Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 19 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

ННТ учун «яшил чироқ»

 

Президентнинг 4.05.2018 йилдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

 

1 июндан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг ишлаш қоидалари анча соддалаштирилади.

Биринчидан, рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирларни келишиш ўрнига режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби жорий этилади. Ҳозир «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ ННТ адлия органлари билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиши шарт, бунда келишишнинг махсус тартиби амал қилади.

Иккинчидан, ННТнинг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади.

Учинчидан, ННТ учун ажратилган грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади. Бугун бунинг учун фақат Асака банки ва ТИФ МБда махсус ҳисобварақлар очиш талаб этилади (ВМнинг 4.02.2004 йилдаги 56-сон қарори).

Тўртинчидан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15%дан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади. Яъни у микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ставкага тенглаштирилди (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорга 23-илова).

Бешинчидан, жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30%идан ошмаслиги керак. Ҳозир бу кўрсаткич 20%ни ташкил этади («Жамоат фондлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддаси).

Олтинчидан, ННТнинг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.

 

Истиқболдаги ўзгартиришлар

Адлия вазирлигига 2 ой муддатда ННТ фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа тартиб-таомилларини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқиш топширилди. Унда уларни ўтказиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа таомиллари белгиланади. У Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом (4.06.2015 йилда 2679-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўрнини босадиган кўринади.

Шунингдек адлия вазирининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (26.12.2016 йилда 2852-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва 1-ННТ (йиллик) шакли ўрнига рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига тақдим этиладиган ҳисобот шакллари ҳамда уни тақдим этиш тартиби соддалаштирилади.

Бундан ташқари, 1.01.2019 йилгача қуйидагилар бўйича электрон тизим жорий этилади:

► ННТларни ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш;

► ННТларнинг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш;

► ННТларнинг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботлари;

► ННТлар томонидан чет давлатлардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш.

 

Давлат кўмаги

Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. У бевосита давлат раҳбари томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда фуқаролик жамиятини ривожлантириш билан шуғулланади.

Нукус шаҳри, вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари» ташкил этилади. Уларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган ННТлар ижара тўловининг «ноль» ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштирилади.

Ҳужжатда соҳани ривожлантиришга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.

 

Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасининг 4.05.2018 йилдаги 90 (7048)-сонида чоп этилган.

 

 

 

Чарм-пойабзал соҳаси: имтиёзлар ва маҳсулотни олиб чиқиш хусусиятлари

 

Президентнинг «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (3.05.2018 йилдаги ПҚ-3693-сон) қабул қилинди.

 

1. «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ҳуқуқий ворислик шарти билан «Ўзчармсаноат» уюшмаси (бундан кейин – Уюшма) этиб қайта ташкил этилди. Унинг таркибига чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ихтиёрий равишда киради.

Уюшма томонидан «Ўзчармимпэкс» УК ташкил этилди, у чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш, тармоқ ташкилотларига технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва бошқа буюмлар етказишда кўмаклашади.

2. 2018 йил 1 июндан йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда ЖШДС бўйича имтиёзларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бўйича талаб бекор қилинади.

3. 2018 йил 1 августдан:

► мамлакатимизнинг божхона чегараси орқали чармни (ТИФ ТН бўйича 4104-4107, 4112 00 000 0 – 4114 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан Давлат божхона қўмитаси ва Уюшма билан келишилган ҳолда нарх экспертизаси ва лаборатория текширувларини ўтказган ҳолда амалга оширилади;

► чармни лаборатория текширувларидан ўтказиш ЛБМА қошидаги Аккредитация маркази томонидан аккредитация қилинган органлар томонидан амалга оширилади;

► ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 5%и миқдорида йиғим ундирилади.

Чармни олиб чиқишга рухсатнома бериш, шунингдек нарх экспертизаси ва лаборатория текширувлари ўтказиш тартиби кейинроқ тасдиқланади.

4. «Ўзчармсаноат» уюшмасининг чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Уни шакллантириш манбалари ва маблағларидан фойдаланиш йўналишлари белгиланди.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ЯСТ, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни ҳисоблашда юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган базаси Жамғармага киритилган ихтиёрий ажратмалар миқдорига камайтирилади.

5. 1.01.2023 йилга қадар Уюшма аъзолари – ташкилотлар, шунингдек «Ўзчармимпэкс» УК қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

► фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар;

► тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, улар томонидан ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари). Рўйхатларга киритилмаган позициялар бўйича божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлаш 60 кунга қадар муддатга кечиктирилади.

Бунда кўрсатилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар фақат қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:

► замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга;

► чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга, кейинчалик ушбу хом ашё қайта ишлаш (ишлатиш) учун фақат Уюшмага аъзолари – ташкилотларга сотилганида ҳамда ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 80%ни ташкил қилганда;

► чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни қайта ишлаш, шунингдек, бутловчи буюмлар, фурнитура, сунъий чарм, чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни амалга оширадиган ташкилотларга, агар ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 60%ни ташкил қилса.

Солиқ имтиёзлари ва преференцияларни қўллаш тартиби бир ой муддатда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

6. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти тузилмасида Чарм-пойабзал соҳаси муҳандис-техник ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув маркази ташкил этилади.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб эса институтнинг ўзида «Чарм ва мўйнадан ишланган маҳсулотлар технологияси ва уларни яратиш», «Технологиялар ва ускуналар: чарм ва мўйна, қоракўл», «Технологиялар ва ускуналар: пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари» таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Ҳудудларда ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ташкил қилинади. Бунинг учун чарм-пойабзал, мўйначилик, қоракўлчилик тармоқлари соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича мавжуд айрим касб-ҳунар коллежлари қайта ихтисослаштирилади ва янги йўналишлар очилади.

Ўқувчилар Уюшма аъзолари – тегишли ташкилотларда ўқув амалиёти ва мажбурий стажировкани ўтаб, ўқиш мобайнида олинган амалий ва назарий билимларини мустаҳкамлайдилар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Муқобил энергияга $1,3 млрд инвестиция қилинади

 

Президентнинг 28.04.2018 йилдаги ПҚ–3687-сон қарори билан қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари қабул қилинди.

 

«SkyPower Global» компанияси мамлакатимизда умумий қуввати 1 000 МВт ўзгарувчан токли фотоэлектрик қуёш энергияси ишлаб чиқувчи объектлар барпо этиш учун 1,3 млрд АҚШ долларилик инвестиция киритади. Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ер участкалари ажратилади.

Компания етказиб берган электр энергияси ҳақи тўланиши кафолатланади: «Ўзбекэнерго» АЖ тўловга қобил бўлмаган тақдирда Давлат бюджетидан маблағлар ажратилади. Молия вазирлиги тегишли кафолат тақдим этади.

Бундан ташқари, хорижий инвестор, унинг лойиҳа ташкилотлари (тегишли минтақадаги шуъба корхоналари) ва лойиҳага жалб этиладиган ёрдамчи пудратчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди. Хусусан, қуйидагиларни тўлашдан озод қилинди:

► тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган янги асбоб-ускуна ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, технологик ҳужжатлар, махсус техника ва транспорт воситалари, дастурий маҳсулотларни олиб киришда божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно);

► доимий муассаса орқали ва тўлов манбаида олинадиган даромадлар (шу жумладан дивидендлар) бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;

► қўшилган қиймат солиғи, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар ва тўловлар – компания, унинг лойиҳа ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари сотадиган товарларга (ишларга, хизматларга);

► фотоэлектрик қуёш энергияси ишлаб чиқарадиган асбоб-ускуна ва қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, шунингдек асбоб-ускуна ва қурилмалар эгаллаган ер участкаларига ер солиғи – компания ва унинг лойиҳа ташкилотлари.

Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилади. Кўп марталик визаларни, шунингдек вақтинча пропискани расмийлаштириш, бериш ва узайтириш, бўлиш жойида ҳисобга олиш ва уларни узайтириш учун давлат божини тўлашларига тўғри келмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.04.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, Олег Заманов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 1352 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика