Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 08 / Давлат дастури ижроси

Истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдор: нималар ҳисобга олинади

 

Ушбу шарҳда истеъмол саватчаси тушунчаси ва таркиби, уни ишлаб чиқиш зарурати, МДҲнинг қатор мамлакатларида истеъмол саватчасидан фойдаланиш тажрибаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдорлар кўриб чиқилади.

 

Истеъмол саватчасининг ўзи нима ва у нима учун керак?

Содда қилиб айтганда, истеъмол саватчаси – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. Ҳамма овқатланиши, кийиниши, коммунал ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаши, зарур дори-дармонларни харид қилиши лозим ва ҳ.к. Буларнинг бари маҳсулотлар саватчасини бутлаш учун асос ҳисобланади. Унинг маълумотларидан, ўз навбатида, тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни (истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини) белгилаш учун фойдаланилади.

Республикамизда «тирикчилик учун зарур энг кам миқдор» ва «истеъмол саватчаси» тушунчаларини 2018 йилнинг 1 июлигача ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш режалаштирилмоқда. Бу 2018 йилги Давлат дастурида (Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармони билан тасдиқланган) мамлакат аҳолиси даромадларининг зарур даражасини аниқлаш учун назарда тутилган. Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул ижрочилар этиб тайинланган.

Фикримизча, истеъмол саватчасини ишлаб чиқишда – аҳолининг барча жинс ва ёшдаги гуруҳлари учун озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш нормаларини белгилашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам жалб этилиши керак.

Истеъмол саватчаси қуйидагиларнинг миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлмоғи лозим:

√ энг кам иш ҳақи ва пенсиялар;

√ базавий ижтимоий тўловлар: ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар ва б.

 

Саватча таркиби: озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар

Истеъмол саватчасига кирувчи товарлар ва хизматлар тўплами ҳар бир мамлакатда турлича. Унинг таркиби давлат даражасида белгиланади ва кўплаб омиллар: табиий-иқлим шароитлари, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш хусусиятлари, товарлар ва хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади.

Одатда истеъмол саватчаси 3 қисмдан иборат бўлади:

1 озиқ-овқат маҳсулотлари;

2 ноозиқ-овқат товарлари: кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳ.к.;

3 – хизматлар: коммунал, транспорт, маданий-маърифий ва ҳ.к.

Одатда истеъмол саватчаси аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи: меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро нормал ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва миқдорини ҳисоблаш. Ёки барча коммунал харажатларни қоплаши учун ойига қанча сумма зарурлигини.

Бунда одатда истеъмол саватчаси таркибига киши уларсиз бамайлихотир, соғлом яшаши мумкин бўлган товарлар: тамаки маҳсулотлари, алкоголли ичимликлар, деликатес (тансиқ) маҳсулотлар, зеб-зийнат буюмлари киритилмайди.

 

Истеъмол саватчасига қандай хизматлар киритилади

Хизматлар ҳам инсон учун муҳимлик даражаси ва ҳаётий зарурлигига қараб фарқланиши мумкин. Бироқ озиқ-овқат товарлари юзасидан бир қарорга келиш масаласи озми-кўпми тушунарли бўлса, хизматларнинг зарур тўпламини белгилашда саволлар юзага келиши мумкин. Аҳоли тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда қандай хизматлар тўлови ҳисоб-китобга киритилиши керак? Тўғри, биринчи навбатда, булар коммунал ва транспорт харажатларидир.

Айни вақтда, инсон ўз ҳаётий фаолиятида бошқа, долзарблиги жиҳатидан муҳим сервис турларидан ҳам фаол фойдаланади: уяли алоқа ва интернетдан фойдаланади, тиббий ёрдам, турли мутахассислар маслаҳатларини олади. Маданий-маърифий тадбирлар: театр, музейларга бориш харажатлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро киши нафақат жисмоний эҳтиёжларини қондириши, балки ақлий ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан етарли даражада ривожланиши лозим.

Шу сабабли юқорида санаб ўтилганларнинг бари ички истеъмол саватчасини ишлаб чиқишда инобатга олиниши лозим деган фикрдамиз.

 

МДҲ мамлакатларидаги истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдор

Россияда 1997 йилдаги «Россия Федерациясидаги тирикчилик учун зарур энг кам миқдор тўғрисида» ва 2012 йилдаги «Умуман Россия Федерацияси бўйича истеъмол саватчаси тўғрисида»ги қонунлар амал қилади. РФда истеъмол саватчаси ҳар 5 йилда белгиланади. Озиқ-овқат маҳсулотлари унинг ярмини (50%), ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар эса – ҳар бири чорак қисмини (25% + 25%) ташкил этади.

Қозоғистонда озиқ-овқат саватчаси илмий асосланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолининг физиологик нормалари бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Ноозиқ-овқат товарлари ва хизматларга харажатларнинг қатъий белгиланган улуши минимал истеъмол саватчаси қийматининг 45%и миқдорида белгиланади. Яъни қозоғистонликларнинг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат маҳсулотлари улуши 55%ни ташкил этади.

Қуйидаги жадвалда МДҲнинг айрим мамлакатларидаги тирикчилик учун зарур энг кам миқдор шарҳ эълон қилинган кунда ушбу мамлакатлар валюталарининг расмий курси бўйича АҚШ доллари эквивалентида кўрсатилган.

 

Давлат

 

Тирикчилик учун зарур энг кам миқдор

 

Қозоғистон Республикаси1

 

24459 танга ($ 75,44)

 

Россия Федерацияси2

(2017 йил III чорагидаги маълумотлар)

аҳоли жон бошига – 10328 рубль ($ 178)

 

меҳнатга лаёқатли аҳоли учун – 11160 рубль ($ 192,35)

 

пенсионерлар учун – 8496 рубль ($ 146,43)

 

болалар учун – 10181 рубль ($ 175,48)

 

Беларусь Республикаси3

(2017 йил IV чорагидаги маълумотлар)

меҳнатга лаёқатли аҳоли учун – 420 белорус рубли 60 тийин ($ 211,16)

 

пенсионерлар учун – 331, 82 б.р. ($ 166,59)

 

тўрт кишилик оила учун – 328, 45 б.р. ($ 164,9);

 

уч кишилик ёш оила учун – 356, 1 б.р. ($ 178,78)

 

Қирғизистон Республикаси4

(2017 йил IV чорагидаги маълумотлар)

бутун аҳоли учун – 4 864,42 қирғиз сўми ($ 71,09)

 

меҳнатга лаёқатли аҳоли учун – 5 440,04 сўм ($ 79,5)

 

пенсия ёшидаги аҳоли учун – 4355,8 сўм ($ 63,65)

 

 

Жадвалдан кўринганидек, мамлакатлар бўйича рақамлар кескин фарқланади. Бу нимадан далолат беради? Истеъмол саватчаси инсоннинг истеъмол товарлари ва хизматларга минимал харажатларидан ташкил топиши сабабли уларнинг нархлари алоҳида олинган мамлакат аҳолисининг турмуш кечириш қийматига бевосита таъсир кўрсатади. Шу тариқа, тирикчилик учун зарур энг кам миқдорнинг юқорилиги – дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, коммунал хизматлар ва бошқаларнинг қимматлигидан далолат.

Бундан ташқари, турли ижтимоий ва ёш гуруҳларининг эҳтиёжлари ҳар хил бўлади. Келтирилган жадвал пенсионерларнинг тирикчилиги учун зарур энг кам миқдор, масалан, меҳнатга лаёқатли аҳолиникига қараганда камлигини яққол намойиш этмоқда.

 

Истеъмол саватчаси таркибига таъсир кўрсатувчи омиллар

Хуллас, ички истеъмол саватчасини ишлаб чиқишда қуйидагиларни инобатга олиш зарур:

√ демографик омиллар: оилалар катта-кичиклиги ва тузилиши, аҳолининг таркиби ва жинс-ёш тузилмаси ва б.;

√ ижтимоий-иқтисодий омиллар: оилаларда озиқ-овқт маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши; барча гуруҳдаги аҳолининг эҳтиёжлари, уларнинг даромади даражаси ва б.;

√ инсон саломатлигини сақлаш ва ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган энг кам истеъмол ҳажмлари ҳамда товарлар ва хизматлар рўйхати бўйича илмий тавсиялар;

√ аҳолининг ижтимоий ҳимояланишини таъминлашга доир давлатнинг молиявий имкониятлари;

√ товарлар ва хизматларнинг реал бозор нархлари;

√ бошқа мамлакатларнинг тажрибаси ва б.

Фикримизча, юқорида санаб ўтилган барча омиллар, хориж тажрибасининг таҳлил натижалари билан бирга, Ўзбекистонда истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдор лойиҳаларининг ишлаб чиқувчилари томонидан эътиборга қабул қилинмоғи лозим.

 

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 


1Қозоғистон Республикасининг 2016 йил 29 ноябрдаги «2017–2019 йиллар учун республика бюджети тўғрисида»ги 25-VI-сон Қонуни.

2Россия Федерацияси Ҳукуматининг 08.12.2017 йилдаги «2017 йил III чораги учун умуман Россия Федерацияси бўйича аҳоли жон бошига ва аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳлари бўйича тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни белгилаш тўғрисида»ги 1490-сон қарори. 

3Беларусь Республикаси Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2018 йил 24 январдаги 8-сон қарори.

4Қирғизистон Республикасининг Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра.

Прочитано: 1440 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика