Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 13 / Сўнгги саҳифа

Оқ дарча

 

Москвадан Нью-Йоркка учдим. Нью-Йорк аэропортида паспорт текширувидан ўтдим. Меҳмонхонага борганимда эса паспортим ёнимда йўқ эди. Ё ўғирлатиб, ё тушириб қўйганман. Нима бўлса ҳам бир нарса аниқ: паспорт йўқолган.

Келаси куни эрталаб роппа-роса соат 9 да Нью-Йорк шаҳри Паспорт марказига қўнғироқ қилдим. Қанча уринсам ҳам бирон инсон билан боғлана олмадим. Фақат автомат-овоз гапирди, холос. Охири у ерга ўзим бордим. Паспорт маркази ҳам мен Америка фуқаролигини олган жойдек оролнинг қуйироқ қисмида жойлашган эди ва худди ўша жойга ўхшаб ўзига хос кўриниши йўқ оддий бино эди.

 

Киришда икки нафар қуролланган қўриқчилар бор. Олдиларига бориб дардимни айта бошладим:

– Паспортимни йўқотиб қўйдим, шунинг...

Қўриқчилардан бири гапимни бўлиб, йўл кўрсатди:

– Йўлакдан тўғрига бориб, кейин чапга. Оқ дарча.

У ерда эса унчалик ҳам хушмуомала қиёфада бўлмаган афроамерикалик аёл ўтирарди.

– Мен паспортимни йўқотдим, – деб гап бошлашим ҳамоноқ, у ҳам гапимни узди:

– Ўнгдаги девор ёнидаги оқ телефонга.

Чиндан ҳам ўнгдаги деворга оқ телефон илинганди. Ёнида эса йўриқнома ёзилган:

«1. Гўшакни кўтаринг.

2. Гудокдан кейин 1 рақамини теринг.

3. «Гапиринг» деган овоз эшитгач, аниқ ва лўнда қилиб сўровингизни айтинг».

Шу тарзда менга тартиб рақами ва қачон келишим бўйича вақт белгиланди. Ўнинчи қаватдаги бир залга кўтарилишим керак экан. Соат 9.30 эди, учрашув вақти эса 11.00 да. Кўчага чиқдим. Кофе ичиб, бир оз газета ўқигач, 10.55 да қайтиб кирдим.

– Тартиб рақамим мана, – кўрсатдим қўриқчига. Ўтишим мумкинлигини айтди. Ўнинчи қаватга кўтарилдим. У ерда эса ойнаванд хоначалари бор катта зал бор эди. Ҳали ўтиришга улгурмагандим, исмимни чақирган овоз келди: «Владимир Познер, 3-рақамли ойна олдига келинг». Қарасам соат роппа-роса 11. Ойна олдига бордим. У ерда эса мени эллик ёшлардаги бир одам кутиб олди. Қиёфаси хаёлимда аниқ қолди. Чунки рус адиби Чеховга қуйиб қўйгандек ўхшарди у.

– Салом, аҳволларингиз қалай?! – сўради у.

– Ёмонмас.

– Нима бўлди?

– Ўғирлатдимми ё тушириб қўйдимми, хуллас паспортимни йўқотдим.

– Ҳечқиси йўқ. Мана бу бланкани тўлдиринг.

Қоғозни тўлдириб, «Чехов»га қайтардим.

– Хў-ўш, – гап бошлади у. – Сиз АҚШ фуқаролигини кейин қабул қилганмисиз?

– Ҳа.

– Бу ишни бироз мураккаблаштиради. Фуқаролигингизни тасдиқловчи бирор ҳужжат борми?

– Бор. Москвада қолган. Ўзим билан олиб юрмайман.

– Бекор қиласиз. Ўзи билан одам ҳеч бўлмаганда бундай ҳужжатнинг нусхасини олиб юриши керак.

– Москвага телефон қилиб, меҳмонхонадаги факс орқали нусхасини олишим мумкин. Кейин сизга келтириб бераман, – дедим мен.

– Жуда яхши. Шундай қилинг. Кутаман.

Дарҳол Москвага қўнғироқ қилдим.

Меҳмонхонада эса факс орқали жўнатилган ҳужжат мени кутиб турарди. Олдим-да, дарров Паспорт марказига қайтдим. Соат 13.30 да ўша 3-рақамли ойна олдига етиб келдим ва сўралган ҳужжатнинг факс нусхасини «Чехов»га тутқаздим. У кўз югуртирди-да, бошини чайқатиб сўз қотди:

– Кечирасиз, жаноб, лекин мен ҳозиргина кўрсатма олдим. Бундай ҳужжатнинг фақат оригинали керак бизга.

– Ахир оригинали Москвада. Паспортим йўғ-у! Қандай учаман у ёққа!

– Асабийлашишнинг ҳожати йўқ, жаноб. Вашингтонда бу ҳужжатнинг иккинчи оригинали бор. Фақат уни олиб келтиришимиз сизга 90 долларга тушади.

Мен паспортимни олиш учун ҳар қандай тўловга тайёр эдим.

– Жаноб Познер, – деди «Чехов», – сизни 2-рақамли залда роппа-роса 15.00 да кутаман.

Кўчага чиқиб хот-дог еб, бир шиша менга ёқмайдиган кока-кола ичдим ва 14.55 да айтилган хонага кирдим. Роппа-роса 15.00 да овоз келди:

– Мистер ВАЛДИМИР Познер!

Ҳа, Владимир эмас, Валдимир.

Ойна олдига бордим. Анчагина совуққон қора танли аёл менга янги паспорт узатди ва деди:

– Кўринг-чи, ҳаммаси тўғримикан?

Паспортда Владимир деб ёзилганди, хайриятки Валдимир эмас. Ҳаммаси тўғри эди.

– Олганингиз ҳақида мана бу ерга имзо қўйинг.

Имзо чекдим. Бир иш кунидан камроқ вақт ичида мен янги паспорт олгандим. Тан олишим керак, мутлақо ҳайрон-у лол қолдим. Шу сабабли, тўғри «Чехов» ўтирган ойна олдига бордим-да, дилимдан ўтаётган гапларни айта бошладим:

– Жаноб, сизга бу қадар тезкор иш учун қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билмаяпман. Таърифлашга тил ҳам ожиз. Қандай раҳмат айтишга ҳайронман.

Шунда «Чехов» ўта жиддий нигоҳ билан менга тикилди ва ундан ҳам жиддийлик ва қатъийлик билан жавоб қайтарди:

– Жаноб, ахир сиз солиқларни шу каби нарсалар учун тўлайсиз!

Абдулазиз САИД таржимаси.

Прочитано: 1761 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2018-04-04 16:38:43, Бакиров Шухрат:
Гап йук фантастика фильмидай...

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика