Norma.uz

Бадаллар, гонорар ва тўлиқ пенсия ҳақида

 

Сўнгги ўзгартиришларга мувофиқ иш ҳақи ва пенсияни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга бўлган ишловчи пенсионерларнинг рўйхати кенгайтирилмоқда. Шу сонни ўқиб, бу ҳақда барча тафсилотларни билиб оласиз.

Ўқувчиларимизнинг саволлари ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Улар савол берибгина қолмай, пенсия қонунчилигини такомиллаштиришга доир ўз вариантларини ҳам таклиф қилмоқдалар.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Бадаллар, гонорар ва тўлиқ пенсия ҳақида

 

Жорий йилдан бошлаб пенсия қонунчилигида ўзгартиришлар рўй берди. Булар фақат пенсиялар, нафақалар миқдорларининг оширилиши эмас, балки анча катта доирадаги пенсионерларга дахл этувчи бир қатор ислоҳотлар ҳамдир (28.12.2017 йилдаги ПФ-5291-сон Фармон; 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3450-сон қарор).

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев ушбу янгиликни шарҳлаб беришини сўрадик.

 

– ШЖБПҲга ўтказиладиган мажбурий ойлик бадаллар миқдорининг ўзгариши нималар билан боғлиқ? Бу пенсия тизими иштирокчиларига нима беради?

– Жамғариб бориладиган пенсия бадаллари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тегишлича камайтирилган суммаси ҳисобига шаклланади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 10-моддаси 1-қисми). Ставканинг оширилиши фуқароларнинг жамғариб бориладиган ҳисобварақларидаги маблағлар кўпайишига олиб келади, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги фуқароларнинг даромадлари янада легаллаштирилишини рағбатлантиради. Бу эса давлатнинг ҳам, ҳар бир фуқаронинг ҳам манфаатларига хизмат қилади.

 

– Ҳозир ишловчи шифокорлар пенсияни тўлиқ миқдорда олишга ҳақли. Бунда Пенсия жамғармаси бўлимига қандайдир қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш керакми?

– Ҳеч қандай қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш керак эмас. Ишловчи пенсионерларга пенсиялар Ф-25 топшириқномаси асосида тўланади. Ишловчи шифокорлар ёки тиббиёт муассасаси бухгалтерияси пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига Ф-2 топшириқномасини унга тегишли ўзгартиришлар киритиш учун тақдим этиши зарур. Шунинг асосида ишловчи шифокорлар пенсияни тўлиқ миқдорда оладилар.

 

– Иш стажини тасдиқлаш тўғрисидаги суд даъволарини тайёрлашда ҳудудий пенсия бўлинмалари айнан қандай ёрдам берадилар?

– Маълумки, иш стажини тасдиқлаш тўғрисидаги даъво билан судларга мурожаат қилиш учун пенсионерларга юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштирилган даъво аризасини тайёрлаш зарур. Одатда уни тайёрлаш учун улар адвокатларга мурожаат қиладилар ва уларнинг хизматларига ҳақ тўлайдилар.

Энди Пенсия жамғармаси бўлимлари судларга бериладиган даъво аризаларини тайёрлаш хизматларини бепул кўрсатадилар. Бу кексаларнинг моддий харажатларини, шунингдек адвокат излаш ташвишларини камайтириш имконини беради.

 

– Ўзгартиришларга мувофиқ, фақат фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи (гонорар) кўринишидаги даромадларга эга шахслар, башарти меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширмасалар, тўлиқ пенсия олишга ҳақли. Бу энди гонорар суммаси илгаригидек қарилик пенсиясининг энг кам миқдори билан чекланмаслигини англатадими?

– Ҳа, албатта, 2018 йил 1 январдан бошлаб бундай шахслар, гонорар миқдоридан қатъи назар, уни ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори билан чекламай, пенсияни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга, башарти:

√ гонорар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича олинган бўлса;

√ фақат фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи (гонорар) кўринишида даромад олинган бўлса;

√ гонорар олувчи меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширмаса.

МИСОЛ. Пенсионер меҳнат шартномаси бўйича нашриёт муассасасида бош муҳаррир бўлиб ишлайди. Бунда у фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи (гонорар) кўринишида вақти-вақти билан даромад олади. У 50% миқдорда пенсия олади, сабаби меҳнат шартномаси бўйича ишлайди.

Агар бу пенсионер меҳнат шартномаси асосида ишламаса, бироқ фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича (уларнинг сонидан қатъи назар) фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи (гонорар) кўринишида даромад олганда (уларнинг миқдоридан қатъи назар), пенсияни тўлиқ миқдорда олган бўларди.

 

Алла Ромашко суҳбатлашди.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Хотин-қизлар қўмитаси ва «Оила» маркази ходимлари тўлиқ пенсия олади

 

Бундай имтиёз Президентнинг 2.02.2018 йилдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (2.02.2018 йилдаги ПФ-5325-сон) назарда тутилган.

 

2018 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимлари таркибига кирувчи пенсионерларга, уларнинг бу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда, пенсиялари тўлиқ тўланади.

Шу тариқа, мазкур ходимлар 100% пенсия олиши учун 2 та шарт жорий этилди:

1) бошқарув ходимларига тааллуқлилиги. Бу, хусусан, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари таснифи (ВМнинг 4.10.2017 йилдаги 795-сон қарори билан тасдиқланган Классификаторнинг 2-иловаси) бўйича белгиланиши мумкин;

2) мазкур ташкилотларда иш ҳақи ва мулкий даромадлардан (ижара тўловлари, омонатлар бўйича фоизлар ва ҳ.к.) ташқари, пенсионерлар бошқа даромад олишлари мумкин эмас. Яъни меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар1 бўйича ишламаслиги ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслиги лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.02.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

1Ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан кам пенсия олинган тақдирда фуқаролик-ҳуқуқий шартнома қисмида мазкур чеклов олиб ташланади (28.12.2017 йилдаги ПФ-5291-сон ва 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3450-сон).

 

 

 

Кимлар пенсияни 100% олади

 

Президентнинг 7.02.2018 йилдаги ПФ–5328-сон Фармони билан ишловчи пенсионерларнинг айрим тоифаларига пенсияни тўлиқ тўлаш назарда тутилмоқда.

 

2018 йилнинг 1 мартидан Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Президент хавфсизлиги давлат хизмати, МХХ ва ДБҚнинг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари жумласидаги пенсионерлар қуйидаги ташкилотлар ва лавозимларда ишлаганда пенсияни тўлиқ оладилар:

√ Қуролли Кучлар таркибида ва юқорида санаб ўтилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида, шу жумладан маслаҳатчи сифатида ишловчилар, пенсияни қайси идорада расмийлаштирганлигидан қатъи назар, хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига тўлганлиги туфайли пенсияга чиққан тақдирда (соғлиғи ҳолатига кўра пенсияга чиққанлар бундан мустасно);

√ умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда директор, унинг ўринбосарлари, бошланғич чақирув (ҳарбий) тайёргарлик, шунингдек мудофаага ёрдам берувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ўқитувчилари сифатида;

√ олий ўқув юртларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари ўқитувчилари сифатида;

√ маҳаллий ҳарбий бошқарув органларида (мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари), шунингдек фахрийлар ишлари бўйича кенгашларда;

√ Президентнинг вилоятлар, туман (шаҳар) Халқ қабулхоналарида;

√ Мудофаа саноати давлат қўмитасининг ижроия аппаратида;

√ ҳарбий қисмларда ва муассасаларда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимларида;

√ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқарув аппаратларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича гуруҳларда;

√ шаҳар ҳокимликлари (вилоят марказлари) бошқарув аппаратларининг сафарбарлик ишлари ва фавқулодда вазиятлар бўйича мутахассислари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт раҳбарларининг маслаҳатчилари сифатида.

Пенсияни тўлиқ миқдорда олиш шарти – юқорида санаб ўтилган лавозимлардаги иши пенсионернинг ягона иш жойи бўлиши керак.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.02.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун

Меҳнат (фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги) шартномаси БЕКОР ҚИЛИНГАНДА пенсионер яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига ТОПШИРИҚНОМА, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ рақами ва санаси (фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани бекор қилиш сабаблари) кўрсатилган БИЛДИРИШНОМА, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги БУЙРУҚДАН КЎЧИРМАНИ (Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома нусхасини) тақдим этади.

 

 

 

Расмий жавоб

 

Архивда маълумотлар бўлмаганда

 

1. Бу йил пенсия ёшига етдим. Меҳнат фаолиятимни 15.08.1980 йилда бошлаганман. Мен ишлаган биринчи корхона тугатилган эди. Архивда фақат ишга қабул қилинганлигим тўғрисидаги буйруқ сақланиб қолган. 15.08.1980 йилдан 1.01.1981 йилгача бўлган даврдаги иш ҳақи тўғрисида маълумотлар йўқ. Архив маълумотномасида кўрсатилишича, мазкур даврдаги маълумотлар архивга келиб тушмаган. Меҳнат дафтарчасида меҳнат фаолияти 15.08.1980 йилдан бошланган ва барча буйруқлар кўрсатилган.

Юқорида кўрсатилган давр иш стажига киритиладими?

2. Тугатилган бошқа корхонада 2003 йилдан 2005 йилгача ишлаганман. Архив маълумотларига кўра, ушбу корхона бўйича ишга қабул қилинганим ва бўшатилганим тўғрисидаги буйруқлар бор, бироқ иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас, сабаби ушбу китоблар архивга топширилмаган.

Ушбу даврлар пенсияни ҳисоблаб ёзишда стажда ҳисобга олинадими?

Л.Наимов.

 

1

Ҳатто 15.08.1980 йилдан 1.01.1981 йилгача бўлган давр учун архивда иш ҳақининг ҳисоб-китобига доир китоблар бўлса ҳам, бироқ уларда фамилия ва исмингиз бўлмаса, ушбу давр иш стажига қўшилмайди.

Бироқ меҳнат дафтарчаси 15.08.1980 йилдан очилган, сиз кўрсатган давр учун иш ҳақи ҳисоб-китобига доир китоблар эса архивга топширилмаган, бироқ бошқа даврларда ушбу корхонадаги меҳнат фаолиятингиз тасдиғи (иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ва ишга қабул қилганлик тўғрисидаги буйруқ) бўлса, бу давр иш стажига қўшилади.

 

2

Пенсия жамғармаси бўлими архивда сақланиб қолган буйруқлар, меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ва солиқ органларидан олинган маълумотлар асосида кўрсатилган даврни иш стажига қўшиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиб, меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки уни ҳисобдан чиқариб ташлаш ҳақида қарор қабул қилади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 57-банди).

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор билан рози бўлинмаган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади (Низомнинг 82-банди).

 

 

 

Пенсия арифметикаси

 

Маълумки, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги иш ҳақи олинади.

Бу ҳолда қандай олинади: календарь йилнинг 1 январидан бошлабми ёки исталган ойдан то кейинги йилнинг тегишли ойигачами?

Ўртача ойлик иш ҳақи 60 ойдаги иш ҳақи суммасини бўлиб (унинг коэффициентлар ҳисобига оширилишини инобатга олган ҳолда) аниқланадими? Ёки танланган 5 йилнинг барча ойларидаги ҳар бир алоҳида иш ҳақи энг кам иш ҳақининг 8 баравари билан солиштириладими?

Мен тўғри тушунаяпманми: иш ҳақи юқори бўлса, ҳисоб-китоб учун 8 ЭКИҲ, оз бўлса – амалдаги иш ҳақи олинадими (мисол учун, ходим таътилда ёки касаллик варақаси олган бўлса, бу ойларда иш ҳақи камроқ бўлиши мумкин)?

Р.Балуева.

 

– Ҳақиқатан ҳам, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси 1-қисми).

Танланган йилнинг айни 1 январидаги иш ҳақини ҳисоб-китоб учун қабул қилиш талаби мавжуд эмас. Тегишинча, исталган ойдан то кейинги йилнинг тегишли ойигача бўлган иш ҳақи қабул қилиниши мумкин.

Биринчи босқичда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун танланган ўтган йиллардаги иш ҳақи уни пенсия тайинлаш кунидаги иш ҳақлари даражасига етказиш учун қайта ҳисобланади. Бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қилинади.

Сўнгра ўртача ойлик иш ҳақини аниқлаш учун 60 календарь ойдаги (5 йиллик) кетма-кет иш учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий суммасини 60 га бўлиш керак.

Кейин пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақидан ЭКИҲнинг 8 бараваридан ошмайдиган сумма қабул қилинади (Қонуннинг 31-моддаси 2, 3 ва 6-қисмлари).

Шу сабабли 5 йил давомидаги ҳар бир ойлик иш ҳақи ЭКИҲнинг 8 баравари билан солиштирилмайди. Яъни 60 ойдаги иш ҳақи (коэффициентлар ҳисобига оширилишини инобатга олган ҳолда) қўшилади, 60 га бўлинади ва фақат шундан кейин ЭКИҲнинг 8 баравари билан солиштирилади.

 

 

 

Кекса авлод ҳақида ғамхўрлик қилиб

 

1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари учун қандай имтиёзлар назарда тутилган?

Ж.Тўраев. Тошкент ш.

 

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун билан 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари учун оддий фуқаролар билан солиштирганда бир қатор имтиёз ва преференциялар назарда тутилган.

Чунончи, қуйидагилар пенсияларга устама ҳақлар олишга ҳақли:

√ I гуруҳ 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари – ЭКИҲнинг 150%и миқдорида;

√ II гуруҳ 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари – ЭКИҲнинг 125%и миқдорида;

√ 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари – ЭКИҲнинг 50%и миқдорида (Қонуннинг 28-моддаси).

Бундан ташқари, стажга қуйидагилар имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 38-моддаси):

√ ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – уч ҳисса баробарида;

√ 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва юқорида назарда тутилган хизматдан ташқари ҳарбий хизмат – икки ҳисса баробарида.

Қариялар ва ногиронлар интернат уйларида (пансионатларида) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, лекин тайинланган пенсиянинг камида 10%и, ­1941–1945 йилларидаги уруш ногиронларига эса камида 20%и тўланади (Қонуннинг 60-моддаси).

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига 9 майда умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан Ғалаба санаси нишонланиши муносабати билан ҳар йили бир йўла тўланадиган пуллик мукофот тўланади.

1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзлари учун мақбул муддатларда йилига 1 марта республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари санаторийларида 12 кунлик соғломлаштириш курсидан текин ўтиш ҳуқуқига эга (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 24.12.2014 йилдаги 361-сон қарорига 1-илова).

Шу муносабат билан республиканинг санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бораётганларга темир йўл транспортида бепул юриш (йилда 1 марта), шунингдек ҳаво транспортида бориб қайтишда йўлкира қийматининг 50 фоизлик чегирмаси кўринишидаги имтиёзлар берилган (ВМнинг 23.04.2015 йилдаги 100-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-банди).

Бир вақтнинг ўзида 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланишлари мумкин (АВ томонидан 4.03.2013 йилда 2434-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳар йили санаторийларда соғломлаштириш курсини олиш ўрнига йўлланма қийматига тенг компенсация олиш ҳуқуқига ҳам эга (28.12.2016 йилдаги ПҚ-2705-сон қарорнинг 8-банди).

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ЭКИҲнинг 50%и миқдорида уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлашга доир ойлик компенсация пул тўловларини олувчилар ҳисобланади (АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига Солиқ кодексига мувофиқ ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашга доир имтиёзлар тақдим этилган.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг
пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

 

АКТ – амалда

 

Ортиқча қоғозбозликсиз

 

Президентнинг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.12.2017 йилдаги ПФ-5278-сон) билан 2018 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Киритилган янгиликка биноан мазкур давлат хизматлари марказларига нафақат юридик шахслар, балки жисмоний шахслар ҳам мурожаат қила олади.

 

Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси кекса ёшдагиларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқди. Уларга қуйидагилар киради:

√ электрон маълумотлар асосида давлат пенсияларини (ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик бўйича) тайинлаш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш;

√ давлат пенсияларини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажи ва иш ҳақини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатини (маълумотлар) қоғозли шаклдан электрон шаклга ўтказиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

√ алоқанинг электрон каналлари орқали маълумотларнинг электрон алмашинуви бўйича технологик йўриқномаларни ишлаб чиқиш (вазирликлар, муассасалар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар электрон базаларининг ўзаро алмашинуви);

√ пенсия йиғмажилдлари ва бошқа ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида аҳолини хабардор қилиш мақсадида рубрикалар, тезислар ва мақолалар, шу жумладан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси сайтида тайёрлаш ва чоп этиб бориш.

Давлат хизматлари очиқлиги ва шаффофлигининг ошиши мамлакатимиз аҳолисининг вақти ҳамда молиявий ресурсларини иқтисод қилишга шароит яратиб беради, шунингдек давлат хизматларидан янада қулай ва дадиллик билан фойдаланишни таъминлайди. Давлат муассасалари мутахассислари билан масофадан ва бевосита учрашмасдан мулоқот ўрнатиш бюрократик тартиботлар ва ортиқча қоғозбозликларни тубдан қисқартиради.

 

Манба: www.pfuz.uz

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Бошлиқдан бадаллар

 

Иш берувчи ходимнинг ШЖБПҲга бадалларни қўшимча равишда ўтказиши мумкинми?

Назар К. Тошкент ш.

 

Ҳа, иш берувчига ўзининг маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар тўлаш ҳуқуқи берилади. Уларнинг миқдори ва уларни киритиш муддатлари жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Иш берувчининг жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини тўлаши учинчи шахсларнинг фойдасига амалга оширилиши мумкин эмас («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси).

 

Маълумот учун

Меҳнат дафтарчасининг асл нусхаси Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсияларни тайинлаш комиссияси томонидан пенсия, ижтимоий нафақа ёки бошқа тўловни тайинлаш ёхуд тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг ариза берувчига ҚАЙТАРИЛИШИ ЛОЗИМ.

 

 

Хизматчи учун стаж

 

Турмуш ўртоғим армияда 2 йил хизмат қилган. Армиядаги хизмат пенсияга чиқаётганда стажга кирадими?

Д.Азизова. Чирчиқ ш.

 

– Ҳа, ҳарбий хизмат, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш иш стажига қўшиб ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «б» банди). У тинч даврда ўтган бўлса, бир баравар миқдорда ҳисоблаб чиқарилади.

Айни пайтда ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун уч ҳисса баробарида ҳисобланиши лозим (Қонуннинг 38-моддаси «а» банди).

 

 

Маълумотнома билан тасдиқланг

 

Мен ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғиман. Унинг хизмат хусусиятини ҳисобга олиб, доим ҳам ишлай олмаганман. Эшитишимча, офицерларнинг хотинлари стажига бундай йиллар қўшиб ҳисобланар экан. Шу тўғрими?

Ф.Ботирова. Тошкент ш.

 

– Офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси ­1-қисми «з» банди).

Бироқ ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғида Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида кўрсатиб ўтилган умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда ушбу давр иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Доимий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг ва муддатидан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинларини ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақти маълумотномалар билан тасдиқланади (252-сон Низомнинг 68-банди). Хизмат Ўзбекистонда ўталган ҳолларда ушбу маълумотнома 252-сон Низомга 9-иловага мувофиқ шакл бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий органи томонидан берилади. Турмуш ўртоғингиз хизматни чет элда ўтаган тақдирда эса – 252-сон Низомга 10-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳарбий хизмат ўталган жой бўйича юқори ҳарбий қисмлар, муассасалар, ҳарбий-ўқув (ўқув) муассасалари командирлари (бошлиқлари) томонидан берилади. Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилганда аризага офицерларнинг ва муддатидан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинларини ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтини тасдиқловчи маълумотномани илова қилиш зарур.

 

 

 

Менда фикр бор

 

Ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имконияти

 

Мамлакатимизда барча соҳаларни – шу жумладан фуқароларнинг пенсия таъминотини қамраб олувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш жараёни кетмоқда.

Қонун лойиҳаларини ҚҲТБТ порталида (regulation.gov.uz) кенг муҳокама қилиш мумкин бўлди. Қонун ижодкорлигининг бундай очиқлиги ҳар бир фуқарога ўз фикрини ёки таклифини билдириш имконини берди.

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга кўра шахс пенсия олишга ҳақли. Эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлганда, аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлганда (Қонуннинг 7-моддаси).

Стаж мавжуд бўлганда шундай қилинади. Иш стажи бўлмаганларга нисбатан Қонун татбиқ этилмайди. Уларнинг ижтимоий таъминланиши тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Хусусан, ёшга доир нафақа тайинланади: эркакларга – 65 ёшда, аёлларга – 60 ёшда (Низом, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 2-илова). Ҳозир нафақа суммаси ойига 206 720 сўмни ташкил этади (20.11.2017 йилдаги ПФ-5245-сон Фармон).

Меҳнатга лаёқатли аҳолининг барчаси ҳам қатор сабабларга кўра расман ишлаш имконига эга эмаслиги сир эмас. Демак, бундай кишиларда стаж йўқ, тегишинча, суғурта бадаллари тўланмайди. Зеро уларнинг тўланиши пенсия тайинлаш ва тўлашда асосий шартлардан бири ҳисобланади. Фуқароларнинг ушбу тоифасига хусусий киракашларни, томорқасида етиштирилган мевалар, сабзавотларни сотувчиларни ёки мол боқиб, сут маҳсулотлари сотувчиларни ва бошқаларни киритиш мумкин. Уй бекаларининг меҳнатини ҳам шунга киритса бўлади.

Суғурта бадалларини ихтиёрий тўлаш механизми ишлаб чиқилиб, муваффақиятли амал қилмоқда («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси). Бунинг устига, хорижда ёлланиб ишловчилар; солиқ агенти бўлмаган иш берувчидан даромад олувчилар; якка тартибдаги тадбиркор – оилавий тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган юридик шахсни ташкил этмасдан оилавий тадбиркорлик шаклида фаолият юритувчи оила аъзолари; деҳқон хўжалиги аъзолари ҳам, унинг раҳбаридан ташқари, ҳозир Пенсия жамғармасига бадаллар тўлашлари мумкин (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

Суғурта бадалларини ихтиёрий тўловчилар қаторига иши ва унинг ҳақи доим ҳам меҳнат ва солиқ қонунчилиги назоратида бўлмайдиган аҳоли қисмини қўшиш мумкин эди. «Банд бўлмаган» ходимларнинг суғурта бадаллари тўлаш имкони нафақат қарилик чоғида пенсия ҳақида қайғуриш имконини беради, балки даромадларнинг муайян легаллаштирилиши учун туртки бўлиб хизмат қилади. Бу ҳам муҳимдир.

«Норма маслаҳатчи»да (14.11.2017 йилдаги 46-сони) қонун ҳужжатларига ишга жойлашишнинг янги шаклларини жорий этишга доир янги ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши тўғрисида ёзилган эди. Унда хорижий иш берувчилар билан шартномага кўра масофадан туриб ишловчи фуқаролар ҳақида сўз борган. Қонун лойиҳасига тузатишлар ва қўшимчалар келгусида «форматдан ташқари меҳнат»ни қонуний меҳнат муносабатлари секторига киритиш имконини берувчи ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкин эди.

Пенсия жамғармасига ЭКИҲнинг камида 1 бараварини ихтиёрий тўлаш далили пенсия олишни кафолатламаслиги аён. Ижтимоий суғуртадан ташқари, энг кам стаж тўплаш, солиқларни тўлаш сингари қоидаларга ҳам риоя этиш зарур бўлади. Мавжуд юридик тажриба базасида қатор йиллар давомида иш топа олмаётган ва хусусий йўл билан тирикчилик қилишга мажбур бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш ҳам лозим. Яъни уларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имконини бериш керак.

 

Таклифни Алла Ромашко ёзиб олди.

 

Маълумот учун

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ИХТИЁРИЙ АСОСДА иштирок этувчи ФУҚАРОЛАР шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига, шу жумладан учинчи шахслар фойдасига бадаллар миқдори ва муддатини мустақил равишда БЕЛГИЛАЙДИЛАР.

 

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 2401 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика