Norma.uz

Бюро электр ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ҳар ой олишни режалаштирмоқда

 

ҚҲТБТ порталида Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига (ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова) киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар лойиҳаси эълон қилинган.

 

Тузатишларга биноан Мажбурий ижро бюроси истеъмолчи билан биргаликда ҳар ой ҳисобга олиш приборларидан кўрсатмалар олиши тартибини татбиқ этиш таклиф қилинмоқда. Бу электр энергияси истеъмолининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш ва зарурат туғилганда ҳисобга олиш приборларининг уланиш схемаларини текшириш учун зарур.

Маиший истеъмолчилар ва истеъмолчи – юридик шахслар учун намунавий шартномалар Қоидалардан чиқариб ташланади. Янги шартномаларни «Ўзбекэнерго» АЖ ишлаб чиқади, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси кейинчалик ҳуқуқий экспертизадан ўтказган ҳолда тасдиқлайди.

Бундан ташқари, маиший истеъмолчиларда барча замонавий электрон ҳисобга олиш приборлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналари (ҲЭТК) маблағлари ҳисобига сотиб олинади, ўрнатилади, рўйхатдан ўтказилади, даврий давлат қиёсловидан ўтказилади ва пломбаланади. Бу мавжуд (шу жумладан индукцион) ҳисоблагичларга ҳам тааллуқли. Илгари фақат Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланадиган махсус электрон ҳисоблагичлар бепул ўрнатилган.

Шу билан бирга тўлов ҳужжатида хатолик ёки ҳисоблагич кўрсаткичларида ноаниқлик борлиги аниқланганда, ҲЭТК Бюро билан биргаликда ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини текширади ҳамда ҳисобга олиш приборини кўздан кечиради (зарурат туғилганда). Ушбу тартиб амалиётда қўлланилаётир.

Шунингдек электр энергиясидан реклама, чироқлар билан безатиш, бино ва иншоотларни ёритиш учун фойдаланишга ҲЭТКдан рухсат олиш тартиби бекор қилинади. Бундан ташқари, электр энергиясидан технологик мақсадда иситиш, тижорат мақсадида овқат тайёрлаш, шунингдек хоналарни иситиш ва иссиқ сув таъминоти мақсадида фойдаланишга «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг розилигини олиш учун техник-иқтисодий асослар тақдим этишга тўғри келмайди.

Кўп хонадонли уй-жойлардаги хонадонларда ва шахсий уй-жойларнинг ичидаги иморатларда ўрнатилган ҳисобга олиш приборлари бут ва яхлит сақланиши учун жавобгарлик истеъмолчи зиммасига юклатилиши ҳақида аниқлик киритирилди. Ҳақиқатда бу ҳисоблагичларни уй ичига ўрнатишга рухсат берилишини англатади.

Истеъмолчининг айби билан ҳисобга олиш приборининг хотира блоки ва дастурлаштирилишига кириш тугмачасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилган бўлса, бу электр тармоқларидан узиб қўйишга олиб келади. Бунда ҳисобга олиш приборлари охирги марта алмаштирилган ёки уларнинг уланиш схемалари қиёсловдан ўтказилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан (3 йил) ортиқ бўлмаган муддат учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.

Реактив энергия истеъмоли учун устама миқдори иқтисодий қийматнинг амалдаги миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Ҳозир устама миқдори (қиймат доирасида – ҚҚСсиз актив энергия учун тарифдан 5%, қиймат миқдоридан ортиқ – 10%) шартномада белгиланган иқтисодий қийматга боғлиқ. Келгусида ҳисобот даври якунлангач, истеъмол қилинган актив энергия миқдори таъсир кўрсатадиган амалдаги миқдор аниқланади.

Катта ва кичик юкламали соатлар бир соат олдинга кўчирилади. Катта юкламали соатлар 6:00 дан 22:00 гача, кичик юкламали соатлар эса – 22:00 дан 6:00 гача этиб белгиланади. Эслатиб ўтамиз, чегирмалар (ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда тарифнинг 15%и) истеъмолчи ушбу катта юкламали соатларда реактив энергия генерация қилиши ва уни кичик юкламали соатларда истеъмол қилишига боғлиқ.

Овқат тайёрлаш учун марказлаштирилган тарзда электр плиталар билан жиҳозланган кўп хонадонли уй-жойларда ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар фойдаланадиган электр энергияси ҳақини қуйидагича тўлаш таклиф этилмоқда. Қуйидаги миқдорда истеъмол қилганда:

ҳисобот даврида (бир ойда) соатига 300 кВт доирасида – мазкур тариф гуруҳи амалдаги тарифининг 50%и миқдорида;

худди шу даврда соатига 300 кВт дан ортиқ бўлса – кўрсатилган нормадан ошувчи ҳар кВт соат учун мазкур тариф гуруҳи амалдаги тарифининг 100%и миқдорида.

Ҳозир имтиёзли истеъмол лимити белгиланмаган ва истеъмолчилар 50% тўламоқдалар.

I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига IV тариф гуруҳи бўйича технологик мақсадда электр энергияси ҳақини тўлаш тақиқланади. Бироқ улар биноларни иситиш, иссиқ сув таъминоти ва овқат тайёрлаш учун электр энергиясига аввалгидек IV тариф гуруҳи бўйича тўлашлари мумкин бўлади.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Самир Латипов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1094 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика