Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 09 / Ташқи иқтисодий фаолият

Қонунчиликдаги ўзгартиришларнинг божхонага доир жиҳатлари

 

Ўзбекистон Божхона брокерлари уюшмасининг (ББУ) бу йилги дастлабки семинари божхона ва ТИФ соҳаларидаги қонунчиликдаги янгиликлар шарҳига бағишланган эди. Унинг мақсади – экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш ва товарларни божхонада расмийлаштиришда хатога йўл қўймаслик учун ҳисобга олиниши зарур бўлган жиҳатларга мутахассисларнинг эътиборини қаратиш. Хато ва камчиликлар оқибатда жиддий муаммога айланиши мумкин. Уларни бартараф этиш кўп куч ва маблағ талаб этади, дея қайд этди ББУ Эксперт кенгаши раиси Холида Усмонова ўз чиқишида.

 

Семинарда фирмалар раҳбарлари – божхона брокерлари (ББУ аъзолари), божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирок этди.

 

Тариф билан тартибга солиш

Валюта сиёсатини либераллаштириш оқибатларини юмшатиш учун Президентнинг 2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон Фармони билан Ҳукуматга импорт қилинаётган товарлар ва хизматлар ички нархларининг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштиришни назарда тутувчи ечимларни тайёрлаш топширилди. Божхона тўловлари ставкаларини пасайтиришга доир қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши ТИФ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Эксперт 2017 йил 1 сентябрдан бошлаб сариёғ, янги ёки совутилган уруғлик картошка, жавдар уни, қаттиқ навли буғдой ва жавдардан ёрма ва йирик тортилган ун, соя ва кунгабоқар ёғлари, рафинадлаш учун шакарқамиш қанди, шунингдек баъзи дон экинлари ва айрим фармацевтика маҳсулотлари божхона божларидан озод этилганини семинар иштирокчиларига эслатди. Гўшт ва истеъмолбоп гўштли қўшимча маҳсулотлар, буғдой уни, шунингдек ҳайвонларни боқиш учун фойдаланиладиган маҳсулотларга акциз солиғининг ноль даражали ставкаси назарда тутилган (15.08.2017 йилдаги ПҚ-3213-сон қарор)*. 10 сентябрдан товар позицияларининг 42 та номланиши бўйича божхона божининг ноль даражали ставкаси белгиланди. 8 та товар гуруҳи акциз солиғи тўлашдан озод қилинди (4.09.2017 йилдаги ПҚ-3254-сон қарор)*.

15 сентябрдан шакарқамиш, қандлавлагидан тайёрланган шакар ва қаттиқ ҳолдаги кимёвий тоза сахарозани олиб киришда акциз солиғи ва божхона божидан озод қилиш тартиби кучга кирди (12.09.2017 йилдаги ПҚ-3269-сон қарор)*.

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон) билан божхона тўловларининг амалдаги ставкалари тубдан қайта кўриб чиқилди. Ушбу чора-тадбирлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни импорт ускуналар ва бутловчи буюмлар, унга ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё ва материалларни олиб киришда қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

1 октябрдан Ўзбекистонга олиб кириладиган акцизланадиган товарларга импорт божхона божлари ва акциз солиғининг янги ставкалари жорий этилди.

579 та товар позицияси учун божхона божлари ставкалари нолга тенглаштирилди, 575 таси учун пасайтирилди. 44 та товар позицияси бўйича илгари амал қилган ставкалар аниқлаштирилди ва улар бўйича қуйи чегаралар белгиланди. 273 та товар позицияси бўйича янги ставкалар юзага келди. Бунда ноль даражали ставка уларнинг салмоқли қисмини ташкил этади. 7 та позиция бўйича ставкалар бироз оширилди.

Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарори билан 2018 йилги ставкалар тасдиқланди. ҚҚС – 20%. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган акцизланадиган товарларга акциз солиғи ставкалари 12-1 ва 12-2-иловаларда белгиланди.

2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб маҳаллийлаштириш дастурларига киритилган корхоналарга, шу жумладан, амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинади (ПҚ-3454-сон қарорнинг 31-банди).

 

ТИФни нотариф тартибга солиш чора-тадбирлари

Товарларни лицензиялаш

Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш ваколати Ташқи савдо вазирлигидан олиниб Вазирлар Маҳкамасига ўтди (3.11.2017 йилдаги ПФ-5215-сон Фармон). Махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия бериш тартиби тўғрисидаги низом ВМнинг 1.12.2017 йилдаги 959-сон қарори билан тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида бериладиган лицензиялар бўйича экспорт-импорт қилинадиган махсус товарлар рўйхатидан заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмлар (марварид, қаҳрабо ва б.) чиқариб ташланди. Унинг 4-бандида кўрсатилган товарлар (ТИФ ТН кодлари – 7106, 7107 – 7111 00 000 0, 7115) бундан мустасно.

 

Контрактларни рўйхатга олиш

2017 йилда ТИФни бошқаришнинг амалдаги тизимига ўзгартиришлар киритилди. Илгари ташқи савдо контрактларини рўйхатга олувчи ва экспертизадан ўтказувчи ваколатли орган ТИАИСВ эди. У Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилиниб (13.04.2017 йилдаги ПФ-5012-сон Фармон), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилганидан (31.03.2017 йилдаги ПФ-4996-сон Фармон) сўнг контрактларни экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича собиқ ТИАИСВнинг функциялари ушбу идоралар ўртасида тақсимланди.

Таомилларнинг моҳияти ўзгармади, бироқ ушбу давлат хизмати бепул бўлди. Илгари контрактни рўйхатга олганлик, унга ўзгартириш киритганлик ва бошқа ҳаракатлар учун 1 ЭКИҲ миқдорида йиғим ундирилган. Ҳозир лицензиялаш ҳам бепул асосда амалга оширилади. Яъни давлат хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи иқтисодий фаолиятини рағбатлантириш учун маблағдан тўлиқ воз кечмоқда.

 

Экспорт

ПФ-5215-сон Фармон билан Ташқи савдо вазирлигига ЎзР Ҳукуматининг қарорлари ва ҳукуматлараро битимлар асосида тузилган, шунингдек Фармонга 2-иловага киритилган товарларни (ишлар, хизматларни) экспорт қилишга контрактларни (биржада тузилган контрактлар бундан мустасно) рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юкланди.

Таомил Экспорт контрактларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 21.12.2017 йилдаги 1006-сон қарори билан тасдиқланган) билан тартибга солинган. Рўйхатдан ўтказишдан асосий мақсад – экспорт қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) нархини мониторинг қилиш, шунингдек махсус турдаги товарлар экспортини ва ташқи савдо ҳисоботини ҳисобга олишни тартибга солиш.

 

!

Контрактлар ТСВда рўйхатга олингандан кейин экспорт қилинадиган товарлар рўйхати давлат тилида берилган. Тўғри таржима қилиш талаб этилади.

 

Импорт

ПФ-5215-сон Фармон билан Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига нафақат контрактларни, балки контрактлар бўйича тендер (танлов) ҳужжатларини ҳам экспертизадан ўтказиш ва ёки тендер (танлов) таклифларини баҳолаш топширилди.

Бунда тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича тузилган импорт контрактлари қўшимча экспертизадан ўтказилмасдан ҳисобга қўйилади.

100 минг АҚШ долларидан кам суммадаги импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш бекор қилинди.

 

Қуйидаги импорт контрактлари экспертизадан ўтказилади:

● тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича тузилган ва битта шартнома бўйича суммаси 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқни ташкил этадиган;

● Давлат бюджети ёки Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ёхуд ЎзР (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) томонидан ёки унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (қарзлар) (тижорат банклари томонидан қайта молиялаштириладигани бундан мустасно) ҳисобига молиялаштириладиган;

● устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқни ташкил қиладиган хўжалик субъектлари ва устав капиталидаги улушнинг 50%идан ортиғи устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқни ташкил этадиган хўжалик субъектларига тегишли бўлган юридик шахслар маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган.

 

!

Импорт контрактларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳозирча ишлаб чиқилмаган. Бироқ, улар тендер натижаларига кўра рўйхатдан ўтказилишини ҳисобга олиб, автоматик режимда рўйхатдан ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Экспортни рағбатлантириш

2017 йилда экспортга катта ­эътибор қаратилди, уни кенгайтириш учун кўплаб тегишли шарт-шароитлар яратилди.

● Ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этувчи тартиб ўрнатилди (21.06.2017 йилдаги ПҚ-3077-сон қарор).

● Ўзи ишлаб чиқарган товарларни хорижий валютага уларнинг таннархидан паст нархлар бўйича мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо ташкилотлари орқали экспорт қилувчи ташкилотларга. Маҳсулотларни жаҳон бозорида ҳақиқий вужудга келган, шу жумладан таннархидан паст нархлар бўйича экспорт қилиш масалаларини кўриб чиқувчи Махсус эксперт комиссияси қарорлари асосида (26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон қарор), солиқ солиш мақсадида товарларни (ишлар, хизматларни) сотишдан олинган тушумлар миқдори уларни сотишнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Яъни энди товарлар ва хизматларга ташқи бозордаги талабни ҳисобга олган ҳолда нархларга тузатиш киритилади.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилади. Кейинчалик хорижда сотиш учун товарни ички бозорда сотиб олиш имконияти юзага келди.

● Илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни улар тайёрланган вақтдан бошлаб 5 йил ўтгандан кейин республика Ҳукуматининг қарорларисиз экспорт қилишга ҳам рухсат берилди. Бу билан ишлаб чиқарувчиларда техник паркни тезкор янгилаш имкони пайдо бўлди.

● 2017 йил 1 декабрдан бошлаб экспорт қилувчи корхоналар учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг янги, шу жумладан истиқболли хорижий бозорларни фаол ўзлаштиришига йўналтирилган қатор чора-тадбирлар жорий этилди (3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарор).

Экспорт контрактлари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишининг ягона муддати – БЮД расмийлаштирилган санадан бошлаб 120 кун назарда тутилди. Илгари у 60–90 кунни ташкил этган. Бунда ЎзР резидентлари – муассислар томонидан чет элдаги ташкилотларига (савдо уйлари, савдо ваколатхоналари, шуъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва консигнация омборларига), шунингдек ССП аъзолари томонидан – Палатанинг савдо-инвестиция уйларига олиб чиқиб кетиладиган товарлар бўйича тўлов келиб тушиши муддатлари (180 кун) сақланиб қолди.

Тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар (янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва бир қатор хом ашё товарлари бундан мустасно) экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Фақат олдин амалга оширилган экспорт операциялари муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаслиги керак. Бу ҳақдаги ахборот ТСОЯЭАТда акс эттирилади, шу сабабли ушбу шарт бажарилишини кузатиш банклар ва божхона учун осон кечади.

Экспортга божхона расмийлаштируви, ТСОЯЭАТда ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномасиз амалга оширилади (бир қатор хом ашё товарлари, шунингдек, инвойс асосида экспорт қилинадиган товарлар бундан мустасно).

● Ўз маҳсулотларини экспорт қилувчи, мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналарга ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва консигнация шартларида товарларни етказиб берган ҳолда ўз маҳсулотларини реклама қилиш учун хорижда савдо уйлари ва ваколатхоналар очишга рухсат берилди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (15.12.2017 йилдаги ПФ-5286-сон Фармон).

● 2018 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган қиймати 5 минг АҚШ долларигача бўлган товарларни экспорт контракти тузмасдан ҳамда БЮДни расмийлаштирмасдан, товарларнинг юк ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқишга рухсат этилди (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3451-сон қарор). ПҚ-3351-сон қарорга иловада кўрсатилган товарлар бундан мустасно.

Олиб чиқиладиган товарларни сотишда тадбиркорлик субъектлари уларни сотишдан тушадиган маблағларни ЎзР тижорат банкларидаги ўз ҳисобрақамларига, шу жумладан банк ўтказмалари, шунингдек, хорижий валютадаги нақд пул шаклида киритиш ҳуқуқига эга.

Тадбиркорлик субъектлари хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларда (ярмаркаларда) намойиш этиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқишда кесиб ўтиладиган чегара божхона постини хорижий давлатлардаги кўргазмада (ярмаркада) уларнинг иштирок этиш режалаштирилаётгани, тадбир ўтказиладиган жой, унинг муддати ва вақти, шунингдек, олиб чиқиладиган товарлар (номи, миқдори ва қиймати) тўғрисида хабардор қилади.

 

!

Ҳужжатда божхона органини қандай шаклда хабардор қилиш зарурлиги кўрсатилмаган. Шунингдек сотилмаган товарлар қайтариб олиб кирилганда қандай ва қайси режимда расмийлаштирилиши аниқлаштирилмаган. Зеро бунда божхона тўловлари қўлланади. ССПга норматив-ҳуқуқий ҳужжатга қўшимчалар киритишга доир таклифлар тай­ёрлашга қарор қилинди.

 

Божхона таомилларини соддалаштириш

● Келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилди (ПҚ-3077-сон қарор).

● Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ:

√ 2018 йил 1 январдан бошлаб – Ўзбекистон халқаро аэропортларида;

√ 2021 йил 1 январдан бошлаб – Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида кучга киради (ВМнинг 11.10.2017 йилдаги 814-сон қарори).

● ПҚ-3351-сон қарор билан 2 та талаб бекор қилинди:

1) божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан экспорт БЮД мажбурий тақдим этилиши;

2) «Вақтинча олиб кириш» божхона режими остидаги товарларни қайта экспорт қилишга божхона органлари томонидан рухсатнома берилиши.

 

* * *

Семинар иштирокчилари 1 январда ТИФ ТНнинг янги версияси жорий этилиши билан боғлиқ ўзгартиришларни батафсил муҳокама қилдилар. Х.Усмонова уларни қизиқтирувчи барча саволларга жавоб берди.

ББУ раиси Арсен Айрапетьянц қайд этганидек, товар позициялари илгари бунчалик тубдан ўзгартирилмаган эди. Айрим товарлар 85-гуруҳдан 84-нчисига ўтказилган 2002 йилдаги ўзгартиришлар бундан мустасно. Ҳозир янада мураккаб иш қилинди: кўпгина кодлар бир товар подсубпозициясидан бошқа 10 рақамли подсубпозицияга ўтди. Бу 2017 йилги версиядаги Ўзбекистон Республикаси Ташки иқтисодий фаолият товар номенклатураси жорий этилиши муносабати билан тавсифлаш кодлари ўзгарган товарлар рўйхатидан (ВМнинг 30.12.2017 йилдаги 1042-сон қарори билан тасдиқланган) яққол намоён бўлади.

Янги ТИФ ТН Божхона иттифоқида бўлганидек бир йўла янги тарифлар билан бирга чиққани маъқул. Бизда эса янги кодлар пайдо бўлса-да, ставкалар эски, имтиёзлар эски кодлар бўйича берилади. ББУ раиси буни кўп ўзгартириш киритилган товар позициялари мисолида кўрсатди. Бундай вазият бир нечта саволни юзага келтирди. Уларга жавобларни келгуси сонда ўқийсиз.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.

 


*Қарорлар «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон) мувофиқ ўз кучини йўқотган.

Прочитано: 1194 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика