Корхонамиз товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган эди.
Монополияга қарши органга бизни реестрдан чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилдик (Низом, ВМнинг 20.08.2013 йилдаги 230-сон қарорига 1-илова). Бироқ бизга рад жавоби бердилар. Шундан сўнг хўжалик судига мурожаат қилдик, бироқ низо ушбу суд ваколатига тегишли эмаслиги сабабли иш тўхтатилди.
Низомда монополияга қарши органнинг хўжалик юритувчи субъектни реестрдан чиқаришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланмаганлигини ҳисобга олиб, қайси органга ва қандай тартибда унинг устидан шикоят қилиш мумкинлигини тушунтириб берсангиз.
А.Лигай.
– Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (монополияга қарши органнинг) қарори устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин.
Монополияга қарши органнинг қарори устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиш мумкин («Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддаси). Бу ҳолда тегишли ариза (шикоят) билан маъмурий судга мурожаат қилиш зарур.
Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир. Бундан Конституциявий судга, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно (Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26, 27-моддалари).
Аризани (шикоятни) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича туман (шаҳар) маъмурий судига тақдим этиш лозим (МЖТКнинг 28, 32-моддалари).
Сабоҳат Султонова,
«Norma» МЧЖ эксперти.