини такомиллаштирган ҳолда амалга ошириш зарур».

 

5. Концепция лойиҳаси макроиқтисодий таъсирни ва минтақаларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олмаслиги хатари.

Республикамизнинг ҳар бир минтақаси ўзига хос хусусиятларга эга. Айрим минтақалар дотацион ҳисобланади. Айни пайтда Концепцияда маҳаллий бюджетнинг асосий манбаларидан бири бўлган мол-мулк солиғини энг паст даражагача минималлаштириш назарда тутилган. Бошқа томондан, Навоий ва Тошкент вилоятларида тўлаётган солиқлари билан маҳаллий бюджетни таъминлаётган, шу билан бирга алоҳида солиқ солиш тартиби қўлланиладиган НКМК ва ОКМК сингари гигантлар фаолият юритади, бу ҳақда Концепцияда ҳеч нима дейилмаган.

Солиқ кодексининг айрим нормалари йирик давлат корхоналарида (Ўзбекнефтгаз, ­Ўзбек­энерго, Ўзкимёсаноат, Ўзпахтасаноат тизимлари ва б.) амал қилмайди. Солиқлар қонуности ҳужжатлар ёки Ҳукумат комиссиясининг баённомалари қарорига мувофиқ тўланади. Бу мазкур корхоналар бўйича солиқ боқимондалари ошишига олиб келади. Чунончи, Ўзбекнефтгаз бўйича нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар нефть маҳсулотларидан акциз тўловчи ҳисобланади. Бироқ бир қатор сабабларга кўра улар акциз ҳисоблаб ёзадилар, бироқ бюджетга тўламай, ўз эҳтиёжларига ишлатадилар. Айни пайтда нефть маҳсулотларини реализация қилувчи корхоналар (нефть базалари) акциз солиғига ўхшаш бўлган бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ тўлайдилар.

Қишлоқ хўжалигида Солиқ кодекси талабларига тўлақонли риоя этилмайди. Бунда фермерларнинг маблағларини тақсимлаш тўғрисидаги қарорлар Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси баённомалари ва жойлардаги ҳокимларнинг топшириқлари асосида қабул қилинади. 

Яна ХВФнинг 2017 йилги ҳисоботига мурожаат қиламиз: «Келгусида давлат корхоналаридан даромадларнинг бюджетга тушуми кескин қисқариши хатарини бартараф этиш учун ҳам солиқ ислоҳотини ўтказиш зарур. Айни пайтда солиқларнинг катта қисми давлат корхоналаридан келиб тушади, бу ҳам солиқ маъмуриятчилигини анча соддалаштиради. Илгари давлат корхоналари турфа хил – кредитлардан имтиёзли фойдаланишдан тортиб оралиқ истеъмол ресурсларини субсидиялашгача бўлган имтиёзларга эга эди, бу оғир солиқ юкини осонроқ кўтариш имконини берарди. Бироқ уларнинг имкониятлари кескин қисқариши мумкин, сабаби бозор иқтисодиётига ўтган сайин уларнинг имтиёзлари қисқаради, бу давлат корхоналаридан солиқлар йиғилишини қийинлаштиради. Солиқ тўловчилар қамровини кенгайтириб, солиқ ислоҳоти айнан давлат харажатлари оширилиши керак бўладиган келгуси даврда бюджет даромадлари қисқариши хатарининг олдини олиши мумкин бўлар эди».  

 

Хулоса: минтақалар ва тармоқларда таркибий ислоҳот ўтказилмаса, солиқ ислоҳоти оз самара беради.

 

6. Тўловчиларнинг тайёр эмаслиги хатари. Солиқ ислоҳоти лойиҳаси илгари солиқ (масалан, ҚҚС) тўламаган тўловчилар учун улар жорий этилишини назарда тутади.

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимида ҳисоблаб чиқариш тизими анча содда бўлган битта солиқ тўланиши назарда тутилганлиги сабабли оммабопдир. Кичик корхоналар учун ҚҚС ва бошқа солиқлар тўланадиган умумбелгиланган тизимнинг жорий этилиши:

● ҳисоб-китоб қилиш ва тўлашда қийинчилик туғдиради, тегишинча, кўп сонли хато ва қоидабузарликларга олиб келади. ДСҚ маълумотларига кўра, корхоналарнинг 47%ида бухгалтер йўқ;

● умумбелгиланган солиқларни тўловчилар сони ошгани сабабли солиқ органлари учун муаммоларни юзага келтиради – малакали солиқ ходимлари сони кам бўлгани ҳолда иш ҳажми ортади.

Солиқ маслаҳатчилари ривожланган тизими мавжуд эмаслиги сабабли ушбу муаммолар чуқурлашиб кетмоқда. Аксарият ривожланган мамлакатларда кичик бизнес учун солиқ ҳисобини консалтинг фирмалари юритадилар. Республикамизда 2018 йилга келиб солиқ маслаҳатчиси лицензиясини атиги 120 нафар мутахассис олган.

 

Хулоса: тадбиркорларни тайёрлаш тизимини ишга тушириш зарур.

 

7. Концепция бўйича ҳисоб-китоблар ва ислоҳот амалга оширилишини прогнозлаш моделларининг йўқлиги хатари.

Солиқ ислоҳоти концепциясида етарли ҳисоб-китоблар берилмаган. Бунинг сабаби тушунарли. Концепция ишлаб чиқилишига асос бўлган Президентнинг «Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-5214-сон Фармойиши 2018 йил 13 февралда чиқди, Концепция 2018 йил 29 мартда тақдим этилди, яъни 1 ойдан бироз кўп вақт ўтди.

Одатда молиявий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш чоғида минтақалар, тармоқлар, маҳсулот турлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар келтирилади. Бундан ташқари, таклиф этилаётган тизим амалга оширилиши прогноз моделлари, унинг ижобий ва салбий жиҳатлари, асосийси – бу давлатга қанчага тушиши кўрсатилади.

 

Хулоса: ҳисоб-китобларсиз ислоҳот натижаларини аниқлаш мушкул.

 

8. Божхона-тариф тизими ўзгаришидаги хатар. Солиқ ислоҳоти билан бир қаторда божхона-тариф тизимини ислоҳ қилиш ҳам таклиф этилмоқда. Импорт чоғида аксарият акциз ставкалари ва божхона божларини нолга тенглаштириш таклиф қилинмоқда.

Божхона тўловлари даражаси ва, тегишинча, импорт товарлар нархларининг пасайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўхшаш импорт товарлар билан солиштирганда рақобатбардошлиги камайишига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида импорт кўпайиши ва импорт билан рақобатлашувчи корхоналар банкрот бўлиши мумкин. Бизда, масалан, Россия ёки Хитойнинг йирик ишлаб чиқарувчилари билан рақобатлаша оладиган йирик корхоналар кўп эмас. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг «кўламдорлик самараси»га эришмай туриб, уларнинг рақобатбардошлигини божхона тарифларини тартибга солиш сингари ҳимоя механизмларисиз таъминлаб бўлмайди.

 

Хулоса: бунда ҳам ҳисоб-китоблар ва солиштирмалар зарур.

 

 

 

Энди бевосита солиқ ислоҳоти бўйича таклифларни кўриб чиқамиз.

 

Алоҳида солиқлар бўйича муайян хатарлар

 

1. Фойда ва дивиденд солиғи

Концепцияда юридик шахслардан (тижорат банклари ва суғурта ташкилотлари бундан мустасно) олинадиган фойда солиғини бекор қилиб, фақат дивидендлар тарзида тўланадиган фойдага 25%лик ставкада дивидендларга солиқ солиш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда. Қуйидаги саволлар юзага келади:

● Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолиятини амалга оширувчи ёки юзага келиш манбаи республика ҳудудида бўлган даромадларни олувчи норезидентларнинг даромадларига қандай солиқ солинади? Нафақат норезидентларнинг дивидендларига, балки бошқа даромадларига ҳам тўлов манбаида солиқ солинади. Яъни норезидентлар ҳам фойда солиғини (дивидендлар бундан мустасно) тўлашдан озод этилади. Ушбу ҳолат оффшор фирмалар сони ортишига ва Ўзбекистонда олинган даромадлар фойда солиғини тўламасдан олиб чиқиб кетилишига сабабчи бўлиши мумкин;

● иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битимлар нима бўлади (Ўзбекистон 60 та мамлакат билан битимлар тузган)? Масалан, битимларга мувофиқ кўчмас мулкдан фойдаланишдан, кўчмас ва ҳар қандай бошқа мол-мулкни ўзга шахсга беришдан даромадларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 20%лик ставкада фойда солиғи солинади;

● асосий бўлмаган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган бошқа даромадларга қандай солиқ солинади? Улар ҳам солиқдан озод этиладими? Бундай бошқа даромадларга асосий воситалар ва бошқа мол-мулк чиқиб кетишидан; мол-мулкни оператив ва молиявий ижарага беришдан олинадиган даромадлар; текин олинган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар; мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадлар; талаблардан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромадлар; ундириб олинган ёки қарздор томонидан тан олинган жарималар ва ­пеня; олинадиган дивидендлар ва фоизлар; роялти ва ҳ.к. киради. Бошқа даромадларнинг озод қилиниши турли фирибгарликлар ва айрим операциялар бўйича солиқдан қочиш ҳолатларини келтириб чиқармайдими?

● чиқариб олинадиган фойдага 25% солиқ белгилаб, фойда солиғининг бекор қилиниши ҳамда бир вақтнинг ўзида ҚҚС ва МҲТФдан солиқларнинг пасайтирилиши тадбиркорларнинг ўз дивидендларини хуфия равишда – харид қилинадиган хом ашё, материаллар, ишлар ва хизматлар орқали «чиқариб олишларига» сабабчи бўлмайдими?

 

Хулоса: фикримизча, чегирилмайдиган харажатларнинг ёпиқ рўйхатини белгилаб, 14%лик ставкадаги фойда солиғини жорий этган маъқул бўлар эди. Дивидендлардан солиқни 10% даражасида сақлаб қолиш лозим (ана шунда юқорида кўрсатилган муаммолар ҳал этилади).

 

2. ҚҚС

ҚҚС ставкасини 20%дан 12%гача пасайтириб, барча тоифадаги солиқ тўловчиларга, шу жумладан 1 млрд сўмдан ортиқ оборотга эга якка тартибдаги тадбиркорларга уни тўлаш мажбуриятини юклаш, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва республикамизда ишлаб чиқарилган айрим озиқ-овқат товарларининг нархлари ўсишига йўл қўймаслик мақсадида уларни реализация қилиш оборотларини ҚҚС тўлашдан озод қилган ҳолда ушбу солиқни ҳисобга киритишнинг тўлақонли тизимини яратиш, солиқ солинадиган базани аниқлаштириш.

Барча тўловчилар учун ҚҚС тўлашни жорий этиш – яхши таклиф. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва айрим озиқ-овқат товарларини реализация қилиш оборотларини уни тўлашдан озод қилиш муаммони тўлиқ ҳал этмайди. Бизда саноатнинг катта қисми қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ, унга нефть маҳсулотлари, ўғитлар ва бошқаларни ҚҚС билан етказиб беради. Қишлоқ хўжалиги корхоналари ушбу ҚҚСни ҳисобга кирита олмайдилар (сабаби ЯЕС тўловчилари ҳисобланадилар) ва ўз маҳсулотларининг нархини оширадилар. Ўзпахтасаноат, Ўздонмаҳсулот, Ўзбек­ёғмой тизимларидаги ва бошқа корхоналар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҚҚСсиз сотиб оладилар. Уни қайта ишлаб, ҚҚСни ҳисобга кирита олмайдилар (у қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматида йўқ) ва, тегишинча, маҳсулотнинг бутун қийматидан ҚҚС тўлайдилар.

 

Хулоса: фикримизча, ҚҚС жорий этилишини 1 млрд сўмдан ортиқ оборотга эга барча тўловчиларга, шу жумладан қишлоқ хўжалиги корхоналарига татбиқ этиш зарур. ҚҚС давлат бюджетининг 35%ини таъминлашини инобатга оладиган бўлсак, ставкани 4–5 йил давомида босқичма-босқич пасайтириш мумкин.

 

3. ЖШДС, ЯИТ, ижтимоий суғуртага тўловлар

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадалларини 25% миқдоридаги солиқ солишнинг бир текис шкаласида солиқ солинадиган жисмоний шахсларнинг ягона даромад солиғига бирлаштириш.

Йирик корхоналардаги 55% ва кичик корхоналардаги 40% МҲТФнинг умумий солиқ юкини 25%гача пасайтириш таклиф этилмоқда. Бунда ушбу жамлама солиқнинг тўловчиси бир текис шкала бўйича жисмоний шахс бўлади.

Жаҳондаги кўпгина мамлакатлар (90%дан ортиғи) ЖШДСнинг прогрессив шкаласини қўллайдилар, сабаби у бир текис шкалага қараганда адолатлироқ тизимдир. Бир текис шкалада 700 минг сўм олаётган фаррош билан 100 млн сўм олаётган тадбиркор ўз даромадидан бир хилда 25% тўлайди.

Бундан ташқари, қуйидаги муаммолар юзага келади:

● амалдаги ЖШДСнинг прогрессив шкаласида 0% ва 7,5%лик шкалалар бор. Республикамиз аҳолисининг муайян қисми 850 минг сўмдан ортиқ бўлмаган, яъни 7,5%лик ставкада солиқ солинадиган даромад олади. Ушбу тўловчиларга энди уларнинг даромадларига 25%лик ставкада солиқ солинишини (гарчи МҲТФга умумий солиқ солиш камайса ҳам) қандай тушунтириш мумкин;

● мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган; жисмоний шахслардан текин олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги; жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадлардан 7,5%лик энг кам ставкада ЖШДС тўловчи жисмоний шахслар билан ҳам муаммо юзага келади;

● жисмоний шахсларнинг декларация тақдим этиладиган даромадларига ЯИТ солинмайди ва, тегишинча, 25%лик ягона ставка улар учун катталик қилади. Масалан, фан, адабиёт ва ­санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар оладиган жисмоний шахслар бундай фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмай амалга ошириш ҳуқуқига эга (яъни улар қатъий белгиланган солиқни тўламайдилар).

 

Хулоса: фикримизча, қуйидагича йўл тутган маъқулроқ:

1-вариант: 25%лик ставкани иккита тенг қисмга бўлиш: 12,5%ни ЯИТ тарзида – юридик шахс ва 12,5%ни ЖШДС тарзида жисмоний шахс тўлайди;

2-вариант: 25%лик ставкани бир нечта қисмга бўлиш: 8%ни юридик шахс ЯИТ тарзида тўлайди ҳамда 0%, 7,5% ва 17%ни прогрессив шкалада жисмоний шахс тўлайди.

 

4. Мол-мулк солиғи

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ юкини ставкани босқичма-босқич пасайтириш (2019 йилда – 2,5%гача ва 2021 йилга қадар – 1%гача) ҳамда ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини солиқ солинадиган ­объектлардан чиқариш ҳисобига камайтириш.

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилиш, 5 йил мобайнида кўчмас мулк солиғини босқичма-босқич жорий этиш ҳисобига ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчилари доирасини кенгайтириш.

Амалдаги қонун ҳужжатларида фақат кўчмас мулкка солиқ солиниши назарда тутилган. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларининг солиқ солиш объектларидан чиқарилиши ҳамда солиқ ставкасининг 5 баравар пасайтирилиши амалда ушбу солиқнинг йўқолишига олиб келади, сабаби ноишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари асосий фондлар умумий қийматида кичик улушга эга.

 

Хулоса: ставкани пасайтириш мумкин, бироқ мол-мулк бўйича солиқ солинадиган объектни (кўчмас мулкни) сақлаб қолиш лозим.

 

5. Акциз

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларга акциз солиғи турлари ва ставкаларини босқичма-босқич бирхиллаштириш, шунингдек акциз солиғи турларини қисқартириш.

Акциз солиғини 150 тадан ортиқ бўлмаган (300 мингта юридик шахсдан) тегишли маҳсулот ишлаб чиқарувчилар тўлайдилар. Аксинча, акциз ставкаларини ошириш зарур, бу айрим солиқлар бекор қилиниши сабабли бюджет зарарларини қуйидагилар ҳисобига қоплаш имконини беради:

● алкоголь (шу жумладан пиво) ва тамакига акциз ставкаларини 2 баравар ошириш;

● автомобилга акциз ставкаларини тиклаш; «зарарли маҳсулотлар» – газланган ичимликлар, пальма ёғи асосидаги маҳсулотлар ва бошқаларга акциз жорий этиш;

● «зеб-зийнат» бўйича акциз тизимини қайта кўриб чиқиш.

Алкоголга акцизни оширишга мисол: бугунги кунда ишлаб чиқариладиган энг оддий бир шиша ароқни 12 минг сўмга сотиб олиш мумкин, ўрта навли буғдойдан қилинган буханка нони (700 граммлик) 650 сўм туради (ёки 1 кг нон учун 928 сўм тўлаш керак), яъни 1 шиша ароқ ўрнига ҳозир 13 та буханка (1 кг) нон берадилар. Ўтган асрнинг 80-йилларида бир шиша ароқ ўрта ҳисобда 4 сўм, нон буханкаси (1 кг) эса 20 тийин турар эди, яъни 1 шиша ароқ баҳоси 20 та буханка баҳосига тенг эди.

 

6. Жарима санкциялари

Жарима санкцияларини қайта кўриб чиқиш ва солиқ ҳуқуқбузарликлари учун барча турдаги жавобгарликни кучайтириш, жарималар ва ­пеня ҳисоблашнинг шаффоф механизмларини белгилаш.

Солиқ қонунчилигини бузганлик учун амалдаги санкциялар тизимини корхоналардан аниқ қонунбузарлар – уларнинг мансабдор шахсларига қаратган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарур. Биз молиявий санкциялар корхона банкрот бўлишига ва иш жойлари тугатилишига олиб келганининг гувоҳи бўлганмиз. Солиқ солиш объектини яширганлик учун молиявий санкция ана шундай амал қилган – яширилган объект мусодара қилинган ва унинг қиймати миқдорида жарима солинган.

 

Шу тариқа, солиқ ислоҳоти зарур, фақат у:

● босқичма-босқич, 3–4 йил давомида;

● комплекс равишда, солиқ маъмуриятчилигидаги ислоҳот ва умуман иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар билан биргаликда амалга оширилиши даркор.

 

Жорилла АБДУЛЛАЕВ,

иқтисодий шарҳловчи.

 

Прочитано: 1488 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика