Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 13 / Солиқ солиш

Устав фондига ўзгартиришлар киритилганда

 

Корхонада 3 йил давомида 3 млрд сўм тақсимланмаган фойда ҳосил бўлди. Таъсисчи (жисмоний шахс) ўз улуши ва тақсимланмаган фойдани олди-сотди шартномасига асосан бошқа – янги таъсисчига (жисмоний шахсга) сотди. Янги таъсисчи 3 млрд сўм тақсимланмаган фойдани устав фондини оширишга йўналтиради ва 3 йилдан кейин 3 млрд сўмга устав фондини камайтиради.

МЧЖ таъсисчиси корхонанинг тақсимланмаган фойдасини устав фондини оширишга йўналтирганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? Бир йилдан кейин устав фонди яна шу суммага камайтирилса қандай солиқ тўланади?

О.Баҳриддинов,

МЧЖ таъсисчиси.

Тошкент шаҳри.

 

– Улушлар, эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган пайлар, ҳиссалар, пул маблағлари, қимматли қоғозлар, шунингдек бошқа моддий ҳамда номоддий объектлар билан бир қаторда мол-мулк деб тан олинади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Жисмоний шахсларга тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар (мулкий даромадлар) мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Уни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати даромад деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 176-моддаси ­4-банди).

Таъсисчи ўз улушини номинал қиймати бўйича сотаётган бўлса, мол-мулкни реализация қилишдан даромад ҳосил бўлмайди, улушнинг сотилиши эса сотувчида солиқ мажбуриятларини юзага келтирмайди. Бунда улушнинг номинал қиймати таъсис шартномаси, устав, мол-мулкнинг устав капиталига ҳисса сифатида киритилишига доир ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Солиқ мажбуриятлари таъсисчи – улушни олувчида ҳам юзага келмайди.

Агар мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад вужудга келса, жисмоний шахс учун Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар юзага келади.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга (кейинги ўринларда – Қонун) мувофиқ, муассис корхонанинг тақсимланмаган фойдасини устав фондини кўпайтиришга йўналтириши мумкин ва бу тўғрисидаги ёзув таъсис ҳужжатларидаги ўзгартириш рўйхатдан ўтказилгандан сўнг киритилади.

Устав фондининг миқдори жамиятнинг мол-мулки (унинг тасарруфида қолган фойдаси) ҳисобига кўпайтирилганда, унинг суммаси бўйича чеклов мавжуд. Бундай кўпайиш соф активларнинг қиймати билан устав капитали ҳамда захира фонди суммаси ўртасидаги фарқдан ортиқ бўлмаслиги керак (Қонуннинг ­17-моддаси).

Солиқ кодексининг 22-моддасига асосан дивидендлар деганда акциялар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад; юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми; юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини олгандаги даромадлар, бундан муассис устав фондига ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади, тақсимланмаган фойда устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, юридик шахс акциядорининг, муассисининг қўшимча акциялар қиймати, улуш қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари тушунилади.

Тақсимланмаган фойда устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, у дивиденд кўринишидаги даромад деб тавсифланади ва унга солиқ солинмайди.

Қонунга мувофиқ, муассиснинг жамият устав фондини камайтириш ҳақидаги қарори ёзма тарзда расмийлаштирилади. Муассиснинг қарорига кўра иштирокчи улушининг камайтирилаётган қисми пул маблағлари ёки корхонанинг бошқа мол-мулки билан қайтарилиши мумкин.

Таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади ва улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Бунда шуни ҳисобга олиш зарурки, агар жамият Қонуннинг 14-моддасида белгиланган устав фондининг энг кам миқдоридан (МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 40 баравари) кам бўлиб қолса, ўз устав фондини камайтиришга ҳақли бўлмайди.

МЧЖнинг устав фондини камайтириш бўйича ҳуқуқи Қонуннинг 19-моддаси билан мустаҳкамланган. Бунда жамият ўз устав фондини камайтириши шарт бўлган ҳоллар ҳам назарда тутилган.

Агар улушнинг ҳақиқий миқдори ҳиссадан ошса, муассис чиқиб кетаётганда солиқ оқибатлари юзага келади. Ошиш суммаси дивидендларга тенглаштирилади ва унга тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ солинади (Солиқ кодекси 184-моддаси 2-қисмининг 3-банди).

Шунингдек, Солиқ кодексининг 179-моддаси 19-бандида назарда тутилишича, дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига йўналтирилган даромадларга солиқ солинмайди. Бироқ имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида иштирокчи муассислар таркибидан чиққанда ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солиниши керак. Ушбу имтиёзни беришдан мақсад дивидендлар ҳисобига устав фондига киритилган инвестициялардан муайян давр (камида 1 йил) ичида юридик шахснинг эҳтиёжлари учун фойдаланишдан иборатдир.

 

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ,

«Norma» МЧЖ
етакчи эксперти.

Прочитано: 2357 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика